Тараққиёт йўлининг турли моделлари
Жаҳон тажрибаси шундан далолат берадики, ўз давлатчилигини қўлга киритиш, миллий ва ижтимоий озодликка эришиш ҳеч қаерда енгил ва осонликча бўлмаган. Мустақиликка эришган ҳар бир мамлакат ўз тараққиёт йўлини излайди, янги жамият барпо этишда ўз андозасини ишлаб чиқишга интилади. Дунёда ижтимоий тараққиёт йўлининг турли вариантлари мавжуд. Туркия, Жанубий Корея, Швеция моделлари ва бошқалар бунга мисолдир. Бир қанча мусулмон мамлакатлари ва янги индустриал мамлакатларнинг тажрибаси ҳам шуни кўрсатади. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Оврупо мамлакатлари ва Япония иқтисодиётини қайта тиклаш ҳам бунинг амалий намунасидир. Ўзбекистон бошқа давлатлар тараққиёти жараёнида тўпланган ва республика шароитига татбиқ қилса бўладиган барча ижобий ва мақбул тажрибалардан шак-шубҳасиз самарали фойдаланди.
Гап бирон-бир моделни, ҳатто у ижобий натижалар берган тақдирда ҳам, кўр-кўрона кўчириб олиш тўғрисида бораётгани йўқ. Аниқ-равшан воситалар ва усуллар қайси мамлакат учун мўлжалланган бўлса, ўша мамлакатнинг ўзига хос шароитидагина ижобий натижа беради.
4. Жаҳон ва ўзимизнинг амалиётимиздан олинган барча унумли тажрибани рад этмаган ҳолда ўз ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий тараққиёт йўлимизни танлаб олиш республиканинг қатъий позициясидир. Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, сохта инқилобий сакрашларсиз, фожиали оқибатларсиз ва кучли ижтимоий ларзаларсиз, эволюцион йўл билан нормал, маданиятли тараққиётга ўтиш - танлаб олинган йўлнинг асосий мазмуни ва моҳиятидир. Одамларнинг онги ва турмушига ўнлаб йиллар мобайнида, кўпинча зўравонлик йўли билан сингдирилган нарсаларни бир зумда ўзгартириш мумкин эмас. Бунинг учун ижтимоий гуруҳлар ўртасидаги муносабатларнинг кескинлашувига ва уларни бир-бирига қарама-қарши қўйишга барҳам бериш билан жамиятни янгилаш ва ўзгартириш зарурлигига одамларнинг ўзини ишонтириш, ҳаракатга келтирувчи кучларни ва меҳнатнинг рағбатлантирувчи омилларини ўзгартириш керак.
Мавжуд ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг кескинлиги, уларнинг ўзига хос хусусияти бу муаммоларни ҳал этишга алоҳида ёндашувни тақозо этади. Турмуш шароити ва тарзининг миллий хусусиятлари, Шарқ маданиятига мансублик ҳам шуни талаб этади.
Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотлар бошлангунига қадар ижтимоий-иқтисодий вазият оғир эди. Енгил-елпи, иқтисодий, “косметик” ёки кўр-кўрона у ёки бу давлатнинг иқтисодий моделига асосланган ҳолда ислоҳотларни амалга ошириш билангина бу ҳолатдан чиқиб кетиш мумкин эмас эди. Иқтисодий инқироздан чиқиш учун ҳар томонлама пухта ўйланган, бир неча давлатларнинг ижобий тажрибаларига суяниб, миллий хусусиятлар ва республикадаги мавжуд имкониятларни тўлиқ ҳисобга олиб, кенг миқёсдаги туб иқтисодий ислоҳотлар режасининг назарий асослари ва уни амалга ошириш усулларини яратиш керак деган хулосаларга келинди ва шу иш олиб берилди.
Бу масалага Биринчи Президент И. Каримовнинг қуйидаги фикрлари ойдинлик киритди: «Биз бошқа давлатларнинг ривожланиш жараёнида тўплаган ва республика шароитига татбиқ қилса бўладиган барча ижобий тажрибалардан фойдаланиш имкониятини истисно қилмаймиз, айни чоғда бирон-бир андазадан, ҳатто у муайян мамлакатларда ижобий натижаларга олиб келган бўлса ҳам, кўр-кўрона нусха кўчириш мутлақ номаъқулдир”.
5. Муайян воситалар ва усуллар қайси мамлакатлар учун мўлжалланган бўлса, улар ўша мамлакатларга хос бўлган алоҳида шароитлардагина ижобий самара бериши мумкин. Бегона, ёт андозалар сунъий равишда тиқиштирилган жойларда иқтисодий ислоҳотлар муқаррар равишда барбод бўлаверади. Бу йўл бозор иқтисодиётининг умумий томонларини эътироф этган ҳолда Ўзбекистоннинг миллий хусусиятларини ҳисобга олади. Бу йўл жаҳон тажрибасига таянган ҳолда, аммо мамлакатимизнинг миллий манфаатини, ундаги реал шароитларни ҳисобга олиб, бозор иқтисодиётига инқилобий сакрашларсиз, ижтимоий ларзаларсиз, тинчлик ва хотиржамлик шароитида, халқни ижтимоий ҳимоя қилиш орқали секин-аста, босқичма-босқич ўтилишини таъминлайди.
Бу тамойилни инкор этишлик қандай натижаларга олиб келишини Шарқий Европа танлаган йўл орқали бозор томон ҳаракат қилиш мисол бўла олади. Бу йўлда, Халқаро валюта фондининг маслаҳатларига амал қилиб, нарх-навога тезроқ эркин тус беришга, солиқ, кредит ва валюта сиёсатининг чекланган чоралари воситасида молия-пул барқарорлигига эришишга зўр берилди. "Фалаж қилиб даволаш" ("шок терапияси") усулидан фойдаланиш иқтисодиётни тоталитар тузумдан бирданига ажратиб олиш, пул-молиявий усулларни бозор муносабатларини ривожлантиришнинг ўзига хос тезлаткичига айлантиришни мақсад қилиб қўйган эди.
Бироқ бундай ёндашувнинг ижтимоий оқибати жуда оғир бўлди. Югославияда иқтисодий ислоҳотнинг амалга оширилиши (А. Маркович режаси) асосий иқтисодий кўрсаткичларни кескин равишда пасайтирибгина қолмай (1991 йилда саноат ишлаб чиқариши 20 фоиз, сармоя сарфлаш 17 фоиз камайди), федерациянинг парчаланишига, миллатлараро-этник гуруҳлар ўртасида можароларнинг келиб чиқишига сабаб бўлди. Чехословакияда ислоҳотнинг "фалаж қилиб даволаш" нусхаси (В. Клаус режаси) ҳам ишлаб чиқариш таназзулига ҳамда сармоя сарфлашнинг тўхтаб қолишига, мамлакатнинг бўлиниб кетишига олиб келди.
Бу усул Руминия ва Болгарияда пул қадрсизланишининг кучайишига, ташқи иқтисодий ва ички қарзларнинг кўпайишига, ишсизликка ва ишлаб чиқаришнинг кескин пасайиб кетишига олиб келди. "Фалаж қилиб даволаш" усулини (Л. Бальцерович режасини) Ғарб мамлакатлари ва халқаро молия ташкилотларининг фаол кўмаги билан бошқа мамлакатларга нисбатан изчилроқ амалга оширган Польшада иқтисодиёт таркибида, айниқса қишлоқ хўжалигида хусусий секторнинг улуши кўплигига қарамай, бу йўл пулнинг ҳаддан ташқари қадрсизланишига, аслида мамлакат саноатининг барбод бўлишига, ташқи қарзнинг ниҳоятда ошиб кетишига олиб келди.
Халқимизда "янги уй қурмай туриб, эскисини бузманг - бошпанасиз қоласиз", деган нақл бор. Унда республика аҳолисининг руҳияти тўла акс этган. Шуни ҳисобга олиб, Ўзбекистоннинг ислоҳотларнинг босқичма-босқич, эволюцион йўли асос қилиб олинган. Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг ўзига хос хусусияти ҳам шунда. Бир босқични тугаллаб, зарур шарт-шароитни яратиб, шундан кейингина янги босқичга ўтилади. Ҳар бир босқичда унинг ўзига хос устуворликлари шаклланади, уларни таъминлаш воситалари такомиллашади. Ҳар бир босқичнинг қанча давом этиши унда ҳал қилиниши лозим бўлган муаммоларга, ташқи омилларнинг нечоғлик қулайлигига, аҳолининг фидокорона меҳнатига боғлиқдир.
Ўзбекистонда ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида қуйидаги асосий ўзига хос хусусиятлар ва шарт-шароитлар ҳар томонлама ҳисобга олинган.
Do'stlaringiz bilan baham: |