13-Мавзу: Саноат махсулоти статистикаси.
Режа:
Саноат махсулоти тушунчаси ва статистиканинг асосий вазифалари.
Саноат махсулотининг асосий кўрсаткичлари.
Саноат махсулотининг қиймат кўрсаткичлари.
Ассартимент режасининг бажарилиш даражасини ва ишлаб чиқариш ритмини статистик ўрганиш.
Махсулот сифатини статистик ўрганиш
1.Саноат махсулоти – корхонанинг тўғри, фойдали фаолиятининг натижаси. Шунинг учун унга қуйидаги натижалар киритилмайди:
а) ишлаб чиқариш чиқиндилари – эгри натижа
б) ишлаб чиқариш браклари – фойдасиз натижа
в) сотилган ортиқча товар материал бойликлар – фаолият натижаси эмас.
Ишлаб чиқариш фаолиятининг натижаларини бахолаганда статистика махсулотнинг қандайдир битта кўрсаткичи билан чекланиб қолмайди. Махсулот ишлаб чиқариш ва сотишни ўрганиш, унинг таркиби, сифати ва ишлаб чиқариш шароитларининг тавсифи кўрсаткичлари системасидан фойдаланишни тақазо қилади. Махсулот ишлаб чиқариш жараёни қўлланилаётган технология, хом ашё ва материаллар, дастгохлар, асбоб-ускуналар, ишчи кадрлар билан таъминланганлик даражаси билан узвий боғлангандир. Шунинг учун хам статистикада қўлланиладиган саноат махсулоти статистикаси кўрсаткичлари системаси, биринчидан, режалаштиришда қўлланилаётган кўрсаткичлар системасига мос келиши керак, иккинчидан, ишлаб чиқариш якунларини тахлил қилиш имконини бериши керак.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, саноат статистикаси ўз олдига қуйидаги вазифаларни қўяди:
айрим махсулот турлари бўйича ва умуман корхона бўйича махсулот ишлаб чиқариш ва сотиш хажмини аниқлаш;
махсулот ишлаб чиқариш ва сотиш режасининг бажарилиш даражасини аниқлаш ва улар орасидаги боҚлиқликни бахолаш;
махсулот ишлаб чиқариш ва сотиш динамикасини ўрганиш;
ассортимент режасининг бажарилиш даражасини бахолаш;
махсулот сифатини бахолаш ва сифат ўзгаришларининг махсулот ишлаб чиқариш қийматига таъсирини аниқлаш.
Саноат махсулоти - корхона иш фаолиятининг фойдали натижасидир. Демак, ишлаб чиқаришдаги чиқиндилар, узиб ташланган пахта, лента, калава, хом сурп четидан чиққан ип чиқиндилари, қийқимлар, яроқсиз деб топилган тайёр махсулотлар сотилган тақдирда хам саноат махсулоти хисобланмайди. Фақатгина саноат ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлган корхона фаолияти натижаларигина саноат махсулоти хисобланади. Корхона таркибидаги ошхона, сартарошхона кабиларнинг фойдали иш фаолияти натижалари саноат махсулоти хисобланмайди.
Корхона фаолиятининг таркиби ва хажмини тўғри хисобга олиш учун унинг тайёрланиш даражасига қараб турли босқичда бўлишини инобатга олиш керак. Буни махсулот ишлаб чиқариш жараёни босқичма-босқич амалга оширилиши ва махсулот тайёр кўринишга келтирилгунча бир неча ишлаб чиқариш босқичини ўтиши билан асослашимиз мумкин.
2. Мехнат предметларига ишлаб чиқариш жараёнининг дастлабки босқичида маълум ишлов берилгач, тугалланмаган ишлаб чиқариш босқичида хисобланади. Бунга корхонанинг бирон-бир цехида ишлов берилиши охирига етказилмаган барча махсулотлар киради.
Корхонанинг бирор цехида тўлиқ ишлов берилган, лекин хали бошқа цехларда ишлов берилиши керак бўлган махсулотга ярим фабрикат дейилади. Махсулот сифатни текшириш комиссияси томонидан текширилиб, яроқли деб топилиб, маълум хужжатлар асосида ярим фабрикатлар омборхонасига ёки кейинги цехга топширилгандагина ярим фабрикат махсулот хисобланади.
Корхонада барча ишлаб чиқариш босқичларини босиб ўтиб, бошқа ишлов берилиши талаб қилмайдиган махсулот тайёр махсулот хисобланади. Тайёр махсулот, албатта, сифатни текшириш комиссияси томонидан назорат қилинган бўлиб, мана шу махсулотга нисбатан қўйилган стандартларга, техник шартларга жавоб бериши керак.
Саноат махсулотининг хажми натура, шартли-натура ва қиймат бирликларида хисобга олинади.
Агар корхонада фақатгина бир турдаги махсулот ишлаб чиқарилса, унинг хажмини дона, жуфт, килограмм, тонна, метр каби натура бирликларида ифодалаш мумкин. Махсулот хажмининг натура бирликлари, айниқса, ассортимент режасининг бажарилиш даражасини аниқлашда, махсулот турлари бўйича махсулот ишлаб чиқариш шартномасининг бажарилиш даражасини тахлил қилишда катта ахамиятга эга.
Корхонада меҳнат сарфи турлича бўлган турдош махсулотлар ишлаб чиқарилса, махсулот хажмини шартли-натура бирликларида ифодалаш мумкин. Бунда, ишлаб чиқарилаётган махсулот турларидан бири шартли равишда эталон, бирлик қилиб қабул қилинади ва қолган махсулотлар мана шу биринчи тур махсулоти кўринишига келтирилади.
3. Саноат корхонаси иш фаолиятининг натижаларини тахлил қилишда махсулот ишлаб чиқариш хажмининг ўзаро боғланган бир қатор қиймат кўрсаткичларидан фойдаланилади.
Корхона иш фаолиятини статистик ўрганишда хар бир ишлаб чиқариш цехи бўйича махсулот хажмини хисобга олиш мақсадга мувофиқдир.
Маълум давр мобайнида корхонанинг барча цехлари томонидан ишлаб чиқарилган умумий махсулот хажми ялпи ишлаб чиқариш обороти дейилади.
Ялпи ишлаб чиқариш оборотига аввалом бор, мана шу даврда ишлаб чиқарилган тайёр махсулот ва ярим фабрикатларнинг қиймати, ишлаб чиқариш характеридаги барча ишлар қиймати, дастгохларни замонавийлаштириш ва капитал таъмирлаш харажатлари, шунингдек тугалланмаган ишлаб чиқариш қолдиқларининг ўзгаришлари киради.
Хисобот даврида корхона ишлаб чиқариш фаолиятининг пул билан ифодаланган умумий қийматига ялпи махсулот дейилади. Ялпи махсулотнинг ялпи ишлаб чиқариш оборотидан фарқи шундан иборатки, у корхонанинг ички оборотини ўзида акс эттирмайди. Тўқимачилик саноати ялпи махсулоти қийматига асосий ишлаб чиқариш цехлари махсулотининг қиймати, ёндош цехлар махсулотининг қиймати, ёрдамчи цехлар махсулотининг четга сотиш учун мўлжалланган қисмининг қиймати, капитал қурилиш харажатлари, дастгохларни капитал таъмирлаш ва замонавийлаштириш харажатлари, ташқарига кўрсатилган пуллик хизматлар қиймати, тайёр махсулотни жойлаш учун тайёрланган идиш, ўраш-жойлаш материалларининг қиймати, тугалланмаган ишлаб чиқариш қолдиқларининг ўзгариши киради.
Хисобот даврида корхонада сотиш учун мўлжаллаб ишлаб чиқарилган махсулотга товар махсулоти дейилади.
Тўқимачилик саноати корхоналарининг товар махсулоти қийматига асосий ишлаб чиқариш цехлари тайёр махсулотининг қиймати, ёрдамчи цехлар махсулоти четга сотилган қисмининг қиймати, ёндош цехлар махсулотининг қиймати, ташқарига кўрсатилган пуллик хизмати, бошқа ташкилотларнинг буюртмасига кўра ярим фабрикатларнинг ташқарига сотилган қисмининг қиймати киради.
Корхонада барча ишлаб чиқариш босқичларини босиб ўтиб, тайёр махсулот кўринишига келтирилган махсулотлар, хамда сотиш учун мўлжаллаб ишлаб чиқарилган яримфабрикатлар корхонанинг тайёр махсулоти дейилади. Ташқарига кўрсатилган пуллик хизматлар қиймати тайёр махсулотга кирмайди.
Тайёр махсулотлар омборхонадан савдо ташкилотларига жўнатилиб сотилгач, корхонанинг хисоб-китоб рақамига келиб тушган тўловлар сотилган махсулот дейилади.
Сотилган махсулот қийматига асосий ишлаб чиқариш цехлари махсулотининг қиймати, ёндош цехлар махсулотининг қиймати, четга чиқарилган ярим фабрикатлар қиймати, хисобот давридан олдин жўнатилиб, хисобот даврида тўланган махсулотлар қиймати, хисобот давригача омборхоналарда сақланиб, хисобот даврида сотилган махсулотнинг қиймати, капитал таъмирлашлар харажатлари, саноат характеридаги кўрсатилган хизматлар қиймати, буюртмачиларнинг хом ашё ва материаллари хисобидан тайёрланган махсулотнинг хом ашё ва материаллар қийматини айириб ташлангандан кейинги қолган қиймати бўйича корхонанинг хисоб-китоб рақамига келиб тушган тўловлар киради.
4. Корхонада махсулот ишлаб чиқариш бўйича шартномаларнинг бажарилиш даражаси индивидуал ва агрегат физик хажм индекслари ёрдамида аниқланади.
Корхона умумий махсулот ишлаб чиқариш хажми бўйича режани ошириб бажарган бўлсада, асосий ассортиментлар бўйича натура бирликларида режани бажармаган бўлса, махсулот ишлаб чиқариш режасини бажармаган хисобланади. Чунки, корхона махсулот ишлаб чиқариш хажмини асосий махсулот турлари бўйича натура бирликларида режалаштиради ва бу кўрсаткич савдо шартномаларининг асосий кўрсаткичларидан хисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |