Нормалаштириш объектларига кўра норматив асослари меҳнат, моддий, техник ва молиявий ресурсларга тақсимланади.
Норматив асослари ишлаб чиқаришни режалаштириш ва башорат қилиш учун бошланғич нуқта бўлиб хизмат қилади. У ишлаб чиқариш харажатларини ва чиқарилаётган ҳар бир маҳсулот таннархини аниқ ва бехато белгилашга имкон беради.
Умуман олганда норма ва нормативлар биринчидан, ресурсларнинг ортиқча сарфланиши олдини олиш, иккинчидан, корхонанинг белгиланган иш тартибини таъминлаш, учинчидан чиқарилаётган маҳсулотнинг белгиланган тавсифномалардан четга чиқишининг олдини олиш, тўртинчидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва нормал меҳнат шароитларига риоя қилиш, бешинчидан эса корхона фаолиятини режалаштириш ва башорат қилиш учун маълумотлар тўпламини яратиш мақсадида ишлаб чиқилади ва белгиланади.
Норматив асосларини яратиш бўйича ишлар уни ишлаб чиқиш жойи ва қайси идора ёки бўлим томонидан ишлаб чиқилишидан қатъий назар, ишлаб чиқариш иқтисодиёти, техника ва технологияларидан яхши хабардор бўлган мутахассислар, профессионал (малакали) норматив гуруҳлари зиммасига юклатилиши лозим. Малакали ва асосланган тарзда ишлаб чиқилган норма ва нормативлар ҳаёт даври узоқ бўлиб, улар ўзгаришларга камдан-кам учрайди. Шундай бўлсада, юқорида айтиб ўтилганидек, энг яхши норма ва нормативлар ҳам вақт ўтиши билан фан-техника тараққиёти ва илғор ишлаб чиқариш тажрибалари таъсири остида қайта кўриб чиқилади.
Қисқа хулосалар
Бозор иқтисодиёти режалаштиришни ҳам, башорат қилишни ҳам инкор этмайди ва улардан аввалги буйруқбозликни чиқариб ташлаган ҳолда фойдаланишни тавсия қилади. Режалаштириш ва башорат қилиш менежментнинг функциялари бўлиб, у ёки бу вақт оралиғида бизнес стратегиясини аниқлашга йўналтирилади. Башорат қилиш режалаштиришга нисбатан кўпроқ эҳтимолий характерга эга бўлади.
Режалаштириш ва башорат қилиш доимо келажакка йўналтирилган бўлади. Улар ривожланиш истиқболларини белгилашда бир-бирини тўлдириб туради. Башорат режалаштиришнинг дастлабки босқичидир.
Режалаштириш корхонага қуйидаги вазифаларни бажариш имконини беради: биринчидан, нимани, қаерда ва қанча миқдорда ишлаб чиқариш керак, иккинчидан, ишлаб чиқариш учун қандай ва қанча ресурс ва қувватлар керак бўлади, учинчидан харажатлар қай даражада қопланади ва фойда (даромад) ҳажми қандай бўлади. Режалаштиришда хато ва камчиликлар қанчалик кам бўлса, ишлаб чиқилаётган режа ва башоратларнинг ишончли ва ҳаётийлиги шунчалик юқори бўлади.
Норма ва нормативлар режалаштиришнинг муҳим элементлари бўлиб, улар ишлаб чиқаришнинг у ёки бу мақсадларига сарфланувчи ресурсларнинг максимал ёки минмиал чегарасини белгилаб беради. Норма ва нормативлар прогрессив бўлиши ва вақти-вақти билан қонунчиликда белгиланган тартибда қайта кўриб чиқилиши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |