Асосий таянч тушунчалар:
Бозор иқтисодиёти – товар ишлаб чиқариш, айирбошлаш ва пул муомаласи қонун – қоидалари асосида ташкил этиладиган ва бошқариладиган иқтисодий тизимдир.
Бозор механизми – бозор иқтисодиётининг фаолият қилишини тартибга солишни ва иқтисодий жараёнларни уйғунлаштиришни таъминлайдиган дастак ва воситалардир.
Бозор – ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчилар (сотувчилар ва харидорлар) ўртасида пул орқали айирбошлаш жараёнида бўладиган муносабатлар йиғиндисидир.
Бозор обекти – бозорга, айирбошлаш муносабатларига жалб қилинган иктисодий фаолиятнинг натижалари ва иқтисодий ресурслар, товар, пул ва унга тенглаштирилган молиявий активлардир.
Бозор субекти – бозорнинг, айирбошлаш муносабатларининг қатнашчиларидир.
Бозор инфратузилмаси – айирбошлаш муносабатларига хизмат қилувчи муассасавий тузилмалардир. Бозор иқтисодиётига ўтиш даврининг умумий мазмуни иқтисодий муносабатларнинг алоҳида унсурларини ислоҳ қилиш ёки иқтисодий сиёсатга тузатишлар киритиш эмас, балки бутун иқтисодий муносабатлар тизимини ўзгартиришдан иборатдир.
Бозор иқтисодиётига ўтиш даври – маъмурий-буйруқбозлик тизимини бартараф этиш ёки тубдан ўзгартириш ҳамда бозор тизимининг асосларини шакллантириш жараёнлари амалга оширилувчи тарихий даврдир.
Ўтиш даври – бир иқтисодий тизимдан бошқасига, мавжуд иқтисодий муносабатлардан бутунлай бошқа, янги иқтисодий муносабатларга ўтиш тақозо қилинадиган даврдир.
Бозор ислоҳотлари – бозор иқтисодиётини ва бозор муносабатларини шакллантиришга қаратилган чора-тадбирлар мажмуидир.
Иқтисодий ислоҳотлар – иқтисодиётда туб ўзгаришларни амалга оширишга қаратилган тадбирлар мажмуи.
Иқтисодий уклад – турли мулкчиликка асосланган хўжалик юритишнинг шакллари ва турлари.
Иқтисодиётни эркинлаштириш – нима ва қанча ишлаб чиқаришни қаерга, қандай баҳода сотишни тадбиркорнинг ўзи белгилаши лозим. Иқтисодиётнинг барча соҳалари ва тармоқларини эркинлаштириш, хўжалик юритувчи субектларнинг эркинлиги ва мустақиллигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун барча шарт-шароитларни яратиш демакдир.
Ислоҳотлар консепсияси – ижтимоий–иқтисодий ислоҳотларнинг асосий мақсад ва йўналишлари, уни амалга оширишнинг вазифалари ва стратегик йўлларининг умумий ғоясидир.
Иқтисодиётни барқарорлаштириш – танглик ҳолатларига барҳам бериш асосида макроиқтисодий мувозанатликни сақлаш ва ишлаб чиқаришни юксалтириш учун шарт-шароитларни вужудга келтиришдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |