Самарқанд ҳокими ялангтўш баҳодир даври архитектураси



Download 47,44 Kb.
Sana25.02.2022
Hajmi47,44 Kb.
#306744
Bog'liq
me`morchilik Word


САМАРҚАНД ҲОКИМИ ЯЛАНГТЎШ БАҲОДИР ДАВРИ
АРХИТЕКТУРАСИ
Самарқандда ҳукмронлик қилганлар ичида шаҳар меъморчилиги ва ободончилиги ва шаҳарсозлик муҳитини ривожлантиришга ҳисса қўшган ҳукмдорлар анчагина. Улардан энг таниқлиларига Амир Темур ва Мирзо Улуғбеклар кирса, уларнинг сафларига, шунингдек Иброҳим ибн Наср Тамғачхон Қорахоний (1040-1068), Ялангтўш Баҳодир (1576-1656) ва Шоҳмурод ибн Дониёлни ҳам том маънода киритиш мумкин.
Тамғачхон Қорахоний Самарқандга ХІ асрда ҳокимлик қилиб, шаҳарни обод қилиш бўйича кўп саъй-ҳаракатлар кўрсатган ва ушбу шаҳарда бунёд эттирган иккита ажойиб иншоот: илк мадраса ва бемористон(шифохона)си билан тарихга маълумдир. Самарқанддаги илк ушбу мадраса ҳозирги Шоҳизинда меъморий мажмуаси жойлашган ҳудудда қурилган бўлса, бемористон бизгача сақланган вақф ҳужжатига кўра ҳозирги Сузангарон кўчаси бўйлаб жойлашган ва Регистон майдонига яқин бўлган.
XVI асрда Шайбонийлар даврида пойтахтнинг Бухорога кўчирилиши ва ўзаро урушлар натижасида Самарқанд нисбатан ривожланишдан орқада қолади. Шаҳар ривожланишига қайта туртки бериш учун Бухоро хони Имомқулихон пири Хожа Ҳошимнинг маслаҳати билан Ялангтуш Баҳодирни Самарқанд вилоятига ҳоким этиб тайинлайди. Бу воқеа, шаҳарнинг маданий ва иқтисодий ривожига жуда катта таъсир кўрсатади. Натижада, Ялангтушбек томонидан Шердор, Тиллокори, Даҳбеддаги Махдуми Аъзам хонақоҳи қурилгач, ундан ибрат олган сарой аъёнлари, тавонгир бойлар ва уламолар Самарқанд шаҳрида шунчалик кўп мадраса, масжид, хонақоҳ, карвонсарой, кўприк, ҳаммом каби халқ фойдаланадиган иншоотлар қуришади, гўё Амир Темур замони қайтиб келгандек таъсурот уйғонганди.
Тарихда Регистон майдони маъмурий-сиёсий аҳамиятга молик жой, халқ тўпланадиган шаҳар маркази ҳисобланган. Бу жой орқали қадимги Самарқанд — Афросиёбга Дарғомдан махсус канал орқали сув келтирилган. Сув Афросиёб жанубидан ўтган кенг ва чуқур ҳандак устидан махсус қўрғошин ариқ – акведук ёрдамида Самарқанд шаҳри(ҳозирги Афросиёб тепалиги)га оқиб келиб, Ҳазрати Ҳизр масжиди яқинида уч йўналишга бўлинган ва шаҳар даҳаларини оралаб, уни сув билан таъминлаган. Археологлар унинг изларини ҳудуддаги «Лолазор» маҳалласи, Регистон майдони ва Бибихоним мадрасаси участкаларидан топишгач, оқиб келган қумлар ҳисобига Регистон майдонида қумлоқ ҳосил бўлгани ҳақида тахмин қилишади.
Регистон майдонида илк бор ХIV аср охирида Телпакфурушон (телпак сотувчилар) номи остида марказий тим (гумбазли бозор) биноси қад кўтаради. Аммо майдоннинг дастлабки меъморий шаклланишига ХV асрда асос солинди. Бу жойда Мирзо Улуғбек ташаббуси билан 1417-1420 йилларда ўз даврининг нуфузли ўқув даргоҳи — Улуғбек мадрасаси қурилади. Унинг қаршисида Улуғбек хонақоҳи, шимолида Мирзойи карвонсаройи ва масжид бунёд этилади. Ғарб томонида ёғочдан (синчли) Муқатта масжиди ва Абусаид мадрасаси қурилиб, майдон меъморий жиҳатдан ажойиб кўриниш касб этади.
Регистон ансамбли ўша давр Ўрта Осиё шаҳарсозлиги ва меъморчилик санъатининг энг олий даражадаги кўринишида, ҳозирги тил билан айтсак, инновацион композицияси тарзида шаклланади. Бу ансамблга қадар Ўрта Осиё ўрта асрлар ансамблсозлик санъатида “жуфт” ва “қўш” ансамбллари деб номланган мажмуалар юзага келган. Ҳозирги адабиётларда Регистон ансамбли бир неча биноларни ягона майдон атрофида шакллантирилганлиги сабабли меъморий тилда “майдонча ансамбли” деб аталади.
Мазкур ансамблнинг ўз даврида тенги йўқ эди. Унинг Ўрта Осиё шаҳарсозлигида ҳозирда ҳам анологи, яъни ўхшаши йўқ. У шу қадар жозибали, шу қадар гўзалки, Регистон ансамблини ташкил этган биноларнинг меъморий тузилишидаги маҳобати, гўзаллиги ва жозибадорлиги ҳар қандай маданиятли сайёҳ (томошабин)ни ҳам лол қолдиради.
Гап ушбу иморатлар архитектурасининг ўзаро мажмуавий уйғунлашиб, ягона майдон атрофида юксак меъморий ғоя ва услуб билан жойлаштирилганлигидадир. Бундай услубнинг Амир Темур ва Мирзо Улуғбек даври шаҳарсозлик санъатининг узвий давоми десак тўғри бўлади. Бироқ, у юқорида айтганимиздек, Ўрта Осиё шаҳарсозлик санъатида Баҳодир Ялангтўш давридаги кўринишдагидек яратилмаган эди. Ялангтўш ўз даври меъморлари ва шаҳарсоз усталарининг юксак ғоявий имкониятларини тўғри тушуниб, уларнинг орзу-умидларини руёбга чиқаришга яхши шароит яратиб берди, уларни рағбатлантиради. Бундай улкан шаҳарсозлик ансамблини Амур Темурнинг Шаҳрисабздаги “Оқсарой”дан кейин Ўрта Осиё меъморчилиги тарихида учратмайсиз.
Регистон ансамблини ташкил қилган ҳар бир бинога майдон ичидан туриб қарар эканмиз, уларда яширинган сир - асрорларни илғаймиз. Бинолар пештоқи ва “қанот”ларидаги қисмлар, бурчлардаги адлқомат миноралар, ритм билан жойлашган равоқлар, тарзлардаги гўзал нақшу – нигорлар, буларнинг барчаси ўзаро бир-бирига ва айни пайтда яхлит иморат тарзига шаклан мутаносиб (пропорционал) ҳажмий ва мазмунан симметрик, меъморий ҳамоҳанг ва уйғундир. Мазкур ансамблни ташкил қилувчи ҳар бир иморатнинг гўзаллик сири ҳам айнан ана шундадир.
Самарқандда аштархонийлар даврида Ялангтуш Баҳодир таъсири сабабли қурилиш ишлари янада жонланади. Мамлакатда тинчликни ўрнатишга бўлган эҳтиёж ҳамда ташқи душманлардан мамлакат сарҳадларини ҳимоя қилиш масаласи ботир саркарда Ялангтўшбийни аввалига баҳодур сифатида танилишига, аждодларидан мерос бўлиб келаётган бунёдкорлик ишлари ўз замонасининг етук кишилари сингари ижтимоий - иқтисодий ва маданий соҳаларнинг барча жабҳаларида амалдор сифатида фаолият олиб боришига замин яратди.
Буюк шахсларнинг тарихда тутган ўрнини англаш зарурати, аввало, ушбу шахсларни персонографик жиҳатдан ҳар томонлама ўрганишни талаб қилади. Албатта, арбоблар тарихини персонографик жиҳатидан ўрганиш, шахс фаолияти ҳақида қимматли маълумотларга эга бўлиш, тарихимизнинг янги саҳифаларини очиб беришга хизмат қилади.
Ялангтўш Баҳодур кейинги фаолиятида саркардаликка чек қўйиб, Аллоҳ розилиги учун бунёдкорлик ишларига киришади. Мусулмон оламига хос бўлган амал-садақаи жория йўлини тутиб, кўпчиликка хизмат қилувчи масжид, мадрасалар қурдиради.
Ялангтўш Баҳодир даври архитектураси келадиган бўлсак, бу давр Амир Темур ва Мирзо Улуғбеклар давридан кейинги, Ўрта Осиёдаги хонликлар даврига тўғри келиб, ўшанда Самарқанд Бухоро хонлигига қарар эди. Бироқ, Ялангтўш Баҳодир Самарқандни мустақил тарзда бошқариш шарафига эга бўлган ва ҳоким сифатида эркин ҳаракат қилган.
Унинг бунёдкорлик ишлари хусусида персонографик жиҳатдан “Таворихи ал кибор” асарида қуйидаги фикрлар келтирилган: “Имомқули Баҳодурхоннинг подшоҳлиғи замонида бўлиб эрдиким, сана 1027 минг йигирма еттида иморат қилиниб эрди. Мавлоно Ялангтўш Баҳодур алчин амирларидан эрди, йигитлик замонида улуғ подшоҳларнинг хизматларида бўлиб, овозаси етти иқлимға тушуб эрди ҳар ерда ёғий у, саркаш бор эрса онинг қилич ҳайбатидан қўрқуб, онинг тиғи зарбидин қочмай туролмас эрди ва қирғиз, қозоқ ва қалмоқ, ироқ одамлари унга тобелиқ қилурға иттифоқ илинжида эрдилар. Охир подшоҳлар хизматин тарк этиб мадраса ва хоноқоҳ мисллик иморатиға холис Аллоҳ учун машғул бўлди. Андоқким таърих сана 1028 минг йигирма саккиз эрдиким Самарқанд вилоятида Улуғбек мирзонинг мадрасаси бароборида бир мадраса бино қилдиким катта ва қолинлиқ жиҳатидан таърифи баён майдониға сиғмас” (Таворих ал кибор, № С 464 185 –186 вв).
Ялангтўш Баҳодурнинг бунёдкорлик ишлари хусусидаги маълумотни Абу Тоҳирхўжанинг “Самария” асарида ҳам кўриш мумкин: “Самарқандаги мадрасалардан (ўн иккинчиси) Шердор мадрасаси. Бу мадраса (Самарқанд Регистонида) Улуғбек қаршисида, унинг кунчиқар томонидан солингандир. Ушбу мадраса 1028 (1618) йилда солинди. (У) шундай мадрасаким, буюкликдан хаёл идишига сиғмас, катталикда тавсиф айтишига тўғри келмас, баланд тоқи фалак равоқидек, чунончи офтоб шаклини асад буржига яқин қилиб, пештоқига сурат солиб, ҳар икки шерни оҳу оладиган тарзда кўрсатилган. Офтоб панжарасини далир шерлар пешонасига қўйиб турган ва икки равоқ биқинига ранглик зийнатланган, нақши нигорлик икки гумбаз тепасига гулдаста бино қилинганки, барчани ҳайратга қолдиради. Қизиқи шундаким, мадрасанинг солиниши таърихи “Ялангтўш баҳодур” топилибдир”. “Самария” асарининг изоҳига кўра, классик мусулмон астрономиясида қуёшнинг Асад буржида, яъни шер рўпарасида бўлиши саъд замон, яъни бахтиёр замонга ишора эканлиги” (Абу Тоҳирхўжа, 1991.Б.27)ни ва бу мадрасанинг 1618 йилнинг июль ойида битказилганлигини билиш мумкин бўлади.
Ялангтўш даврида Самарқанднинг аввалги жомеъ масжиди ва мадрасаси, яъни Амир Темурнинг жоме масжиди ва Бибихоним мадрасаси бузилган бўлиб, шаҳар аҳолиси шундай масжид ва мадрасаларга муҳтож эди. Бунинг устига ўша даврда Регистон майдонида Мирзо Улуғбек қурдирган мадраса таъмир талаб бўлиб қолган, Улуғбекнинг Мирзои карвон-саройи ҳароба ҳолида, Муқатта масжиди ва Улуғбек хонақоси эса буткул йўқ бўлиб кетиб, уларнинг ўрнида ва ҳозирги Регистон майдонида шаҳар бозори жойлашган эди. Ялангтўш ушбу майдонни обод ҳолга келтириш ва шаҳар аҳолисининг эхтиёжларидан келиб чиқиб, Улуғбек карвон-саройининг сақланиб қолган қисми ва пойдеворларига ўзгартиришлар киритади.
Ушбу маърифатпарвар ва саховатпеша ҳокимнинг бевосита ташаббуси ва фармони билан Регистон майдонидаги вайроналикка юз тутган ҳашаматли Мирзо Улуғбек мадрасасида таъмирлаш ишларини олиб бориш ҳамда батамом бузилиб кетган Мирзо Улуғбек қурдирган хонақоҳ, Мирзойи ҳаммоми ва карвон саройлари ўрнида иккита ҳашаматли иншоот - Шердор мадрасаси (1619-1636) ва Тиллакори мадраса-масжиди (1646-1660) бунёд этилган.
Йирик рус шарқшуноси П.П.Иванов қуйидагиларни ёзган: “Бухорода аштархонийларнинг сиёсий нуфузи тушиб кетиши ўзбек зодагонларидан бўлган алоҳида бухоро феодалларининг ҳарбий-сиёсий қудрати ошишига олиб келди, масалан Абдулазиз хоннинг машҳур амалдори (оталиғи) Ялангтўш бий, Самарқанддаги машҳур Шердор ва Тиллакори мадрасаларининг қурувчиси”.
Д.И.Эварницкийнинг қуйидагиларни ёзган: “Тиллакори масжиди бизнинг эрамизнинг 1618 йилида ўзбекларнинг Олчин уруғидан бўлган Ялангтўш Баходир томонидан қурилган. Шердор масжиди эса Абу Тохирхўжанинг гувоҳлик беришича 1616 йилда юқорида тилга олинган ўзбекларнинг Олчин уруғидан бўлган Ялангтўш Баходир томонидан қурилган ва Регистонда турган уч ажойиб биноларнинг энг ажойибидир”.
В.И.Масальский қайд этишича “Тиллакори масжиди ва мадрасаси 1647 йилда ўзбекларнинг “олчин” уруғидан бўлган Ялангтўш Баходир (Имомқулихоннинг саркардаси) томонидан қурилган”.
Регистоннинг келажагини белгилаб берган Улуғбек ғояси ва меҳнати меваси бўлмиш мадраса қаршисида 1619-1636 йилларда қад кўтарган Шердор мадрасасини Ялангтўш Баҳодир Хожа Ҳошимга бағишлаган.
Бузиб юборилган диаметри 15 метр бўлган катта гумбазли хонақоҳ ўрнида Мирзо Улуғбек мадрасасининг нусхаси сифатида унга қарама-қарши турган Шердор мадрасаси бунёд этилган. Шердор мадрасасининг пештоқи Мирзо Улуғбек мадрасаси пештоқи билан асосан бир хил, бинолар бир-бирига ўхшаш бўлса ҳам, лекин сифат ва меъморчилик жиҳатидан фарқ қилади. Мадраса ўзининг бош тарзи билан Улуғбек мадрасаси тарзига муқобил, яъни унинг қарама – қаршисида, ўртада майдон қолдирилиб, бир умумий бўйлама ўқда жойлаштирилади.
Иморатнинг ташқи ўлчови 70 метрга 57 метр, ички ҳовлисининг катталиги 30 метрга 30 метр. Тарҳи тўртбурчак, икки қаватли бинонинг бош тарзи икки қанотининг ҳар бирида қовурғали гумбаз ва минораси бор. Ҳовлиси икки қаватли ҳужралар билан ўраб олинган, уларнинг сони 52 та, ҳовлининг бурчакларида дарсхоналар жойлашган. Минора тепасига эллик олти зина билан чиқилади. Пештоқ равоғи ичкарисидаги кошинкори безак орасида қора асосли кошинга оқ ҳарфлар билан меъмор Абдужаб бор номи ёзилган.
Аммо бу обидада масжид йўқ, жануби-ғарбий дарсхона эса зиёратхона ҳисобланган, чунки унга ташқи томондан бевосита Имом Муҳаммад ибн Жаъфари Содиқ мозори мақбараси туташган.
Шердор мадрасаси фасадидаги минора ва гумбазлари Улуғбек мадрасасига ўхшаш, аммо орқа томондаги фасадлар бурчаги гулдаста миноралар билан ўралган. ХVII асрга келиб ер сатҳи маданий қатламларининг кўтарилиши туфайли ХV асрдаги дастлабки ер сатҳидан икки метрга яқин баланд кўтарилган. Ана шунинг учун бир мунча паст кўринган Улуғбек мадрасасининг қисқарган шаклидек барпо этилган. Шердор мадрасаси қурилганда ХVII аср меъморчилигига хос анча янгиликлар қўлланилган, қурилиш жараёнини тезлаштирувчи ва арзонлаштирувчи илғор усуллардан фойдаланилган. Аммо бадиий безакларнинг таъсир кучи бир мунча пасайиб кетганлиги сезилиб турибди. Лекин рангларнинг ўз ўрнида ишлатилганлиги ва айрим панноларнинг ғоят нафис бажарилганлиги бу ёдгорликни яратган меъмор ва наққошларнинг юксак маҳоратидан далолат беради.
Нақшлар бутун обида юзини қоплаган. Уларда чок, йирик хандасавий сулс, куфий ёзув нақшлари ва гул бандлари тасвирларда уйғунлашган бўлиб, фақатгина Самарқанд обидаларига хос тарзда ишланган. Айнан шу усул Самарқанд меъморий безаклар мактабини ташкил қилади.
Шердор мадрасаси пештоқига арабча матн битилган. Бу Қуръони Каримнинг “Анъом” сурасидаги 115-117 оятлардир. Унинг тепасида эса куфий хатида, яъни тўрт бурчак шаклда “Мулк Аллоҳникидир, буюклик Аллоҳга хос. Куч-қудрат Аллоҳникидир. Қувват Аллоҳникидир. Аллоҳга шукр” калималари битилган.
Мадраса пештоқида эса Баҳодир Ялангтўшнинг номи ва абжад ҳисобида катта қасида битилган:"Душман сафларини бузувчи одил Ялангтўш келди; Унинг камолоти мадҳига зўр тил дурларга тўлди; У ер юзидан шундай бир мадраса қурдики, бу билан фахрланишни фалакка қадар етказди. Доно харифнинг тафаккур камонди неча қари (1 қари-35 йил)лар ҳаракат қилсада мадраса минорининг маъносига етолмас; Меъмор унинг тоқлари эгилишини шундай қурибдирким, фалак бу янги ойни кўриб кўкдаги Ойга нисбатан хушрўйликдан бармоқ тишлаб қолади. Уни бино этган Ялангтўш Баҳодур бўлгани учун ҳам қурилган йилини абжад ҳисобида "Ялангтўш Баҳодур" деб билингиз". "Ялангтўш Баҳодур" сўзини абжад ҳисоби билан сонларга айлантирсак. Ялангтўш – 816, Баҳодир – 212, жами 1028 ҳижрий ҳисоби, мелодий ҳисобда 1619 рақамининг келиб чиқиши Шердор мадрасасининг қурилиши 1619 йилда бошланганлигига ишорадир. (Абу Тохир,1904.қайта нашр 1969. 27-бет.). Шердор мадрасаси қурилган пайтда халқ орасида ва ҳужжатларда "Ялангтўшбийнинг катта мадрасаси" деб аталган.
Аммо кейинчалик Шердор номи билан атала бошланган. Улкан пештоқ равоғи тепасидаги тимпон диққатга сазовордир: Майдондаги Шердор мадрасаси пештоқида оппоқ оҳуни қувлаб бораётган куч-қудрат тимсоли шер, табиат инъомларига нур сочиб турган Яратгувчининг оппоқ рамзий сиймоси фонда акс этган. Шер томон бошини қайириб олға интилаётган оҳулар оралиғида эса қизғиш зархал тусда ҳокимиятнинг комиллик, мустаҳкамлик рамзи тасвирланган. Бу композицион сюжет зардуштийлик ва исломий маънавий қадриятлар ифодаси саналади. Чуқур тарихий ва фалсафий мазмунга эга тасвирда Ялангтўш Баҳодирнинг этник келиб чиқишига ишора бор. Ялангтўш Баҳодир илоҳий қуёш ва шер, оҳу ва комиллик тимсолларини мадраса пештоқига муҳрлатиб, гўёки бу орқали ўз ҳокимиятининг қудратини намоён этган. Қуёш бодомқовоқ, кийик кўзли доира шаклида тасвирланган. Унинг юзи эса зарҳал ёғду билан ҳошияланган. Шер, қуёш ва оҳу тасвирлари қандай фалсафий ғояни англатишини кўплаб олимлар турлича изоҳлайди. Хусусан, олим Комилхон Каттаев бу борада шер ва кийик 12 буржлик ҳижрий йил ҳисобига шама қилинаяпти деган фикрни билдиради. Яъни, қуёш ҳижрий-шамсий йили; Шер (Асад) йилнинг бешинчи ойи; Кийик (Жаддий) эса-ўнинчи ойи; Мадраса қурилишининг бошланиши ва тугалланиши ҳам шу ойларда бўлган бўлиши мумкин(Сувонқулов.И,2007.30-бет.). Бундан ташқари, мусулмон астрономиясида Қуёшнинг Асад буржида бўлиши "Саъди замон", яъни бахтли замонга ишорадир. Бу тасвирлар Салжуқийлар, элхонийлар сулолалари ҳукмдорлари даврида ҳамда XVI-XVII асрларда Эронда ҳам кенг қўлланилган бўлиб, тангаларда зарб этилган ва байроқларда акс эттирилган. Иморатларни ясатишда қуёш ва шер суратларидан фойдаланиш янгилик бўлмай, Амир Темур Кешда қурдирган, салобати бўйича тенгсиз Оқсаройнинг 70 метрлик пештоқида, аниқроғи, баланд дарвоза тепаси ҳамда икки четида қуёш манзарасидаги шер тасвирлангани маълум. Мазкур иншоотда шер тасвири учта бўлган ва испаниялик элчи Руи Гонсалес де Клавихо уларни 1404 йили ўз кўзи билан кўрган.
Шундай қилиб, Ялангтўш Баҳодирнинг Шердор мадрасасини барпо этиш ва безаш билан боғлиқ режаси, юқорида айтилганидек, Улуғбек мадрасаси ҳамда Оқсаройдан олинган таассурот билан боғлиқ бўлган, дейиш мумкин. Негаки, Шердорнинг серҳашамлиги айнан унинг пештоқи билан белгиланади.
Кўриб турганимиздек, баъзи рус ва маҳаллий тарихчиларнинг «Шердордаги шер ва кийик тасвирлари ҳукмрон синф ва оддий халқнинг рамзий ифодасидир», - деган тўқималари бекор гап экан.
Аслида эса, Қуёш (мураббий), шер (талаба)ни оҳу (илм) сайдига ундамоқда!
Бутун композицияси зангори асосда бўлиб, фируза ва зарҳал бўёқлар билан тасвирланган ҳамда бир бирига чирмашиб кетган новдалар, очилиб ётган оқ гуллардан иборат. Ана шу ажойиб тасвир туфайли у «Шердор» номини олган, яъни «Шерларга эга бўлган» мумтоз мусулмон астрономиясида қуёшнинг Асад буржида, яъни Шер устида бўлиши саъд, яъни бахтиёр замонга ишорадир.
Дунёни қайси давлатига бориб Самарқанд ҳақида сўрасангиз, улар биринчи навбатда Шердор мадрасасини тилга олишади. Шул жиҳатдан ҳам 2007 йилда Самарқанднинг 2750 йиллик Халқаро анжумани арафасида Шердор мадрасадаги шер тасвирини шаҳарнинг рамзи сифатида ҳокимиятга тавсия қилинган. Натижада, Шердордаги шер тасвири Самарқанд рамзи сифатида қабул қилинди.
Мустақиллик йилларида буюк саркарда ва давлат арбоби Амир Темурнинг 660-йиллик юбилелари муносабати билан мадрасанинг жанубий ва шарқий фасадлари,икки минора,бош фасадини таъмирлаш, пештоқ арки тиклаш ҳамда ички ҳовлисида консервация борасида жуда катта ишлар амалга оширилди.
Мадраса ҳовлисининг декоратив безалиши ҳам унинг ташқи деворлари сингари бой ва хилма-хилдир. Мадраса деворларига битилган ёзувларга уни яратган машҳур меъморлар - уста Абду Жаббор ва ўймакор наққош Аваз Самарқандий номлари ҳам ёзиб қолдирилган. Мадраса биноси учун хонақоҳдан чиққан қурилиш материалларидан ҳам фойдаланилган.
Айтиш жоизки, мазкур битикнинг ўрта қисми тарих силсиласида турли омиллар сабаб ўчиб кетган эди. Уни маҳоратли уста-ҳунарманд Давлат Ҳакимов 2000 йилда қайта тиклашга муваффақ бўлган. Бугунги кунда ҳам обидалардаги ёзувларни ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Ялангтўшбий қурдирган Тиллакори мадрасаси ҳам XVII аср меъморчилигининг нодир намунасидир. Бу мадраса ҳақида манбада шундай келтирилади: “Шердор мадрасасидан ўн йил кейин 1051 (милодий 1641) йилда солинди. Ушбу мадраса Улуғбек ва Шердор мадрасаларининг шимолида, иккаласининг ёнидадир. Жумъа намозини Амир Темур кўрагон жомеъи хароб бўлганидан кейин, шаҳар халқи (ҳозирги қадар) Тиллокорий мадрасайида ўқийдилар” (Абу Тоҳирхўжа, 1991. Б.28). Бу мадраса жоме масжиди вазифасини ҳам ўтаган.
Битта бино таркибида иккита иморат: жомеъ масжиди ва мадраса бунёд этади (1641-1646 йил). Масжид иморати қибла тарафга, мадраса эса унинг шарқ тарафига қаратиб аввалги карвон-сарой пойдеворлари устига қурилади. Масжид биносининг бош гумбази шифтига ишланган нақшларга тилла суви югуртирилиб зарҳалланади (1660 й). Масжид хонақосининг гумбази устивон билан баланд кўтарилиб, ўша давр Самарқанд гумбазлари сафидан муносиб ўрин олади, Регистон майдонида эса у ягоналиги билан ажралиб туради. Таъкидлаш жоизки, ўша даврлар Ислом дунёси масжидларида баланд кўтарилган гумбазлар масжидларнинг “жамоли” ҳисобланган.
Мадрасани ташқи томони кўплаб сержило кошинлар, ислимий безаклар, араб ёзувидаги битиклар билан безатилган. Мадраса ички ҳовлиси тўртбурчак (томонлари деярли бир хил-43 метрдан) шаклда бўлиб, ҳовлининг уч томони ҳужралардан иборат. Ғарбий қисмида қишки масжид бунёд этилган. Масжиднинг ички қисми ўз даврида ниҳоятда гўзал қилиб безатилган бўлиб, безашда кундал услуби кенг қўлланилган. Мадраса қурилган вақтда “Ялангтўшбийнинг кичик мадрасаси” деб номлансада, унинг ички безакларига олтин ишлатилганлиги боис у халқ орасида Тиллакори , яъни олтиндан ишланган деган ном билан аталиб келинади.
Тиллакори мадрасасида араб хатида хаттотлар томонидан куфий ва сулс(Тиллакори масжидида) хатларида “Пайғамбар алайҳисалом; Масжидлар Аллоҳнинг уйлари ва масжидларнинг аҳли эса Аллоҳнинг суюклилари; -дедилар” деб ёзилган(Ўзбекистон обидаларидаги битиклар Самарқанд, 2015. 28-бет.). Тарихий манбаларда қайд этилишича Тиллакори мадрасасининг ичкарисига сарфланган олтиннинг ўзига бир катта обида қуриш мумкин бўлган.
Тиллакори мадрасасидан шаҳар жоме масжиди ва мадраса сифатида фойдаланилган. Шунинг учун масжиди (63х22 м) катта ва серҳашамлиги билан бошқа мадрасалардан ажралиб туради. Мадраса (70х70 м) га ғарбий пештоқ орқали кирилади. Пештоқ чуқур равоқли, икки қанотининг олди равоқли, икки қаватли ҳужралар, бурчакларини тенг ҳажмдаги гулдаста мезаналар эгаллаган. Масжид хонақоҳи (10,8х10,8 м)нинг пойгумбази баланд, узоқдан кўзга ташланиб туради. Унинг гумбази ниҳоясига етказилмаган. Хонақоҳ тўрига мармардан меҳроб ва зинапояли минбар ишланган.
Ўз даврида зарҳал нақшлар билан жозибадор безатилган хонақоҳнинг икки ёнини олди равоқли, гумбаз томли айвон (йўлак)лар эгаллаган. Пештоқ равоғидаги мармар тахтачада безак ишлари 1659—60 йилларда бажарилганлиги манбаларда келтирилади.
Тиллакори мадрасаси бир неча бор таъмирланган. Дастлаб 1817-йилда Бухоро амир Амир Хайдар буйруғига биноан зизлиладан зарар кўрган пештоқи қайта тикланган (лекин бу қайта тиклаш жараёнида пештоқ шакли ўзгарган). Кейинчалик, 1885-йилда таъмирланиш жараёнида зарҳал нақшлар оддий бўёқлар билан алмаштирилган. 1930-йил Тиллакори мадрасасида Самарқанд таъмирлаш устахонаси ташкил этилди, 1970-йилда Тиллакори мадрасасидаги йўқолиб кетаёзган ноёб зарҳал нақшлар усталар томонидан илмий ўрганилиб, қайта тикланди. 1974 йилда мадрасанинг пештоқ равоқи ва равоқ ичидаги қалқонсимон бағали, гулдастаси ҳамда хонақоҳ гумбази, ичидаги тилла ҳалли бўртма нақшлари қайта жилоланди. Баланд гумбази устига феруза ранг кошин билан қопланган гумбаз ўрнатилди. Бош тарзидаги безак мавзуларининг бойлиги, ички ва ташқи нақшларнинг серхашамлиги, пештоқ қаноси ва токчасидаги ироқи каштани эслатувчи безаклар, бўртма ёзувлар ўзига хосдир. 1979 йилда масжиднинг ички қисмини бўяш ва тиклаш бўйича ишлар якунланди. Ҳозирда Тиллакори мадрасасида Регистон майдонининг реставрация музейи экспозицияси жойлашган.
Равоқ бурчаклари, безакли тоқиларни тўлдиришда кошинпаз усталар турли усулларни қўллашган (ғиштларнинг майда нақшлари кошинларнинг ҳандасий ва ислимий нақшлари билан мослаштирилган). Кошинкори равокларда яшил тангачалар, сарғиш япроқлар ва феруза поялар акс эттирилган. Хонақоҳ изораси кошин намоён, девори, гумбази ва бағали кундал услубидаги серҳашам нақшларга бой. Меҳроб равоғи ва бағали муқарнас косачалар билан тўлдирилиб, зарҳал берилган ҳамда Қуръон оятларидан олинган бўртма ёзувлар билан ҳошияланган.
Эшиклар мураккаб нақш ва ёзувлар билан ёғоч ўймакорлигида пардозланган. Ҳовли сахни (50х50 м)га мармар ётқизилган. Атрофидаги ҳужраларга эшик, тобадонига панжаралар ишланган. Ҳужралар ёз кунлари ҳам салқин бўлади. Тиллакори мадрасасида музей ташкил этилган бўлиб, унда мадрасани таъмирлашга оид нарсалар сақланган.
Қурилиш ишлари 14 йил давом этди ва 1660 йилда Ялангтуш Баҳодир вафотидан сўнг тугалланди. Эҳтимол шу сабабли, мадрасанинг баъзи элементларини безаш ишлари тўлиқ амалга оширилмаган. Тиллакори мадрасаси қурилиши Регистон майдонини лойиҳалаштиришни якунлади ва Тиллакори масжид - мадрасаси тарзининг ўқи эса ушбу ўққа перпендикуляр қилиб ўтказилган. Ҳар иккала бинонинг баландлиги Улугбек мадрасасига қиёсланиб икки қаватли қилиб қурилади. Натижада, ушбу учта алоҳида қурилган иморатлар ўша майдон атрофида ўзаро муайян бир меъморий тартиб асосида жойлаштирилиб Регистон ансамблини вужудга келтиради.
Бухоро меъморчилик мактабига мансуб бўлган меъмор, майдонда жойлашган бошқа иккита мадрасанинг нисбатларини кўр-кўрона нусха кўчирмади, балки олдидаги вазифани композицион равишда ҳал қилди, асосий фасад қанотларини кенгайтирди, бу эса майдонни бўш жой билан таъминлади. Мадрасанинг асосан Бухоро услубида қурилган. У марказий майдондан ва 16 ҳужрага (икки томонида саккизтадан ва сатрда тўрттадан) қараган камар нишларга эга икки қаватли олд қанотлардан иборат. Фасаднинг симметрияси бир вақтнинг ўзида минора бўлиб хизмат қилиши мумкин бўлган, гулдаста миноралардан иборат. Асосий кириш портали учта пешайвонли чуқур бешбурчак жой билан кесишган. Мадраса ҳовлиси тўрт-айванли атрофи ҳужра билан ўраб олинган бўлиб, асосий фасади икки қаватли. Тиллакори масжидининг портал гумбазли биноси ҳовлининг ғарбий қисмида жойлашган.
Ҳовли симметриясини сақлаб қолиш учун унинг марказий ўқларида қўшимча ҳовли порталлари ўрнатилган. Масжид уч қисмдан иборат. Ўртада режада хоч шаклидаги хона мавжуд бўлиб, унда мармар меҳроб ва ўн бир поғонали мармар минбар мавжуд. Икки томондан, марказий зал ҳовли томонидан очилган устунлар устидаги галереялар билан туташган.
Мадрасанинг ташқи ва ҳовли қисмлари геометрик, гул ва эпиграфик нақшлар билан безатилган ғишт ва мозаикалар билан қопланган. Масжид деворлари ва гумбази кундал техникаси ёрдамида зарҳалдан кўп фойдаланган ҳолда расмлар билан тўлиқ қопланган.
Бизгача етиб келган ҳужжатларга кўра, мазкур икки мадрасанинг моддий таъминоти учун 11 610 таноб суғориладиган ер, 8 та дўкондан келадиган даромад вақф қилиб берилган.
Унинг вақф ҳужжатида ўзи, 1646-47 йилларда қурдирган Тиллакори ва 1618-1619 йилларда қурдирган Шердор мадрасалари учун ҳам 11610 таноб суғориладиган ер, 8 та дўкон вақф қилиб берилгани қайд этилган.
Баҳодир Ялангтуш томонидан қурдирилган Шердор ва Тиллокори мадрасаларига тегишли вақф мулклари асосан Самарқанднинг Офаринкент, Тоткент, Шовдор туманларининг Буйрачи (Бурёчи), Қораёғоч, Соғди калон, Алҳасан тепа, Оқ-тепа, Нахри Ҳайдар, Оқ Муҳаммад-сой, Атолиқ (Оталиқ), Паҳлавонҳуши, Қорасув, Ойимобод каби қишлоқ ва ҳудудларида жойлашган бўлиб, уларнинг 26 та йирик ер-мулкларидан иборат эди. Хусусан, Шовдор туманининг Ҳиндувон деган жойида жойлашган вақф мулкларини чегараларини аниқлаш учун тузилган ҳужжат ҳозирги кунгача сақланиб қолган (Чехович, 1954. 65-68-б). Шунингдек, унга қарашли айрим ер-мулклари солиқлардан ҳам озод қилинган (Чехович, 1954. 8-9-б).
Мадрасаларни сақлаш харажатлари, мударрислар маоши, талабалар нафақасида узилиш бўлмаслиги учун кўпдан-кўп экин майдонлари, карвонсарой, дўкон сингари даромадли жойларни уларга умрбод вақф қилиб берган.
Тарихий манбалар ўрта асрлар тарихига хос бўлган анъанага мувофиқ, Ялангтўшбийнинг йирик ер эгаси бўлганлигини тасдиқлайди. Баҳодир Ялангтуш шахсий мулклари жиҳатдан Бухоро ҳукмдорларидан кейин иккинчи ўринда турган. Ушбу мулкларга оид ҳужжатлар О.Д. Чехович томонидан ўрганилиб уларнинг айримлари илмий муомлага киритилган (Чехович, 1954). Ушбу тадқиқотга асосланиб Баҳодир Ялангтуш мулкларига оид ҳужжатларни қуйдаги қисмларга ажратиш мумкин:
1. Сотиб олинган мулкларга оид васиқалар;
2. Вақф мулклари;
3. Солиқлардан озод қилинганлиги тўғрисидаги фармон (ҳукмнома)лар.
Баҳодир Ялангтуш томонидан сотиб олинган мулкларга оид ҳужжатлар қаторига Хожа Ҳошим Аҳрорийнинг қизи Ойбегимнинг ер-мулкларини киритиш мумкин. Ушбу ҳужжатда келтирилишича, Ойбегимга тегишли ер-мулклар Офарикент туманининг Яримтуғ (Яримчуғ) қишлоғида жойлашган. Мулк Ойбегимнинг ишончли вакили Абдулла ўғли меҳтар Колва томонидан Бойхожа ўғли Ялангтушбийга 4300 тангага сотилган (ЎзР МДА, 323-фонд, 1-рўйхат №1197/6-7; Чехович, 1954. 3-7-б).
Бунга ўхшаш ҳужжатларда Ялангтўшбийнинг мулклари ҳақида яна бир қанча маълумотлар келтирилган бўлиб (Шаҳрисабзда 52500 тангага сотиб олинган 1100 таноб ер, Самарқанднинг Шавдор туманида Ашур қушбеги ўғилларининг бир қисм боғи ва ерининг сотиб олинганлиги, шу туманнинг Ҳиндувон деган жойидан олинган ер), улар ушбу шахснинг иқтисодий масалаларда ҳам нечоғлиқ омилкор бўлганлигидан далолат беради. Бундай ерлар ҳисобидан мадрасалар учун жуда катта миқдорда вақф тайин қилинган.
ЎзРМДА хизинасида сақланаётган И-323 фонд, 1-рўйхат, 1-китобида 1180 - 1180/9, 1181/4 йиғма жилдда Ялангтушбийга тегишли умумий ҳужжатлар бўлиб, 1197-1197/6 йиғма жилдлардаги ҳужжатларда Ялангтўшбий Баҳодурхон молу мулклари ва унга берилган ваколатлар, олди-сотди шартномалари ҳақида маълумотлар учрайди.
Ялангтуш Баҳодирнинг ўзи сотиб олган ер-мулкларидан ташқари, ҳукмдорлар томонидан иқто қилиб берилган мулклари ҳам бўлган. Бу ҳақида Б.Аҳмедовнинг Балх тарихига бағишланган тадқиқотида батафсил маълумот берилган. Муаллиф Баҳр ал-асрор асарининг Лондонда сақланадиган нусхасидаги далилларга асосланиб ёзадики, 1640 йилда Надрмуҳаммадхон Балх вилоятига қарашли Дарийи суф ҳудудини Кахмерд, Молган билан бирга ва яна тулкичи, сайканчи, зиренги, килеги, хазора-никудари каби уруғлар яшайдиган юртларни Ялангтуш Баҳодирга иқто сифатида тақдим этган.
Ғазна ва Қандаҳоргача бўлган ҳудудни ўз ичига олган Гарчистон иқтоъ (катта ер-мулк) тарзида Ялангтуш Баҳодирга инъом этилган эди. Ўша даврларда юртимизга келган рус элчиси Анисим Грибов (1641) ҳам Ялангтушбийга тегишли иқтоъ ҳудудларини юқоридагидек тартибда баён қилган эди. Унинг ахборотида шуни ўқиш мумкин: «Балхдан солиқ йиғиш учун Ҳиндистон давлати сарҳадларида жойлашган Ҳиндикуш қишлоқларигача борилади. Балхдан то Ҳиндикуш бағридаги ҳинд қишлоқларига олиб борувчи йўл отлиқ учун 7 кун, туяда эса 14 кунлик йўлдир. Балх ва Ҳинд сарҳадлари оралиғидаги қишлоқлар, шаҳарлар Бухоро ва Балх хонларининг яқин кишиларидан бўлмиш Амир Ялангтушнинг мулки ҳисобланади». «Баҳр ул-асрор» муаллифи Ялангтушни хондан кейин иккинчи энг бадавлат шахс деб таърифлайди, унинг мол-мулки миқдорини эса давлат хазинаси билан қиёслайди.
Садақаи жория амалларидан яна бири, инсон вафотидан кейин солиҳ ва солиҳа фарзандлар ота-онаси ишларини давом эттиришдир. Ялангтўш баҳодурнинг уч фарзанди: бир ўғил (Бойбек) ва икки қизи (Иқлима бону ва Ойбиби) ҳақида маълумотлар бор ( Yalangto’sh Bahodir. wikipedia.org.). Ўғли Бойбек Ялангтўш баҳодур ҳаётлиги чоғида вафот этганлиги сабабли (балки шу воқеа сабаб саркардалик ишидан воз кечган бўлиши мумкин), унинг Регистондаги ободончилик ишларини қиз фарзандлари давом эттирган.
Ялангтўш Баҳодир даврида Самарқанд архитектураси ва шаҳарсозлигидаги ўзгаришлар бу ердаги Амир Темур ва Мирзо Улуғбеклар давридаги ривожланишлардан ўзининг сифат даражаси ва ғоявий яхлитлиги билан кам бўлмади. Ялангтўшбий қурдирган бу икки мадраса Самарқандда Регистон майдонининг яхлит ансамбли бўлиб шаклланишига олиб келди. Айнан ансамблсозлик санъати жиҳатидан улардан ўзиб кетди ва янги ғоявий ечимлар юзага келди. Ўрта Шарқнинг бошқа шаҳарлари ( Ҳирот, Агра, Деҳлида) ҳам шаклланади. Бугунги кунда ўтмишимиз фахри, аждодларимиз ғурури, сайёҳлар макони бўлган бу макон ҳаммани ҳайратлантириб, ўзининг маҳобатини намойиш этиб турибди.
Регистоннинг ўзига хос «дренаж» тизими мавжуд бўлиб, Мирзо Улуғбек даврида мадраса, карвонсарой, хонақоҳ ва бошқа меъморий ёдгорликлар мажмуаси майдонида баҳорги ва қишки ёғингарчиликдан тўпланадиган сувни ташқарига чиқариб ташлаш учун тегишли эҳтиёт чораси кўрилган. Бу ишлар махсус акведуклар ёрдамида амалга оширилган. Акведук пишиқ ғиштдан аркасимон шаклда қурилган. Унинг поли устига сопол қувур ётқизилган, яъни ўша даврдаги ер ости канализацияси Регистон майдонидан ғарбга томон, машҳур Кўксарой қалъаси шарқидан ўтган қадимги сойга уланган. Улуғбек замонасидаги қурилиш объектларининг ўзига хос композицияси мадрасанинг кошинкор деворлари қуриб, эркин «нафас» олиш имкониятига эга бўлган.
Ялангтўшбий Регистон майдонида ҳар хил иморатлар қуриб аралаштириб юбормай, фақатгина бир хил обидалар гулдастасини барпо этишга интилган.
Самарқанд шаҳри тарихи ҳақида маълумот берувчи “Самария” асарининг “Самарқанд ва унинг атрофидаги сербаракот мозорларнинг аломатлари ва уларнинг номлари баёни ва машҳур сифатлари тўғрисида”ги бобида “Самарқанд шаҳрининг ичидаги Шердор ва Тиллокорий мадрасаси ва жамеъаларнинг эгаси Ялангтўшбий оталиқ даҳбедликлар силсиласига дохил бўлиб, унинг ўғли шайх Ҳошимнинг муриди бўлганлиги” айтиб ўтилади. Ялангтўш Баҳодур Шердор ва Тиллакори иншоотларидан ташқари Даҳбедда махдуми Аъзам шарафига 1618 йилда мозорининг жануб томонида кенг ва юксак бир даҳмали хонақоҳ, икки масжид, қирқ ҳужрали мадраса бунёд эттирган (афсуски мадраса бизгача етиб келмаган). Мозорни ўраб турган девор ва равоқли дарвозани эса сўз кетаётган даврнинг яна бир забардаст давлат арбоби Нодир девонбеги (1568-1644) қурдирган.
Хонақоҳнинг шимолий қисмидаги, 17,6 метрга 16,6 метр ўлчовдаги деярли квадрат шаклга эга даҳма Самарқанднинг кулранг мармаридан ишланган бўлиб, баландлиги — 1,55 метр, бурчаклари мармар яримустунлар билан безатилиб, Қуръон оятлари билан зийнатланган. Ялангтўш Баҳодирнинг Хожа Ҳошимнинг икки ўғлига турмушга чиққан қизлари — Иқлимабону ва Ойбибининг қабрлари ҳам шу ерда.
У ўз васиятига кўра, ўзи қурдирган Даҳбеддаги Махдуми Аъзам хонақоҳига, пири Хожа Ҳошимий Даҳбедий (Махдуми Аъзамнинг авлоди) қабрининг оёқ томонига дафн этилади. Амир Ялангтўшбий шундай васият қилган экан: “Мени пирим Ҳазрати Хожа Ҳошимий Даҳбедийнинг оёқ томонларига қўйингиз; пиримнинг зиёратларига келувчилар менинг қабримни босиб ўтсинки, мен пиримга ярашгулик хизмат қила олмадим”. Ялангтўш Баҳодурнинг қизлари-малика Иқлима Бону ва малика Ойбибининг қабрлари ҳам отаси қабри каби Махдуми Аъзам хонақосидадир. Бундан ташқари бу ерда Афғонистон шоҳлари Ҳидоят ибн Шохқосим, Шох Саодат (улар ХVII асрнинг иккинчи ярмида вафот элишган), Амир Султонқулилар ҳам дафн этилган. Гўри Мир мақбарасини ҳисобга олмаганда бошқа бирор жойда бир пирнинг оёқ остида бунчалик кўп ҳукмдорлар ётишмаган.
Ҳозирги Маҳдуми Аъзам авлодларининг Хожакалоний табақасининг баъзилари ота томондан Махдуми Аъзам авлоди бўлишса, она томонидан Ялангтушбий Баҳодир авлоди ҳисобланишади.
Барча замонларда буюк ишлар улуғ шахслар томонидан амалга оширилган. Аштархонийлар сулоласи ҳукмронлиги йилларида Ялагтўш баҳодур томонидан амалга оширилган хайрли ишлар ва барпо этилган иншоотлар давр маҳобатини кўз-кўз қилиб, илму маърифатли аждодларимиз ақл заковати даражасини исботлаб турибди. Шубҳасиз, шулар сингари Ялангтўш Баҳодур Марказий Осиё ижтимоий сиёсий ва маданий ҳаётида муҳим ўрин тутади.
Самарқанд шаҳри тўрт марта қайта обод этилгандир: 1.Чингиз босқинидан сўнг Соҳибқирон Амир Темур шаҳарни қайта тиклатади ва унга улуғвор обидалар қурдирди; 2.Мирзо Улуғбек даврида шаҳарнинг бошқа мавзеларида ободонлаштиришлар қаторида Регистон майдонига асос солиниб, мавзеда мадраса ва бошқа юксак обидалар қурилади; 3.Амир Ялангтуш Баҳодир даврида улуғвор Шердор ва Тиллокорий мадрасалари қурилиб, Регистон майдони буткул шакллантирилади ҳамда Ялангтушбекдан ўрнак олган аъёнлар, олиму уламолар ўз ҳисобларидан мадраса, масжид, ҳаммом, кўприк, шифохона каби ўнлаб халқ фойдаланадиган иморату обидалар қуриладиким, бунақа ҳол фақатгина Темур ва Улуғбек даврларигагина хос ҳол эди; 4.Самарқанднинг кейинги тикланиши Манғит ҳукмдори Амир Маъсум – Шоҳмурод даврига тўғри келган. Бу даврда урушу қаҳатчилик натижасида шаҳар кимсасиз ҳувиллаб қолган эди. Амир Маъсум шаҳарни қайта тирилтириб, турли юртлардан халқларни кўчиртириб келади, обидалар қуради, бузилганларини таъмирлаб вақфларини тиклатади.
Тарихда Ялангтушбий Баҳодир нафақат машҳур лашкарбоши, сиёсий арбоб сифатида, балким “Ер юзининг сайқали бўлмиш Самарқанд шаҳрининг замонасидаги бинокори” ному сифати билан ҳам машҳур бўлгандир.
Тарихда уч машҳур ҳукмдор - Амир Темур, Улуғбек Мирзо ва Амир Ялангтуш Баҳодир ўзлари қурдирган меъморчилик обидалари билан шаҳримиз Самарқандни «Ер юзи сайқали»га айлантиришган. Амир Темур Самарқандни пойтахтга айлантириб, нақшинкор бинолар силсиласини қуришни бошлаб берган бўлса, шаҳарнинг юраги ҳисобланган Регистон майдони Улуғбек Мирзо даврида вужудга келган (у вақтда бу майдон «Сардавонак» деб аталиб, тахминан «Сари жўйи давонак» (Тез оқар ариқ боши) маъносидадир. Улуғбек бу майдонда мадраса, хонақоҳ ва карвонсарой каби уч бинодан иборат ўзига хос обидалар гулдастасини яратади.
Ўз даврида, Ялангтуш Баҳодир ҳам Улуғбекнинг қурдирган бу бинокорлик мажмуаси тузилишини бузмади.
Дарҳақиқат, Самарқанд шаҳрини тиклатган буюк ҳукмдорлар ичида Яланттушбек Баҳодир тарихда ўзининг алоҳида ўрнини эгаллади.
Ялангтуш Баҳодир даврида маданият ниҳоятда ривожланиб, ўнлаб обидалар қурилди. Унинг даврида Самарқанднинг ўзида шунчалик кўп мадрасалар қурилдики, ўрта асрларда бунақа ҳол кам учрарди.
Ялангтўш Баҳодирнинг номини абадийлаштирган омил унинг сиёсий-ҳарбий фаолияти, гўёки тугамас бойлиги эмас, балки Ер юзининг сайқали саналмиш Самарқанддаги Регистон майдонида қурдирган икки бино — Шердор ва Тиллакори мад расалари билан боғлиқ.


Download 47,44 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©hozir.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling

kiriting | ro'yxatdan o'tish
    Bosh sahifa
юртда тантана
Боғда битган
Бугун юртда
Эшитганлар жилманглар
Эшитмадим деманглар
битган бодомлар
Yangiariq tumani
qitish marakazi
Raqamli texnologiyalar
ilishida muhokamadan
tasdiqqa tavsiya
tavsiya etilgan
iqtisodiyot kafedrasi
steiermarkischen landesregierung
asarlaringizni yuboring
o'zingizning asarlaringizni
Iltimos faqat
faqat o'zingizning
steierm rkischen
landesregierung fachabteilung
rkischen landesregierung
hamshira loyihasi
loyihasi mavsum
faolyatining oqibatlari
asosiy adabiyotlar
fakulteti ahborot
ahborot havfsizligi
havfsizligi kafedrasi
fanidan bo’yicha
fakulteti iqtisodiyot
boshqaruv fakulteti
chiqarishda boshqaruv
ishlab chiqarishda
iqtisodiyot fakultet
multiservis tarmoqlari
fanidan asosiy
Uzbek fanidan
mavzulari potok
asosidagi multiservis
'aliyyil a'ziym
billahil 'aliyyil
illaa billahil
quvvata illaa
falah' deganida
Kompyuter savodxonligi
bo’yicha mustaqil
'alal falah'
Hayya 'alal
'alas soloh
Hayya 'alas
mavsum boyicha


yuklab olish