3. Инвестиция лойиҳаси иқтисодий таҳлилида манфаатлар ва харажатларни ўлчаш услублари
Лойиҳадан олинадиган манфаат (фойда)ни доим ҳам тўлиқ миқдорий баҳолаш мумкин эмас. Масалан, лойиҳа натижасида йўл ҳаракати хавфсизлиги ёки тиббиёт хизмати яхшиланиши туфайли аҳоли соғлиғи яхшиланишини баҳолаш жуда қийин. Агар лойиҳа умумий фойдаланиш учун қулайлик яратса (тозалаш иншоотлари, жамоат марказлари), олинадиган манфаатни алоҳида истеъмолчининг тўлашга тайёрлиги тўғрисидаги маълумотга асосланиб баҳолаб бўлмайди. Ресурслар ҳудудий тақсимланишининг яхшиланиши, мамлакат ичидаги (миллий) интеграциянинг кучайиши каби лойиҳадан олинадиган бир қанча ўлчаб бўлмайдиган манфаатлар мамлакат ичида ресурсларни жойлаштиришда муҳим роль ўйнайди.
Олинадиган фойдани миқдорий ўлчаш мумкин бўлмаган ёки уларни сифат жиҳатдан қисмангина баҳолаш мумкин бўлган ҳолларда бошқача ёндашувлар қўлланилади. Бундай ёндашувлардан бирига лойиҳа натижасида унинг яроқлилигини таъминлайдиган фойда-манфаатлар минимумини олиш эҳтимолини таҳлил қилиш керак. Иккинчи ёндашув у ёки бу хизматни кўрсатиш учун бажарилиши шарт деб ҳисобланган, илгаридан ўрнатилган физик ёки қиймат меъёрларига асосланиш ҳисобланади (масалан, йўлга асфалт ётқизиш харажатлари 1 км.га X сўмдан ортмаслиги керак, биринчи ёрдам кўрсатувчи пунктгача бўлган масофа У км. дан ошмаслиги зарур).
203
Ўлчаш муаммолари тармоқлар бўйича фарқ қилади. Масалан, таълим, соғлиқни сақлаш ва умумий овқатланиш соҳаларида даромадга асосланган манфаат мезонлари яроқсиз бўлиб қолади, яъни улардан фойдаланиб бўлмайди.
Бу ҳолларда ёки энг кам харажатлар услубидан ёки техник кўринишдаги муаммолар учун (масалан, мактаб қуриш учун қулай меъёрларни аниқлашда) харажатлар самарадорлиги услубидан фойдаланиш мумкин.
Харажатлар самарадорлиги таҳлили бир неча муқобил вариантлардан қўйилган вазифа бажарилишини таъминлайдиган энг арзон лойиҳани танлаб олиш учун қўлланилади.
Баъзи ҳолларда манфаатлар фақат физик кўринишда бўлади ва шу сабабли уларни молиявий харажатлар билан таққослаб бўлмайди. Бундай ҳолларда юқоридаги услубларни қўллашдан бошқа имкон ҳам бўлмайди.
Харажатлар самарадорлиги таҳлили қўйилган вазифани ҳал этишнинг энг самарали йўлини танлаш учун қўлланилади. Бу таҳлилга лойиҳага қилинадиган барча харажатларни тегишли яширин баҳолар асосида калькуляция қилиш ва уларнинг келтирилган қийматини топиш учун олинган харажатлар оқимини дисконтлаш киради.
Бу тадбир лойиҳани амалга оширишнинг барча вариантлари бўйича ўтказилади. Кўзда тутилган натижаларга энг кичик дисконтланган харажатлар билан ёки маҳсулот бирлигига энг кам харажатлар билан эришишни таъминлайдиган лойиҳа энг яхши ҳисобланади. Бу мезон барча лойиҳалар лойиҳа мақсадини сифат жиҳатларидан бир хилда қондиради, деган шартга асосланади. Агар лойиҳа бўйича кўрсатиладиган хизматлар сифатида фарқ бўлса, энг маъқул вариантни аниқлашда бу ҳол кўзда тутилмоғи лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |