Bog'liq 22-Инвестицион-лойиҳалар-таҳлили.-Ўқув-қўлланма.-С-2019
3. Инвестиция имкониятларини қидиришни ташкил қилиш
Инвестиция лойиҳалари учун ғояларни қидириш ва улар орасида мақбулини танлаб олиш жуда мураккаб ҳамда масъулиятли вазифадир. Биринчидан, бу муаммони ечиш учун лойиҳани вужудга келтиришдан ким мафаатдор эканлигини билишимиз зарур. Агар бу лойиҳа ишлаб турган корхона учун бўлса, унда инвестиция концепцияси шу тармоқда йиғилган тажриба, ундаги ходимларнинг малакаси, бозор муаммолари маълум маънода белгилангандир. Бу корхоналарни бошқарувчи идоралар ҳам инвестиция концепциясини вужудга келтиришда қийналмайдилар. Улар учун бундай лойиҳани амалга ошириш зарурати, корхона маҳсулотлари ҳозирча мавжуд талабни етарлича қондира олмаслиги ёки шу тармоқ шу даврда устувор тармоқ эканлиги ҳам белгилаб берилади.
Халқаро тажрибада турли соҳадаги корхоналар учун инвестиция концепцияларини излаб топиш учун асос бўлиб хизмат қиладиган дастлабки шарт-шароитларнинг қуйидаги таснифи (классификацияси) қабул қилинган:
ишлаб чиқариш ёки қайта ишлаш учун зарур бўлган фойдали қазилмалар ресурсларининг мавжудлиги;
қишлоқ хўжалигининг агросаноат комплекси доирасида амалга оширилиши мумкин бўлган лойиҳалар доираси ҳамда потенциалини белгилаб берувчи имкониятлари ва анъаналари;
ижтимоий-иқтисодий ва демографик омиллар таъсирида ёки бозорда янги товар вужудга келиши натижасида талаб ҳажми ва таркибида келажакда бўлиши мумкин бўлган ўзгаришларни баҳолаш (масалан, радиотехниканинг ривожланиши грампластинкалар ишлаб чиқарувчи корхона учун инвестиция концепцияларини яратишда туртки бўлиб хизмат қилади);
-импорт тузилмаси ва ҳажми. Бу кўрсаткичлар импорт ўрнини босувчи ишлаб чиқаришларни яратишга йўналтирилган лойиҳаларни вужудга келтиришга туртки бўлиши мумкин;
-ўхшаш ресурслар ва ижтимоий-иқтисодий даражага эга бўлган давлатларнинг ишлаб чиқариш тузилмасини ривожлантириш
68 бўйича тажрибалари ва анъаналари;
-миллий ёки жаҳон иқтисодиёти доирасида истеъмолчи тармоқларда юзага келган ёки келиши мумкин бўлган эҳтиёжлар;
-истеъмолчи тармоқларда ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш режалари тўғрисидаги ёки ишлаб чиқарилган маҳсулотга жаҳон бозорида талабнинг ўзгаришини характерловчи ахборотлар;
-ягона хом ашё базасида турли хил маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг маълум ва янгидан топилган имкониятлари;
-оммавий ишлаб чиқаришдан иқтисодий тежамкорликка эришиш мақсадида ишлаб чиқариш кўламларини кенгайтириш;
-умумиқтисодий шарт-шароитлар (масалан, ҳукумат томонидан қулай инвестиция муҳитининг яратилиши, миллий валюта алмашинув курсининг ўзгартирилиши натижасида экспорт имкониятларининг яхшиланиши ва ҳ.к.).
Юқорида келтирилганлар лойиҳаларни инвестициялаш учун умумий шарт-шароитлар ҳисобланади. Бу шарт-шароитлар ҳали лойиҳаларни ташкил этиш учун тўлиқ асос бўла олмайди. У ёки бу лойиҳа концепциясининг кейинги босқичларини давом эттириш ёки эттирмаслик учун мутахассисларнинг чуқур таҳлили натижалари зарур бўлади. Молиявий манбалардаги ахборотлар етарли бўлишига қарамай, инвестор ўзича бирор қарорга келишдан хавфсирайди. Бундан ташқари турли таҳлилларга сарф этиш учун унинг вақти ҳам йўқ. Шунинг учун инвестор ҳар хил консультантларга мурожаат этишни лозим кўради. Инвестиция бўйича консультантлар шундай шахс ёки фирмаларки, уларнинг асосий вазифаси ўз мижозларига маблағларни қайси лойиҳага сарф этишни тавсия этишдан иборат.