1. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари неча ёшдан бошлаб сайлаш ҳуқуқига эга бўладилар?
Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуни 4-моддасига асосан Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга.
2. Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига сайланиш бўйича қандай талаблар белгиланган?
Ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган ҳамда бевосита сайловгача камида ўн йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига сайланиш ҳуқуқига эга.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига неча ёшдан бошлаб ва кимлар сайлниш ҳуқуқига эга?
Сайлов куни йигирма беш ёшга тўлган ҳамда камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайланиш ҳуқуқига эгадирлар.
4.Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига қанча муддатга нечта депутат сайланади?
Ўзбекистон Республикаси “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик сайлов тўғрисида”ги қонуни 1-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси беш йил муддатга сайланадиган бир юз эллик депутатдан иборат.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси бир юз эллик депутатнинг нечтаси партиялардан ва нечтаси Ўзбекистон экологик ҳаракатдан сайланади?
Қонунчилик палатасининг бир юз ўттиз беш депутати ҳудудий бир мандатли сайлов округлари бўйича кўппартиявийлик асосида умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан сайланади.
Ўзбекистон экологик ҳаракатидан Қонунчилик палатасининг ўн беш депутати мазкур ҳаракатнинг олий органи (Конференцияси) томонидан сайланади.
5.Қонунчилик палатасига сайлов ўтказиш учун нечта ҳудудий сайлов округи тузилади?
Қонунчилик палатасига сайлов ўтказиш учун бир юз ўттиз бешта ҳудудий сайлов округи тузилади. Ҳар бир сайлов округидан битта депутат сайланади.
6. Қандай ҳолларда Қонунчилик палатаси депутатининг такрорий сайлови ўтказилади?
Қонунчилик палатаси депутатининг такрорий сайлови қуйидаги ҳолларда ўтказилади:
а) агар сайлов округида сайлов ўтмаган ёки ҳақиқий эмас деб топилган бўлса;
б) агар такрорий овоз бериш Қонунчилик палатасига депутат сайланганлигини аниқлаш имконини бермаган бўлса;
в) агар сайлов округи бўйича депутатликка кўпи билан икки номзод овозга қўйилган ва улардан биронтаси ҳам сайланмаган бўлса.
Қонунчилик палатаси депутатининг такрорий сайлови Марказий сайлов комиссиясининг топшириғига биноан округ сайлов комиссияси томонидан ўтказилади.
Қонунчилик палатаси депутатининг такрорий сайлови асосий сайловдан кейин кўпи билан бир ойлик муддат ичида ўтказилади.
7. Сайлов ҳуқуқининг ёки ишончли вакиллар ваколатларининг амалга оширилишига тўсқинлик қилиш қонунчиликда қандай жазо белгиланган?
Фуқароларнинг депутат ёки Ўзбекистон Республикаси Президентини сайлаш ёки сайланиш, сайловолди тарғиботи олиб бориш ҳуқуқларини, депутатликка ёки Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод шахснинг ишончли вакиллари ўз ваколатларини эркин амалга оширишларига, шунингдек фуқароларнинг референдумда эркин иштирок этишларига зўрлик ишлатиш, қўрқитиш, алдаш ёки оғдириб олиш йўли билан тўсқинлик қилиш —уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки олти ойгача қамоқ ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.