2. Декларациянинг мазмуни.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси Муқаддима ва 30 моддадан иборат. Улардан 21 та моддаси фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқларга, 6 таси истисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларга, 1 та модда (29-модда) эса мажбуриятларга бағишланган ва 2 та модда эса, эълон қилинган ҳуқуқларни қўлланишига бағишланган.
Декларациядаги фуқаролик (уни кўпинча “шахсий ҳуқуқлар” деб ҳам атаймиз) ҳуқуқлари гуруҳига қуйидаги ҳуқуқлар киради: яшашга, эркинлик ва шахсий даҳлсизликка бўлган ҳуқуқ (3-модда); қулликдан ёки эрксиз ҳолатда сақланишдан эркин бўлиш ҳуқуқи (4-модда; Ҳеч ким қийноққа ёки шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни хўрловчи муомала ва жазога дучор этилмаслиги керак (5-модда); ҳар бир инсоннинг қаерда бўлишидан қатъи назар, ўзининг ҳуқуқ субъекти сифатида тан олинишига ҳақлилиги (6-модда); барча одамлар қонун олдида тенглиги ва ҳеч бир тафовутсиз қонун билан тенг ҳимоя қилиниш ҳуқуқига эгалиги. Барча одамлар ушбу Декларацияга зид бўлган ҳар қандай камситишдан ва шундай камситишга ундайдиган ҳар қандай гиж-гижлашдан тенг ҳимоя қилиниш ҳуқуқига эгалиги (7-модда); ҳар бир инсоннинг унга конституция ёки қонун орқали берилган асосий ҳуқуқлари бузилган ҳолларда нуфузли миллий судлар томонидан бу ҳуқуқларнинг самарали тикланиши ҳуқуқига эгалиги (8-модда); асоссиз қамалиш, ушланиш ёки қувғин қилинишдан эркинлик (9-модда); ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва бурчларини белгилаш ва унга қўйилган жиноий айбнинг қанчалик даражада асосли эканлигини аниқлаши учун тўлиқ тенглик асосида унинг иши ошкора ва адолат талабларига риоя қилинган ҳолда мустақил ва холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқига эгалиги (10-модда); ҳар кимнинг айбсизлик презумпциясига бўлган ҳуқуқи (11-модда); ҳеч кимнинг шахсий ва оилавий ҳаётига ўзбошимчалик билан аралашиш, уй-жойи дахлсизлигига, унинг ёзишмаларидаги сирларга ёки унинг номус ва шаънига ўзбошимчалик билан тажовуз қилиниши мумкин эмаслиги. Ҳар бир инсоннинг худди шундай аралашув ёки тажовуздан қонун орқали ҳимоя қилиниш ҳуқуқига эгалиги (12-модда); ҳар бир инсоннинг ҳар бир давлат доирасида эркин юриш ва яшаш жойи танлаш ҳуқуқига, ҳар бир инсоннинг ҳар қандай мамлакатдан, хусусан ўз мамлакатидан чиқиб кетиш ва ўз мамлакатига қайтиб келиш ҳуқуқига эгалиги (13-модда); ҳар бир инсоннинг таъқиб туфайли бошқа мамлакатлардан бошпана излаш ва ўша бошпанадан фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги (14-модда); ҳар бир инсоннинг фуқаро бўлиш ҳуқуқи борлиги ва ҳеч ким ўзбошимчалик билан ўз фуқаролигидан ёки ўз фуқаролигини ўзгартириш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин эмаслиги (15-модда); никоҳдан ўтишга ва оила қуришга бўлган ҳуқуқ ва уни икки томоннинг эркин ва тўлиқ розилиги асосида тузилиши (16-модда); ҳар бир инсоннинг мулкка эгалик қилиш ҳуқуқига эгалииг (17-модда); ҳар бир инсоннинг фикр, виждон ва дин эркинлиги ҳуқуқига эгалиги (18-модда); ҳар бир инсоннинг эътиқод эркинлиги ва уни эркин ифода қилиш ҳуқуқига эгалиги (19-модда).
Декларациядаги сиёсий ҳуқуқлар гуруҳига қуйидаги ҳуқуқлар киради: инсон тинч йиғинлар ўтказиш ва уюшмалар тузиш ҳуқуқиг (20-модда); ҳар бир инсоннинг бевосита ёки эркин сайланган вакиллар воситаси орқали ўз мамлакатини бошқаришда қатнашиш ҳуқуқи, давлат хизматига киришда тенг ҳуқуққа эгалиги (21-модда).
Декларациядаги иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар гуруҳига қуйидаги ҳуқуқлар киради: ҳар бир инсоннинг жамият аъзоси сифатида миллий куч-ҳаракатлар ҳамда халқаро ҳамкорлик воситасида ва ҳар бир давлатнинг тузилиши, шунингдек, ресурсларига мувофиқ ижтимоий таъминотга ва ўзининг қадр-қимматини сақлаш, шахсининг эркин ривожланиши учун зарур бўлган иқтисодий, ижтимоий ва маданий соҳалардаги ҳуқуқини амалга оширишга ҳақлилиги (22-модда); ҳар бир инсоннинг меҳнат қилиш, ишни эркин танлаш, адолатли ва қулай иш шароитига эга бўлиш ва ишсизликдан ҳимоя қилиниш ҳуқуқига; ҳеч бир камситишсиз тенг меҳнат учун тенг ҳақ олиш ҳуқуқига; ўзи ва оиласи учун инсонга муносиб яшашни таъминлайдиган адолатли ва қониқарли даромад олишга, зарур бўлганда ижтимоий таъминотнинг бошқа воситалари билан тўлдирилувчи даромад олиш ҳуқуқига; касаба уюшмалари тузиш ва ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун касаба уюшмаларига кириш ҳуқуқига эгалиги (23-модда); ҳар бир инсоннинг дам олиш ва бўш вақтга эга бўлиш, шу жумладан иш кунини оқилона чеклаш ҳуқуқи ҳамда ҳақ тўланадиган меҳнат таътили олиш ҳуқуқига эгалиги (24-модда); ҳар бир инсоннинг ўзининг ҳамда оиласининг саломатлиги ва фаровонлигини таъминлаш учун зарур бўлган турмуш даражасига эга бўлиш, жумладан кийим-кечак, озиқ-овқат, тиббий хизмат ва зарур ижтимоий хизматга эга бўлишга ҳамда ишсизлик, касаллик, ногиронлик, бевалик, қарилик ёки унга борлиқ бўлмаган шароитларга кўра тирикчилик учун маблағ бўлмай қолган бошқа ҳолларда таъминланиш ҳуқуқига эгалиги (25-модда); ҳар бир инсоннинг таълим олиш ҳуқуқига эгалиги. Таълим олишда ҳеч бўлмаганда бошланғич ва умумий таълим текин бўлиши лозим. Бошланғич таълим мажбурий бўлиши керак. Техник ва ҳунар таълими ҳамманинг қурби етадиган даражада бўлиши, олий таълим эса ҳар кимнинг қобилиятига асосан ҳамма учун етарли имконият доирасида бўлмоғи керак. (26-модда); ҳар бир инсоннинг жамиятнинг маданий ҳаётида эркин иштирок этишга, санъатдан баҳраманд бўлишга, илмий тараққиётда иштирок этиш ва унинг самараларидан фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги (27-модда).
Декларациянинг аҳамияти нафақат унда умумэътироф этилган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларинигш рўйҳати келтирилганлиги билан белгиланади, балки унда уларнинг чеклашлашларнинг стандартлари ҳам белгилаб берилган. Моҳиятан Декларация демократик жамиятда қуйидаги мақсадлар учун инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига нисбатан чеклашларни оқлайди: 1) бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини эътироф этиш ва ҳурмат қилиш; 2) аҳлоқнинг адолатли талабларини қондириш; 3) жамоат тартибини таъминлаш; 4) умумий фаровонликни таъминлаш.
Do'stlaringiz bilan baham: |