Маҳмудхўжа Беҳбудий (1879-1919) 1913 йилдаёқ Туркистон халқлари орасида илм-маърифатни ривожлантириш уларнинг миллий-давлат манфаатларини ҳимоя қилиш учун зарур, деган фикрга келади. Халқни зулмдан озод қилиш учун оммавий ҳаракат вужудга келтириш керак, унга бирлашган кишилар умумий мақсад йўлида ўзларининг миллий фарқларига эътибор бермасликлари лозим, деган ғояни илгари суради. Ана шундагина Туркистон халқлари ўз вакилларини Давлат Дўмасига сайлаш орқали қонун доирасида халқ манфаатларини ҳимоя қила олади. Шу маънода, у Туркистон халқлари мавжуд ички зиддият ва қарама-қаршиликларга барҳам беришлари керак, деган фикрни билдиради. Бу фикр ўз аҳамияти жиҳатидан ҳозирги пайтда ҳам аҳамиятга моликдир. "Агар бутун Туркистон бирлашса қон тўкилмайди, ер ва мулк ҳам бўлинмайди, ана шунда керакли вазият вужудга келади. Мавжуд зиддиятлар ҳақида қанчалик гапирмайлик, шундай қилсак – бирлашамиз, зиддиятлар кучайган сари – бахтсизлик сари борамиз", деб ёзади Беҳбудий.
Жадидлар ҳаракатининг илк босқичида улар Туркистондаги барча халқларни жипслаштиришга интилган эдилар. 1917-1919 йиллардан бошлаб эса Туркистон мухторияти орқали миллий манфаатларни ҳимоя қилишга эътибор қаратдилар. М.Беҳбудий ҳеч ким ва ҳеч қандай ҳокимият халққа ихтиёрий равишда озодлик бермайди, деган фикрни асослаб берди. "Тарихдан маълумки, - дейди у, - ҳуқуқлар туҳфа этилмайди, балки қўлга киритилади. Ҳар қандай миллат, халқ ўз кучларини бирлаштириш ва ўз интилишлари орқалигина ўз ҳуқуқлари, дини ва сиёсатини ҳимоя қилиши мумкин. Биз, мусулмонлар, жумладан Туркистон мусулмонлари, ҳеч ким бизнинг динимиз ва миллатимизга тажовуз қилмаслигини истаймиз, ўз навбатида биз ҳам ҳеч кимга тажовуз қилиш ниятимиз йўқлигини билдирамиз"18.
Жадидчилик мамлакатимизда бир неча шаклда амал қилган: Бухорода "ёш бухороликлар", Хоразмда "ёш хиваликлар" ва юқорида эслатиб ўтилган Туркистон жадидчилиги кўринишида. Уларнинг фаолиятларини эса сиз тарих фани бўйича мавзулардан яхши биласиз.
Ёш бухороликлар Туркистон Марказий бюроси томонидан ишлаб чиқилган иккинчи дастур эса қандай қилиб бўлса ҳам амирликни ағдариш вазифасини қўяди. Унга мувофиқ халқ республикасини ўрнатиш ва ҳукумат таркибига аҳолининг таркибига мос равишда вакиллар киритиш, умумий сайлов ҳуқуқини жорий этиш кўзда тутилган. Ҳуқуқий тизим қайта ташкил этилиши лозим, жиноий судлар икки босқичли бўлиши керак: биринчи инстация судлари халқ томонидан сайланади, иккинчи инстанция эса тайинланиши ва биринчи инстанция судлари қарорларини назорат қилиши керак. Мазкур дастурда 8 соатлик иш вақтини жорий этиш, касаба ташкилотларини тузиш, кредитлар ва матлуботни ташкил этиш масалалари кўзда тутилган эди. Бундан ташқари давлат томонидан ишчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, меҳнатни муҳофаза қилиш, 18 ёшга кирмаганлар учун ёлланма меҳнатни тақиқлаш, меҳнатга лаёқатсизлар учун страхование масалалари аниқ ифода этилган эди.
Маълумки ёш бухороликлар таркибидаги икки оқим – коммунистик ва сўл бухороликлар гуруҳи ўзаро бирлаша олмадилар. Натижада РКП (б) Туркбюроси МК қарори билан мазкур партия асосида Россия коммунистик партиясининг бир қисми сифатида Бухоро коммунистик партияси ташкил этиш қарори қабул қилинди. Қолган воқеалар эса бизга тарихдан яхши маълум.
Do'stlaringiz bilan baham: |