Дифференциал рента Iернинг табиий унумдорлиги билан боғлиқ бўлган, саноат марказларига, бозорларга ва алоқа йўлларига яқин жойлашган серунум ер участкаларида вужудга келади. Дифференциал рента I нинг ҳосил бўлишини шартли мисол ёрдамида кўриб чиқамиз Мисолимиздаги уч хил ер участкаларидан олинган маҳсулотнинг ижтимоий қиймати бир хил, яъни 10000 сўмни ташкил қилади. Ялпи ҳосилдорлик А участкасида 20 тонна, Б ва В участкаларда 25 ва 30 тоннани ташкил қилади. Ҳар бир участкадан турлича ҳосил олинганлиги туфайли уларда етказилган маҳсулотларнинг индивидуал қиймати ҳам турлича бўлиб чиқади. Яъни, А участкасида ҳар бир маҳсулот бирлигининг қиймати 500 сўм бўлса, Б участкасида 400 сўм, В участкасида эса 333 сўмни ташкил қилади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифати ёмон участкада етиштирилган маҳсулот нархида сотилади (мисолимизда 500 сўм). Натижада ёмон ер участкаси (А) ўзининг якка ишлаб чиқариш харажатларини қоплаш ва фойда олиш имконига эга бўлади. Ўртача (Б) ва яхши (В) ер участкаларида эса ёмон ер участкаси (А)га нисбатан 2500 ва 5000 сўм миқдорда қўшимча даромад олинади.
Бу олинган қўшимча даромад ернинг табиий унумдорлиги билан боғлиқ бўлган дифференциал рента I ни ташкил қилади.
Дифференциал рента II хўжаликларни интенсив ривожлантириш, ернинг ҳосилдорлигини ошириш учун қўшимча харажатлар сарф қилиш билан, яъни қишлоқ хўжалигида кимёвий ўғитларни қўллаш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, қишлоқ хўжалигини механизациялаш ва электрлаштириш даражаси билан боғлиқ ҳолда вужудга келади.
Мисолимизда ерга қўшимча 5 минг сўм харажат сарф қилиш натижасида қўшимча 20 тонна маҳсулот олинса, у ҳолда биринчи йилга нисбатан қўшимча олинган 10 минг сўм даромад дифференциал рента II ни ташкил этади.
Бундай интенсив ривожланиш қишлоқ хўжалигида бош йўл ҳисобланади. Чунки қишлоқ хўжалигини интенсив ривожлантирмай туриб, кенгайтирилган такрор ишлаб чиқаришни ва жамият аъзоларининг ўсиб бораётган талабини қондириб бўлмайди. Шунинг учун ҳам қишлоқ хўжалигини интенсив ривожлантириш учун алоҳида эътибор берилади. Бунинг учун қишлоқ хўжалигини аграр саноатлашган асосга қўйиш, интенсивлаштиришни тезкорлик билан амалга ошириш чоралари ишлаб чиқилиши лозим. Кейинги йилларда мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини замонавий техника билан таъминлаш узлуксиз ўсмоқда. Қишлоқ хўжалигини интенсив ривожлантириш учун ажратилган капитал маблағлар ҳам ортмоқда.
Агар ҳамма жойда бир хил харажат қилиниб, ҳосилдорлик бир хил оширилса эди, унда ҳеч қандай дифференциал рента II бўлмас эди. Гап шундаки, ер бирлигига сарфланган бу харажатлар турли ҳудудларда, вилоятларда, хўжаликларда турлича даражада амалга оширилади ва натижада ҳосилдорлик ҳам турлича ошади.
Қишлоқ хўжалик маҳсулотининг ижтимоий қиймати билан якка тартибдаги қиймати ўртасидаги тафовут хўжаликларнинг устама қўшимча маҳсулотини ташкил қилади. Яъни, дифференциал рентанинг ҳар иккала кўринишини (рента I ва II ни) ўз ичига олади. Дифференциал рента I ва II маҳсулотнинг муайян ижтимоий қиймати билан зона бўйича ёки алоҳида олинган хўжаликнинг индивидуал қиймати ўртасидаги тафовутдан иборатдир. Шу ҳосил қилинган даромадлар давлат билан хўжалик ўртасида тақсимланади. Унинг давлатга тўланган қисми ер рентаси кўринишини олади (чунки бизда ер давлат мулкидир).
Дифференциал рента I юқорида қараб чиқилганидек, хўжаликлар фаолиятига боғлиқ бўлмаган табиий шароитда вужудга келади. Шунинг учун ҳам қишлоқ хўжалиги корхоналарида ҳосил қилинган бу хилдаги рента ер давлат мулки бўлганлиги сабабли унинг манфаатлари йўлида сарф қилиш мақсадида марказлаштирилган давлат фондида (бюджетида) тўпланиши лозим. Бу ҳол ўрта ва яхши унумли ерда жойлашган хўжаликларнинг иқтисодий манфаатдорлигига путур етказмайди, балки бошқа хўжаликлар билан озми-кўпми иқтисодий шароитларни тенглаштириш имконини беради. Марказлаштирилган давлат фондига ўтган бу маблағларни (дифференциал рента I), мамлакат олдида турган вазифаларни амалга ошириш, хусусан янги ерларни ўзлаштириш ва ер унумдорлигини ошириш билан боғлиқ бўлган тадбирларни амалга ошириш учун йўналтирилиши мумкин бўлади.
Дифференциал рента II ердан интенсив фойдаланиш, яъни унинг иқтисодий унумдорлигини ошириш билан боғлиқ бўлганлиги учун ҳам бу хилдаги рентанинг асосий қисми хўжаликларнинг ўзларида қолдирилиши мантиқан тўғри бўлади. Унинг фақат бир қисми давлат фондига жалб қилиниши мумкин, чунки давлат маълум даражада бу рентанинг ҳосил қилишда ўз ҳиссасини қўшади, яъни транспорт йўллари қурилишига, ирригация-мелиорация ишларини амалга ошириш учун капитал маблағлар сарфлайди, техникалар, кадрлар, минерал ўғитлар етказиб беради. Шундай қилиб, дифференциал рента I ва дифференциал рента II ер эгаси бўлган давлат билан хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида тақсимланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |