2-§. Банк муассасаларида иш куни ва ҳужжатлар айланишининг ташкил қилиниши
Ҳужжатлар расмийлаштирилган вақтдан бошлаб, улар бўйича операциялар бажарилгунга қадар бўлган вақт ичидаги тартибли ҳаракатига банк операциялари бўйича ҳужжатлар айланиши дейилади.
Ҳужжатлар айланиши операцияларининг қонунийлиги, ҳужжатларнинг ҳақиқийлиги ва тўғри расмийлаштирилганлигини ҳамда уларнинг ҳисобда тўғри акс эттирилишини текшириш билан боғлиқ бўлган ишларни ўз ичига олади. Ҳужжатлар айланиши банк операцияларининг ўз вақтида тўғри ва қонуний тарзда амалга оширилишида катта роль ўйнайди. Шунинг учун ҳар бир банкда ҳужжатларнинг айланиши ва мижозларга хизмат кўрсатиш вақти графикларда акс эттирилади.
Банкнинг ҳар бир иш кунининг 3,5 - 4 соати бевосита мижозларга хизмат кўрсатишга ажратилади. Лекин мижозлар учун рақобат шароитида кўплаб мижозларни ўзига жалб қилиш мақсадида банк иш куни бир неча соатга узайтирилиши мумкин. Куннинг қолган қисмида эса аввалги кун ҳисоб материаллари текширилади, шу куннинг операцияларига якун ясалади ва эртанги кун операцияларига тайёргарлик қўрилади (шу кун келиб тушган ҳужжатлар шу куннинг ўзида,кечки пайт келиб тушган ҳужжатлари эса эртаси кун ўтказилади, чунки ҳужжатлар кечки почта орқали келиши мумкин). Хужжатлар айланиши акс этган графикларда банк операцияларини бажарувчи банк ходимларининг бир-бирига ҳужжатларни узатиш, банклараро оборотлар группаси, кассага ёки ҳисоблаш марказларига (компьютер бўлимига) узатиш вақтлари белгиланади.
Ҳар бир банк муассасаларида ҳужжатларнинг ўз вақтида бир маромда тушиши, уларнинг олдида катта навбатлар ҳосил қилишнинг олдини олиш мақсадида банкнинг масъул ижрочилари учун мижозларга хизмат кўрсатиш графиги тузилади. Графикда кунда банк билан мулоқотда бўладиган, ҳар бир масъул ижрочига бириктирилган корхона ва ташкилотлар номи ва уларга хизмат кўрсатиш вақти улар билан келишган ҳолда белгиланади.
Умуман, бухгалтерия ходимларининг иш куни шундай ташкил этилиши керакки, бунда келаётган ҳисоб-китоб ва пул ҳужжатлари ўз вақтида ижро этилиши ҳамда улар ҳисобварақлар бўйича бухгалтерия ҳисобида акс эттирилиб, кундалик баланс тузилиши керак.
Банкларда иш куни ва ҳужжатлар айланишини ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан асосий талаблар ишлаб чиқилган бўлиб, улар “Ўзбекистон Республикаси банкларида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи бўйича” 61 - сонли йўриқномада ўз ифодасини топган. Йўриқномада кўрсатилган талабномалар қуйидагилардир:
Операция куни давомида, яъни иш кунининг биринчи ярмида банкка келиб тушган барча ҳисоб-китоб, пул ҳужжатлари шу куннинг ўзида қабул қилиниши, расмийлаштирилиши ва бухгалтерия ҳисоби варақларида қайд этилиши керак. Операция куни тугагандан кейин банкка келиб тушган барча ҳужжатлар, қоида тариқасида келаси иш кунида мижозларнинг ҳисобварақларига киритилади.
Шахсий компьютерлар ёрдамида файлларга ишлов бериш тартиби ва уларни Ҳисоб марказига жўнатиш вақти 1998 йил 25 апрелдаги 6 - баённома билан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви томонидан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси банклари ўртасида электрон тўловлар тизими бўйича ҳисоб-китоблар юритиш тўғрисида»ги Низом ҳамда унга киритилган қўшимча ва ўзгартишлар асосида амалга оширилиши лозим.
Операцияларни сифатли ўтказилишини тартибга солиб туриш учун ҳар бир банк бўлимида доимий равишда банкка катта миқдорда ҳисоб-китоб ва пул ҳужжатларини тақдим этувчи асосий мижозлардан ҳужжатлар қабул қилиш қатъий графикларини тузиш лозим.
Операция куни давомида мижозлардан барча ҳужжатларни бевосита бухгалтерия ходимларининг ўзлари қабул қилиб оладилар. Операция куни тугагандан сўнг, яъни куннинг иккинчи ярмида ҳужжатлар банкка махсус қутилар орқали топширилади. Улардаги ҳужжатлар ҳар соатда олиб турилиши керак.
Барча ҳисоб-китоб ва пул ҳужжатларидан ўтказилиши лозим бўлган суммалар, жумладан, бюджетга ажратмалар, иш хақи ва шунга тенглаштирилган нақд пул тўловлари мижознинг “Талаб қилиб олинадиган” депозит бўйича ҳисобварағида етарли пул маблағлари бўлган тақдирда, яъни шу ҳисобварақдаги маблағлар чегарасида тўланади.
Юқорида санаб ўтилган талабларни ҳисобга олган ҳолда, ҳар бир банкда мижозларга хизмат кўрсатиш ҳамда ҳужжатлар айланиш графиги белгилаб қўйилади. Унда хўжалик юритувчи субъектларга ҳисоб-китоб ва касса ҳизматларини кўрсатишнинг аниқ вақти ҳамда уларга ишлов берувчи участкалардан ўтадиган вақти кўрсатилади. Мижозларга ҳизмат кўрсатиш ва ҳужжатлар айланиши графигини банк раҳбари тасдиқлайди.
Қуйида банкларда бухгалтерия ходимларининг иш куни режими тўғрисидаги намунавий кўрсатмаларни келтирамиз:
Масъул ижрочиларнинг иш куни эрталаб 8.00 дан 17.00 гача давом этади.
Соат 8.00 дан 9.00 гача мижозларнинг шахсий ҳисобварақлардаги ёзувларни текшириш, аналитик ва синтетик ҳисоб материалларини бир-бири билан солиштириш, керакли ҳужжатлар билан шахсий ҳисобварақларни мижозлар бўйича ҳисобварақлар картотекасига жойлаштириш билан шуғуланади.
Пул санаш кассасидан тушумни йиғишга доир ҳужжатлар операцион бўлим - бухгалтерия ходими қўлига иш куни бошланиш вақтида келиб тушиши лозим. Операция куни давомида инкассация қилинган тушум ҳужжатлари тушум санаб бўлингандан кейин, лекин 13.00 дан кечикмай кассадан олинади. Касса дафтарларини касса маълумотлари билан солиштириш
гача тугалланиши лозим.
Иш кунининг иккинчи ярмида мижозлардан қабул қилинган ҳисоб-китоб, пул ҳужжатлари тўлов муддатлари арафасида қайдлов учун расмийлаштирилади.
Мижозлардан ҳужжатлар бутун иш куни давомида қабул қилинади.
Операцион кун охиригача банкка келиб тушган ҳужжатлар жорий кун баланси бўйича ўтказилади.
Операцион кун тугагандан сўнг ёки кун охирида топширилган ҳужжатлар банкнинг кейинги иш куни баланси бўйича ўтказилади.
Иш куни якунланишига камида икки соат қолганда инкассага қабул қилинган бошқа шаҳарлар билан ҳисоб-китоблар бўйича тўлов талабномалари тўловчиларга хизмат кўрсатувчи банкларга ўша куннинг ўзидаёқ жўнатилади.
Мазкур банк мижозларининг ҳисобварақлари бўйича суммаларини киритиш ва олиши учун ҳужжатлар бир операция ходимларидан бошқаларга берилиши кечиктирилмаслиги, улар келиб тушгани ва ҳужжатларга ишлов берилгани сайин топшириб турилиши лозим.
Жорий кун операциялари бўйича ҳужжатлар ҳисоб-китоб марказига улар билан келишилган махсус график бўйича берилиши керак.
Экспедиция бўлимига ҳужжатлар қабул қилиш иш куни охирига камида 1 - 1,5 соат қолганда тўхтатилади.
Ҳозирги кунда республикадаги барча тижорат банклари янги компьютер ва бошқа ҳисоблаш техникаси билан таъминланган бўлиб, ўз ички ҳисоблаш марказига эга. Шу сабабли корхона ва ташкилотларнинг шахсий ҳисобварақлардаги ёзувларини текшириш ҳамда ҳисобварақлар бўйича якунларини баланс ҳисобварақлари ва кутилмаган вазиятлар ҳисобварақлари билан солиштириш шу кун охирида амалга ошириш тавсия этилади. Бу эса янги эртанги кун операцияларини ўз вақтида бошлашга имкон беради.
Ҳар бир банк юқорида кўрсатилган намунавий кўрсатмаларга асосан ўз фаолияти хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда бухгалтерия ходимларининг иш куни тартибини ишлаб чиқади. Ушбу режим банк раҳбари томонидан тасдиқлангандан сўнг, ҳар бир бухгалтерия ходими унга амал қилиши мажбурий ҳисобланади.
Энди банк операциялари бўйича ҳужжатлар айланишига тўхталиб ўтамиз.
Банкнинг ҳар бир операцияси бўйича ҳужжатлар айланишининг ўз хусусиятлари бор. (нақд пулсиз, касса, кредитлаш...). Касса операциялари бўйича ҳужжатлар айланишига, айниқса катта аҳамият берилади. Шунинг учун касса операциялари бўйича ҳужжатлар айланишини кўриб чиқамиз.
1-схема
Кирим касса операциялари бўйича ҳужжатлар айланиши.
масъул ижрочи
7
Мижоз назоратчига пул топширганлик ҳақидаги эълонни топширади.
Назоратчи ҳужжатни текширувдан ўтказиб, касса кирим журналида ундаги ёзувларини акс эттиргандан сўнг эълонни кирим журнали билан бирга кассага узатади.
Мижоз кассага нақд пул топширади.
Кассир пулни санаб, эълон ва кирим журналидаги сумма билан солиштиради, ҳужжатларни расмийлаштириб квитанцияни мижозга қайтаради.
Ордер ва кирим журнали назоратчига қайтарилади.
Назоратчи кун охирида касса кирим журнали маълумотларини касса китоблари билан солиштиради.
Солиштиришдан сўнг бу маълумотлар банк Ҳисоб марказига (компьютер бўлимига) юборилади.
Ордердаги маълумот шахсий ҳисобварақларда акс эттирилади ва масъул ижрочига берилади.
Масъул ижрочи шахсий ҳисобварақдан кўчирма билан ордерни биргаликда мижозга беради.
Қолган операциялар бўйича ҳужжатлар айланиши ҳам алоҳида хусусиятларга эга.
Do'stlaringiz bilan baham: |