Схоластика (юнон. schole – мактаб) – мактаб таълимида ҳукмронлик қилган ва илоҳиётга тўла боғлиқ бўлган ўрта асрлар христиан фалсафаси. XI асрда схоластик фалсафа доирасида номинализм ва реализм ўртасида кураш авж олган. Даставвал: «Худо бир, лекин сиймоларда учта: Худо-ота, Худо-ўғил ва Худо-муқаддас руҳ, деган фикрни қандай тушуниш керак?», деган соф схоластик савол ўртага ташланган. Аммо бу савол атрофида авж олган баҳс-мунозара унинг чегарасидан четга чиққан ва том маънода фалсафий хусусият касб этган: амалда якка ва умумий диалектикасининг муҳокамасига айланган. Реалистлар «умуман инсон», «умуман уй» каби умумий тушунчалар – «универсалиялар» мавжудлиги тўғрисида сўз юритганлар. Улар айрим нарсаларнинг моҳияти саналган универсалиялар нарсаларгача амалда мавжуд бўлади ва нарсаларни вужудга келтиради, деб ҳисоблаганлар. Бу ашаддий реализм замирида Платоннинг «ғоялар дунёси» ва «нарсалар дунёси» ҳақидаги таълимоти ётади.
Номиналистлар «универсалиялар нарсалардан кейин вужудга келган номлардир», деган фикрни илгари сурганлар. Айрим нарсалар, масалан, одамлар, уйларгина реалдир, «умуман инсон» ёки «умуман уй» эса фақат сўзлар ёки номлар бўлиб, уларнинг ёрдамида одамлар айрим предметларни умумлаштирадилар. Мўътадил номиналистлар инсоний тушунчаларда айрим нарсалардаги ўхшаш жиҳатларнинг инъикоси сифатида умумийлик мавжудлигини тахмин қилганлар.
Реализм умумийликка нарсадан олдин пайдо бўлувчи идеаллик сифатида ёндашган, яъни амалда умумий ва якканинг алоқаси тўғрисидаги идеалистик концепцияни ишлаб чиққан бўлса, номинализм бу муаммони материалистик йўл билан ечишнинг ўзига хос тимсоли бўлган.
Шундай қилиб, реалистлар ва номиналистлар ўртасидаги баҳс фалсафий тус олган, чунки унда умумий ва якканинг табиати муаммолари, уларнинг диалектикаси амалда муҳокама қилинган.
Фома Аквинский (1225-1274) католик теологияни яратган ва схоластикани тизимга солган мутафаккир сифатида эътироф этилади. Унинг энг машҳур асарлари: «Теология йиғиндиси», «Фалсафа йиғиндиси», «Мажусийларга қарши йиғинди». Уларда муаллиф асосан Аристотель асарларига таянади. Фома Аквинский Аристотель ижоди билан Шарққа салб юриши чоғида танишади. Унинг онтологиясида борлиқ ҳам эҳтимол тутилган, ҳам амалда мавжуд деб қаралади. Борлиқ - айрим нарсаларнинг мавжудлиги, яъни субстанциядир. Фома Аквинский имконият ва воқелик каби категориялар билан бир қаторда материя ва шакл категорияларини илмий муомалага киритади. Бунда материя имконият сифатида, шакл эса – воқелик сифатида қаралади.
Фома Аквинский Аристотелнинг шакл ва материя ҳақидаги асосий ғояларидан фойдаланиб, дин ҳақидаги таълимотни уларга тўла бўйсундиради. Материя шаклсиз мавжуд бўлмайди, шакл эса олий шаклга ёки «шаклларнинг шакли» - Худога боғлиқдир. Худо эса соф маънавий мавжудот. Шаклнинг материя билан бирикуви моддий дунё учунгина зарур. Боз устига материя (Аристотелдаги каби) пассивдир. Унга шакл фаол тус беради.
Фома Аквинский «илоҳий борлиқ», ҳамонки у ўз-ўзидан равшан нарса эмас экан, тафаккуримиз англашга қодир бўлган нарсалар орқали исботланиши лозим. У Худо борлигининг ҳозирги замон католик черкови ҳам фойдаланувчи ўз далил-исботини таклиф қилади.
Фома Аквинскийнинг ижтимоий-фалсафий қарашлари ҳам диққатга сазовор. У шахс - «оқилона табиатдаги энг олижаноб» ҳодиса, деб ҳисоблаган. Унинг фикрича, шахс ақл-заковат, сезгилар ва ирода билан тавсифланади. Ақл-заковат иродадан устун туради. Аммо Худони билишни Фома Аквинский Худога бўлган муҳаббатдан кейинги ўринга қўяди, яъни сезгилар, агар улар оддий нарсаларга эмас, балки Худога қаратилган бўлса, ақлдан устун бўлиши мумкин.
Фома Аквинский ўзининг «Подшолар бошқаруви ҳақида» асарида инсонга аввало ижтимоий мавжудот сифатида, давлатга эса халқ фаровонлиги ҳақида ғамхўрлик қилувчи ташкилот сифатида ёндашади. Ҳокимиятнинг моҳиятини у ахлоқ, хусусан яхшилик ва адолат билан боғлайди ва ҳатто халқнинг адолатсиз подшоларга қарши бош кўтариш ҳуқуқи тўғрисида сўз юритади.
Фома Аквинский икки қонун: Худо одамлар онги ва қалбига жойлаган «табиий қонун» ва черковнинг давлат ва фуқаролик жамиятидан устунлигини белгиловчи «илоҳий қонун» ҳақидаги муаммони ҳам муҳокамага киритади. Унинг фикрича, дунёвий ҳаёт бўлғуси маънавий ҳаётга тайёргарликдир. Подшонинг ҳокимияти олий – маънавий ҳокимиятга бўйсуниши лозим. Бу ҳокимиятни осмонда – Исо Масиҳ, Ерда – Рим Папаси бошқаради. Фома Аквинский сиёсий ҳокимият шаклларини муҳокама қилар экан, Аристотель каби монархияни афзал кўради.
Фома Аквинский фалсафаси XIV асрдан бошлаб доминикан схоластларининг байроғига айланди, XVI асрдан эътиборан иезуитлар томонидан тарғиб қилина бошлади. Иезуитларнинг мафкурачилари Фома Аквинский фалсафий тизимини шарҳлади ва такомиллаштирди. XIX асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб унинг таълимоти ҳозирги замон фалсафий тафаккурининг қудратли оқимларидан бири саналган неотомизм негизига айланди.
Do'stlaringiz bilan baham: |