Инфляция рискининг иқтисодий моҳияти ва юзага келиш сабаблари.
Инфляция – пул муомаласи қонунининг бузилиши, иқтисодиётда товар массаси ҳамда пул массаси ўртасидаги номутаносиблик жараёнида вужудга келади. Инфляцияни вужудга келишига қатор омиллар таъсир қилиб, уларни ички ва ташқи омилларга ажратиш мумкин.
Ички омиллар таркибига ортиқча пул массаси вужудга келиши, миллий валютага нисбатан ишончнинг пасайиши, мамлакатнинг номутаносиб тўлов баланси кабиларни киритиш мумкин.
Ташқи омилларга мамлакат ташқи сиёсатининг беқарорлиги, иқтисодий инқирозлар, молия ва фонд бозорларида индексларнинг ўзгариши кабиларни келтириш мумкин.
Таъкидлаш жоизки, олтин ва кумуш тангалар пул вазифасини бажарган даврда иқтисодиётда инфляция муаммоси мавжуд бўлмаган. Металл пуллар ўрнини қоғоз ва танга пуллар эгаллагандан сўнг иқтисодиётда инфляция билан боғлиқ зиддиятли ҳолатлар вужудга кела бошлади. Чунки, қоғоз ва танга пуллар ўзида ҳақиқий қийматни акс эттирмайди. Дастлабки даврда ушбу пуллар олтин ва кумуш металлар ҳамда товарлар билан таъминланган эди.
Инфляциянинг вужудга келишига муомала ва ишлаб чиқариш соҳаси, шунингдек, мамлакатдаги иқтисодий – сиёсий омиллар ҳам сабаб бўлади.
Инфляциянинг вужудга келишида пул муомаласи омилларига бюджет тақчиллигини қоплаш мақсадида муомалага қўшимча тарзда чиқарилган пуллар, иқтисодиётда асоссиз равишда берилган кредитлар ҳажмининг ортиб бориши, мамлакат пул – кредит сиёсатига аҳоли ишончининг пасайиши ва бошқалар сабаб бўлади.
Ишлаб чиқариш ва иқтисодий сиёсий омилларга мамлакатда импорт ҳажмининг экспорт ҳажмидан ортиб кетиши, товарлар ва кўрсатилаётган хизматлар ҳажми ва сифатининг пастлиги, бюджет – солиқ сиёсати, мамлакатнинг ташқи ва ички иқтисодий муносабатлар доирасида амалга ошираётган сиёсати ва бошқалар сабаб бўлади.
Инфляциянинг вужудга келишининг асосий сабабларидан бири иқтисодиётдаги ялпи талаб ва ялпи таклиф ўртасидаги мувозанатнинг бузилишидир. Инфляция шароитида капитал ишлаб чиқариш доирасидан муомала доирасига оқиб ўта бошлайди, чунки ишлаб чиқариш жараёни иқтисодий жиҳатдан самарасиз соҳага айланиб боради. Муомала жараёни кўп
вақтни талаб этмаганлиги боис, дастлабки босқичларда унинг иштирокчиларига маълум миқдорда иқтисодий фойда келтиради, лекин инфляция жараёнларини тезлаштиришга хизмат қилади. Инфляция механизми ўз – ўзидан ривожланиб, барча соҳа ва тармоқларни қамраб олади, унинг таъсирида жамғармалар ҳажми қисқаради, кредит, инвестиция ва товарлар таклифи камаяди.
Инфляцияни келтириб чиқарувчи биринчи сабаб – мамлакатда бозор механизмларининг тўлиқ жорий этилмаслиги, давлатнинг бюджет даромадлари ва харажатлари устидан монопол тартибини жорий этиши ҳисобланади. Бунда давлат бюджетининг даромадларидан ортиқча бўлган харажатлар, яъни бюджет тақчиллиги муомалага қўшимча пуллар чиқариш йўли билан қопланади. Бюджет тақчиллигини қоплаш учун муомалага чиқарилган пуллар товар моддий қийматликлари билан таъминланмаганлиги оқибатида мамлакатда инфляция даражасининг ортишига олиб келади.
Иккинчи сабаби – асоссиз равишда иш ҳақи ва бошқа тўловларнинг оширилиши, ушбу тўловлар давлат бюджети харажатлари таркибида қўзда тутилмаган бўлса, муомалага қўшимча эмиссия ҳисобига амалга оширилади. Бунинг натижасида иқтисодиётда товарлар ва хизматларнинг баҳоси ошади ва инфляция даражаси ортиб боради.
Учинчи сабаби – мамлакатда ишлаб чиқарилаётган товарларнинг экспорт қилиш даражасининг пастлиги ва импорт даражасининг юқорилиги билан ифодаланади. Мамлакатга кириб келаётган импорт товарлар ҳисобига хорижий валюталарнинг четга оқиб кетиши юз беради, натижада мамлакатда ишлаб чиқарилаётган товарлар нафақат ташқи эҳтиёжларни, балки ички эҳтиёжларни қондиришга ҳам хизмат қилмай қўяди. Бунинг оқибатида миллий валютанинг сотиб олиш қобилияти таборо салбийлашиб, инфляция даражаси ортиб боради.
Юқорида таъкидланган инфляцияни келтириб чиқарувчи омиллар фақат бизнинг давримизгагина хос бўлган ҳолат бўлмасдан, ушбу ҳолатлар турлича кўринишда узоқ тарихда ҳам мавжуд бўлган.
Миллий иқтисодиёт айрим соҳалари ўртасидаги номутаносибликлар
Жамғарма ва истеъмол ортасидаги номутаносибликлар
Талаб ва таклиф орасидаги номутаносибликлар
Давлат даромадлари ва харажатлари орасидаги номутаносибликлар Муомаладаги пул массаси ва иқтисодиётнинг пулга бўлган эхтиёжи
орасидаги номутаносибликлар.
Инфиляцион риск молиявий рискларни таркибий қисми бўлиб, бошқа рисклардан ажратилган тартибда бўлишига қарамай инвестицион, банк, валюта ва бошқа рислар билан ҳам узвий боғлиқдир.
Валюталарнинг харид қобилиятлари бўйича уларнинг ўзаро нисбати ўзида қиймат қонунини акс эттириб, валюта курсини аниқлаш воситасидир. Шу сабабли валюта курсига инфляция суръатлари таъсир кўрсатади. Мамлакатда инфляция даражаси қанчалик юқори бўлса, миллий валюта курси шунчалик паст бўлади, (агар бошқа омиллар қарши таъсир кўрсатмаса). Инфляция оқибатида пул қадрсизланиши мамлакатда пулнинг харид қобилиятининг пасайишига ва инфляция суръатлари нисбатан паст
мамлакатларнинг валюталари курсидан тушиб кетишига сабаб бўлади. Бундай мойиллик, одатда, ўрта ва узоқ муддатли режада кузатилади. Валюта курсининг тенглаштирилиши, уни сотиб олиш қобилиятининг паритетига мослаштириш ўртача икки йил давомида амалга оширилади. Бу шу билан изоҳланадики, валюта курсининг кундалик котировкаси фақатгина уни сотиб олиш қобилиятига асосан амалга оширилмай, унга, шунингдек, бошқа омиллар ҳам таъсир этади. 80-йилларда кўпинча валюта курсининг паритетидан 30 %дан ортиқ миқдорда силжиши юз бериб турар эди. Лекин спекулатив ва конюктуравий омиллар таъсиридан озод бўлган валюта курсларининг ўзаро нисбати қиймати қонунига мувофиқ тарзда пул бирликларининг харид қобилияти ўзгариши билан ўзгаради. Валюта курсининг инфляция суръатларига боғлиқлиги, айниқса, товар-хизматлар ва капиталларни халқаро айирбошлаш ҳажми катта бўлган мамлакатларда кучлироқдир. Сабаби шундаки, валюта динамикаси ва инфляция суръати ўртасидаги кучли боғлиқлик, валюта курсини экспорт баҳоларда ҳисоб-китоб қилишда юзага келади. Жаҳон бозори нархлари интернационал қийматнинг пулдаги ифодасини акс эттиради. Импорт нархларига келсак, тегишли валюта паритетида ҳисоб-китоб қилиш унчалик қулай келмайди, чунки, унинг ўзи валюта курси динамикасига боғлиқ. Саноати ривожланган мамлакатлар бундай ҳисоб-китоб учун улгуржи баҳолар индексидан фойдалангани маъқулроқ. Чунки бу мамлакатларда улгуржи ички савдо ва экспорт маълум даражада мос келади. Бошқа мамлакатларда ушбу индексга кўпгина экспорт қилинадиган товарлар кирмайди. Чакана нархлар асосидаги бундай ҳисоб-китоб нотўғри талқин қилиниши мумкин, чунки у жаҳон савдо обекти бўлмаган бир қатор хизматларни ўз ичига олади. Охирги навбатда жаҳон бозорида реал харид қобилиятига мос равишда стихияли тарзда миллий валюта курсларининг тенглашиши юз бермоқда. Реал валюта курси икки мамлакат нархлари даражаси нисбатига кўпайтирилган номинал курс сифатида аниқланади.
Инфляця риски истеъмол нархларини ўсиши ва харид қилиб олиш қобилятининг пассайиши натижасида инвестиция даромадлилигини камайтиради.
Инфиляцион рисклар кўзда тутилмаган молиявий юқотишлар пайдо бўлиш эҳтимоли билан ҳарактерланганлиги учун, унинг даражасини баҳолашда инвестициялашдан кўзда тутилаётган даромаднинг ўртача ёки ҳисоб миқдоридан четланиши аниқланади. Шунинг учун инвестицион рискларни баҳолаш кўзда тутилаётган даромадлар ва уларни йўқотиш эҳтимолини баҳолаш билан боғлиқ.
Инфляця рискиларини инвестиция фаолиятида молиявий юқотишларни баҳолаш жараёнида уларнинг абсолют ва нисбий кўрсатгичларидан фойдаланилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |