ҚУРАМА ВА ҚУРАМАЛИКЛАР ҲАҚИДА
Феруза Мирзақулова, тадқиқотчи
Бу атама “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” (Тошкент, 1981, II жилд 621-бет) да “Турли қипчоқ қабилаларининг ўзаро аралашуви, чатишувчи натижасида юзага келган, Ўзбекистоннинг Чирчиқ ва Оҳангарон водийларида яшовчи ўзбек элати”-деб қайд этилган.
“Ўзбекистон миллий энциклопедияси” (Тошкент, 2005, II жилд 153-бет)да ўзбек хақи таркибига кирган этник гуруҳлардан бири. Қурама сўзи “аралашганлар” маъносини билдиради, дейилади. Ушбу манбада айтилишича, қурама қабиласи иттифоқи тахминан XVII асрда шаклланган, XIX аср охири XX аср бошларида ўзбеклар таркибига кирган қурамаликлар Тошкент, Наманган, Андижон вилоятларида яшаб келганлар. Қурамаликларнинг уруғчик тизимига уруғ, тўп ва ата бўлимлари кирган. Қурамаликлар таркибига қадимги ва ўрта аср туркий қабилаларининг қуйдаги уруғ вакиллари бўлган. жалойир, кераит, уйшун, қанжиғали, унгут, етти уруғ, телов, мўғул, қангли, олчин, чиғатой, дўрмон, қалмоқ, тама ва бошқалар. қурамаликлар, асосан деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланиб келишган.
1926 йил маълумотларига кўра Ўзбекистонда 50000 дан ортиқ қурама элатига мансуб кишилар рўйхатга олинган.
Қурамаликларнинг айрим гурухлари қозоқ, қирғиз, қоракалпок ва туркман халклари таркибига кирган. М. Қошғарийнинг “Девону луғотит турк” (ХI аср) асарида умумтуркий сўзлар билан бирга
31 қабилага оид сўзлар ҳам келтирилган. Қурама элати мансуб бўлган қипчоқ лаҳжасига тегишли сўзларга ҳам изоҳ берилган бу асарда ўзбек халқи шаклланишига асос бўлган қорлуқ, қипчоқ, ўғуз лаҳжаларининг тарқалиш ҳудуди, мавқеи, касби машғулоти ҳақида ҳам маълумотлар берилган. Профессор И.Ёрматов “Саодат водийси” китоби (Тошкент, 2012 йил, 150,151 бет) да қурама атамасининг келиб чиқиш ҳақида қуйидаги фикирларни ёзади “Оҳангарон водийси 16-асрдан бошлаб Шайбонийхон ва унинг авлодлари томонидан бошқарилди ва ҳар хил солиқлар воситасида феодал асоратга солинди. Айни шу даврда қипчоқ лаҳжали минг-минглаб Даштии Қипчоқ ўзбеклари Амударё ва Сирдарё бўйлаб тоғлар оралиғидан серўт водийларга ўрнашдилар. Ўзбек халқи таркибига янги қатламнинг келиб қўшилиши натижасида Шимолда Чирчиқ дарёси, шарқ, жануб ва ғарбда Сирдарё билан чегараланган шевалари хилма хил ҳудудга Бухоро амирлари Қурама деган расмий номни ҳужжатларда ишлата бошладилар “Қурама” топоними кейинчалик рус геодезистлари ва картографларининг ҳужжатларида ҳам акс этди. Улар хатто илгари Хонжиғали деб атаб келинган тоғ тизмасининг номини ҳам қурама деб расмийлаштирдилар.
Профессор И.Ёрматов қурама қавмининг шаклланиши ва тугалликка эришишини ҳам кўрсатиб ўтади: “ХV-ХVII асрлар мобайнида қадимдан яшаб келган махаллий туркийлар, мўғуллар билан бирга келган туркий уруғлар ва Шайбонийлар билан Дашти Қипчоқдан келган ўзбек уруғларининг этник консолидацияси натижасида Оҳангарон водийсининг асосий аҳолиси саналган қурама элати шаклланди” (юқоридаги китоб, 157 бет).
Феодал тарқоқлик туфайли 1867 йилдан бу ҳудуд Туркистон генерал-губернаторлигининг Сирдарё области таркибидаги Қурама уездига айлантирилди.
Кейинчалик географик жиҳатдан Қурама тизма тоғлари маъносида ҳам қатъийлашди. Бу тизма тоғ ёнбағирларида яшайдиган аҳолига нисбатан қурамалик атамаси ҳам ишлатила бошланди.
Оҳангарон водийси дейилганда шу номли дарёнинг ҳавзаси, бу ҳавзанинг табиати, аҳоли яшаси масканлари-қишлоқ ва шаҳарлари тушунилади.
Рус кўшинлари таркибида келган академик В.В.Радлов Тошкент ва Хўжанд оралиғида қурама қабиласи яшашини қайд этиб, унинг беш уруғ-жалойир, тилов, тома, жағалбайли ва тарақли уруғларидан таркиб топганини кўрсатади ва ўзбек халқи таркибидаги қабила ва уруғларни қуйдагича қайд этади:
1. Хитой қипчок. У икки гуруҳ ва уруғларга бўлинади:
а) қипчоқ: тўрт жамғали, сариқипчоқ, тўққизбой:
б) хитой: сари хитой, отарчи, қанжиғали, тароқли, болғали.
2. Қирқманюз қабиласи қирқ қабиласи уруғлари: қорақўйли, қорача, қорасийроқ, чопонашли: юз қабиласи уруғлари: қарапчи, тигирик, парчаюз, эргенекли, сўйлақли.
3. Хонхўжа хитойиси: хўжа хитойиси, қуёнкулоқли, туёқли, сирғали.
Шунингдек, турли ҳудудларда яшовчи қангли, найман, минг, кенагас, манғит; мазит, ёбу, тома, (уч уруғ қабила), сарой, орлот, буркут, бахрин, баташ қабилаларини ҳам махсус белгилайди.
Қурама воҳаси этнографик жиҳатдан атрофлича ўрганилиши керак, чунки бу ерда, таниқли олим И.Ёрматовнинг қайд этишича, ўзбек-қурамаларининг япалоқ, самарчуқ, кўчартўп, бойтўп, қалмоқтўп, қатағон, жағалбойли, сувти, саритамғали, элтамғали, ачамайли, самирак, жалойир, уйшун, керайит, олчин, арғин, кебанак, чиликчи, чилкор, қорасийроқ, қайсар, тортувли, болғали, қайтмас, санам, шийқа, галаботир, жунбош, обиз, мўғул, бўрончи, эйвалак, керовчи, тама, телов, тароқли, дўлот (қаранг: “Илоқ тарихи”, Тошкент, 2005,81-бет), шунингдек, чамбил, қорахитой, тақали, ойтамғали, қорақўйли, яллама каби 92 бовли ўзбек уруғларига мансуб кишилар азалдан яшаб келганлар. Бу қабила ва уруғларнинг ўзбек халқи таркибидаги ўрни ва мавқеини тадқиқ этиш миллий тараққиётимиз тарихини чуқурроқ ўрганишга имкон яратади.
Профессор И.Ёрматов ўзининг “Илоқ тарихи” (Тошкент,2005,82-83-бет) китобида ўзбек миллати таркибидаги уруғларга хос тамғалардан айримларини келтириб ўтади:
Do'stlaringiz bilan baham: |