ТАСВИРИЙ САНЪАТ ФАНИ ТЎГАРАКЛАРИНИНГ
ОЛИБ БОРИЛИШИ
Юнусова Хуршида Сахибжановна – Сирдарё вилояти халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги 1-сонли вилоят хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-нтернатининг
тасвирий санъат ва чизмачилик фани ўқитувчиси
Ўқитувчи ўқитиш методларига асосланиб иш юритганда у рангшунослик, перспектива, ёруғ соя композиция қонунлари ва уларнинг хусусиятларидан келиб чиқади. Шуни ҳисобга олиш лозимки, тасвирий санъатнинг у ёки бу турининг назарий асосларини ўргатганда ёки тасвирий санъатнинг у ёки бу фаолият турини ўқитганда ўқитувчи бир хил методлардан фойдаланиши мумкин эмас. Машғулотнинг методик жиҳатдан ташкил этиш эса ўқитувчининг ўз олдига қўйган мақсадига ҳам боғлиқ.
Педагогик назарияда 3 хил метод бўлиб, асосан нутқий, намойиш этиш ва амалий ишдан иборат. Бу методлар ўз ўрнида майда методларга ҳам бўлинади. Масалан, нутқий метод ҳикоя қилиш, тушунтириш, сухбат, китоб билан ишлаш ва ҳакозо. Кўргазмали метод намойиш этиш, амалий иш эса машқ, расм ишлаш, ижодий иш, ўйин каби методларга бўлинади.
Тасвирий санъат илм-фан каби дунёни, ҳаётни, табиатни, халқлар тарихини ўрганишга хизмат қилади. Бугунги кунда мамлакатимиз президенти томонидан ишлаб чиқилган “5 ташаббус” асосидаги ишлар замирида ҳам айнан мана шу тасвирий санъат йўналишига эътибор бериб ўтиганлиги бежизга эмас. Шу аснода биз педагоглар зиммасига жуда катта масъулият юклатилган.
Ҳозирда илм-фан, маданият ва бошқа сохаларда рўй берган кашфиётлар ҳамда улар юзасидан тўпланган ахборотлар умумий ўрта таълим мазмунига жиддий таъсир кўрсатади. Бу ўз ўрнида таълим мазмунини кенгайтириш ва чуқурлаштиришни тақоза этади. Бунда ўқитувчи янгиликлар, ўқитишдаги замонавий технологиялар билан мунтазам танишиб туриши керак. ўқитувчи замон талаблари даражасида дарс ўтиши учун мунтазам малакасини, билимини ошириб бориши лозим. Бунинг учун ўқитувчига етарлича шароит яратилиши ва фан хонаси керакли жиҳозлар билан жиҳозланиши шарт. Ҳозирда тасвирий санъат дарсларини давлат таълим стандартлари талаблари даражасида ўтказиш учун унинг моддий техникавий базаси яратилиши зарур, чунки тасвирий санъат дарсларида техника воситалари, кўргазмали ва методик материаллар шунчалик кўп ишлатиладики уларни махсус хоналарсиз тўплаб бўлмайди. Шу ўринда айтиш жоизки тасвирий санъат дарслари мактабларда хафтада бир соат бу эса ўқувчиларнинг расм дарсларига юзаки қарашларига олиб келади. Тасвирий санъат дарслари ўқувчиларни тарбиясига, одоб-ахлоқига, кузатувчанликка ҳамда гўзалликни қадрлашга ўргатади. Чингиз Ахмаровнинг “Расм чизган инсон ҳеч қачон ёмонлик қилмайди” деган сўзларини ёдга олишимиз мумкин.
Ўқувчилар ўз халқини тарихини, адабиётини билиши, унинг санъатини ҳам кенгроқ билиши зарур. Миллий санъат таълим мазмунида пойдевор бўлиши лозим. Уларни ўрганмасдан туриб ёшларимиз бадиий маданиятли шахс бўла олмайди. Акс холда миллий қобиққа ўралашиб қолиш оқибатида у жаҳон стандартлари даражасига чиқа олмайдилар. Ўқувчиларнинг дарсдан ташқари мустақил ишларини ташкил этишни самарали шакллари ва йўлларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этишни тақоза этади. Шунинг учун ҳозирги кунда мактабларда тўгараклар фаол иш юритишлари лозим. Бу эса ўқувчиларни гўзалликни кўра олишга, тасаввурларини кенгайтиришга, диққатни жамлай олишга хизмат қилади ҳамда эстетик дидини шакллантиради.
Биз тасвирий санъат тўгаракларида ўқувчиларнинг қизиқишларини ошириш мақсадида турли йўналишларда иш олиб борамиз. Масалан, эртаклар асосида, витраж санъати, хайкалтарошлик, тарихий обидаларни тасвирлаш, наққошлик ва турли жанрлар асосида расмлар чизадилар. Тасвирий санъат дарслари ҳамда тўгараклар ёшларда миллий ғурур ва миллий истиқлол мафкурасини шакллантиришда ватанпарварлик, байналминал тарбияда дўстлик ва ўзаро ёрдам ғояларини ташкил топтиришда катта кучга эга. Ўқувчиларнинг тўгаракларда турли хил йўналишларда ишлашлари уларни зериктирмайди, янада қизиқишларини ошириб боради. Айнан витраж ҳамда хайкалтарошлик санъати ўқувчиларда жуда катта қизиқиш уйғотади, яъни ундаги рангларнинг тиниқлиги, шаффофлиги, гўзаллиги билан ажралиб туради. Шунинг учун ҳам тўгараклар турли хил йўналишларда олиб борилади ва маҳорат дарслари ташкил этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |