2. Иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришлар. Бозор инфратузилмасини шакллантириш.
СССР парчаланиши билан республикалар ва минтақаларнинг иқтисодий алоқалари узилди, саноат ишлаб чиқариши пасайди. Бир қатор тармоқларни реконструкция қилиш, бозор муносабатларига жавоб берадиган ва жаҳон бозорида рақобатлаша оладиган замонавий корхоналарни қуриш, истиқболли тармоқларни рағбатлантириш масаласи пишиб этилди.
Мустақиллик йилларида биринчи марта эришилган мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётидаги барқарорлик чет эл капитали учун кенг имкониятлар очди. Шу муносабат билан, 1998 йилда Республика Олий Мажлиси томонидан қабул қилинган қонун ҳужжатлари - "Чет эл инвестициялари тўғрисида"ги, "Хорижий инвесторларнинг ҳуқуқий кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида"ги кабилар муҳим аҳамиятга эга бўлди. 35 мамлакат, дунёнинг ўнлаб йирик банклари билан имзоланган савдо-иқтисодий шартномалар Ўзбекистоннинг ривожланган давлатлар ўртасидаги савдо алоқаларини кенгайтиришга ва хорижий инвестициялардан самарали фойдаланишга хизмат қилмоқда.
2018 йилда иқтисодиётни ривожлантириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар:
ЯИМнинг тармоқлар бўйича таркиби: хизматлар – 45,1 %, саноат – 30,3 %, қурилиш – 7,1 %, қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги – 17,5 %.
Янги ташкил этилган корхона ва ташкилотлар сони: 51,1 мингта.
Хорижий капитал иштирокида фаолият кўрсатаётган корхоналар: хорижий корхоналар – 3448 та, қўшма корхоналар – 3923 та (жами – 7371 та).
Энергия манбалари (январь-сентябрь 2018 й.): 1,05 млн. тонна бензин, 985,7 минг тонна дизел ёқилғиси, 54,49 млрд. куб метр табиий газ, 1,92 миллион тонна газ конденсати.
Хорижий инвестициялардан фойдаланиш республика иқтисодиётида жиддий таркибий ўзгаришларни амалга оширишга имкон берди.
Ўзлаштирилган хорижий инвестициялар ҳажми йил сайин ортиб бормоқда. Агар 1991-1998 йилларда. Республика иқтисодиётининг устувор тармоқларига 8 миллиард АҚШ долларидан ошиқ инвестиция киритилган бўлса, 1999 йилда 1,324 миллион АҚШ долларидан ортиқ миқдордаги хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Бошқача қилиб айтганда, барча капитал қўйилмаларнинг қарийб 24 фоизи хорижий инвестициялар ҳиссасига тўғри келди.
Нефт ва газ саноатида чет эл капитали алоҳида ўрин тутади. 1994 йилда ушбу соҳада у 10 миллион долларни, 1998 йилда эса 1 миллиард 300 миллион долларни ташкил қилди. Шу туфайли, нефт қазиб олиш 1990 йилдаги 2,8 миллион тоннадан, 1998 йилда 8,1 миллион тоннагача ошди. Бу вақт ичида табиий газ қазиб олиш мос равишда 40,8 миллиард кубометрдан 54,3 миллиард кубометргача ошди ва Президентимиз томонидан белгиланган бутун мамлакат аҳолисини табиий газ билан таъминлаш билан боғлиқ муҳим вазифа муваффақиятли якунланди. Агар мустақиллик арафасида Ўзбекистонда шаҳар аҳолисини табиий газ билан таъминлаш 47 фоизни ташкил этган бўлса, қишлоқ аҳолиси – 17 фоизни, кейинроқ эса, (1997 йилда) бу рақам мос равишда 64 ва 68 фоизни ташкил этди.
Дунёнинг кўплаб ривожланган давлатларида рўй берган 1998 йилдаги молиявий инқироз Ўзбекистоннинг молиявий ва саноат ҳолатига таъсир кўрсатмаслиги мумкин эмас эди, лекин бу ўз иқтисодиётимизнинг олдинга силжишини тўхтатмади. Мамлакатда макроиқтисодий барқарорлик ҳукм сурди. Бу, айниқса, МДҲ мамлакатларининг молиявий-иқтисодий аҳволи билан таққослаганда сезиларли бўлди, уларнинг аксариятида иқтисодий ривожланиш даражаси 1990 йилга нисбатан 50 фоиздан кам эди. Қаттиқ молиявий-кредит сиёсати инфляциянинг кўтарилишига имкон бермади. Жаҳон бозорида олтин, пахта, мис ва бошқа экспорт товарлари нархларининг кескин пасайишига қарамай, иқтисодий ислоҳотларда ютуқларга эришилди. Мулкни давлат тасарруфидан чиқариш жараёни давом этмоқда. 1999 йилда хусусий секторнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 64,5 фоизни ташкил этди ( саноатда – 64 фоиз, қишлоқ хўжалигида - 98,7 фоиз). Хусусийлаштирилган корхоналарда аҳолининг 74,2 фоизи ишлади. 1999 йилда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши кузатилиб, унинг ўсиши 4,4 фоизни ташкил этди.
Таркибий ўзгаришлар иқтисодий ўсишнинг ҳал қилувчи омилига айланмоқда. Саноат ишлаб чиқаришининг асосий ўсишини янги қурилган объектлар таъминлади. Инвестициялар умумий ҳажмининг 56 фоиздан ортиғи янги ишлаб чиқариш тармоқларини ривожлантиришга йўналтирилди.
Навоий ва Олмалиқдаги кон-металлургия заводларини реконструкция қилиш, "Зарафшон-Ньюмонт" қўшма корхонаси, Андижонда ўзбек-корейс автомобиль заводи ташкил этилиши мамлакатнинг молиявий-иқтисодий ҳолатини барқарорлаштиришда муҳим рол ўйнади. 1999 йил бошида республикада 3592 та қўшма корхона рўйхатга олинган. Улардан 1917 таси жаҳон стандартларига мос маҳсулотлар ишлаб чиқаради. Қўшма корхоналарнинг катта қисми - 1400 таси Тошкент шаҳрида, 107 таси Тошкент вилоятида, 85 таси Самарқанд вилоятида, 54 таси Андижонда, 49 таси Фарғона ва Наманган вилоятларида жойлашган.
Ўзбекистон дунёдаги энг бой каолиннинг захирасига эга. 1917 йилда Ангрен кўмир ҳавзасидан топилган, 1 миллиард 100 миллион тонналик захирага эга бўлган кон, фақат мустақиллик давридагина катта маблағ сарфлаш эвазига йирик ишлаб чиқариш корхонасига айланди (Германия билан ҳамкорликда).
Москвада Республика мустақиллигининг тўққиз йиллиги арафасида россиялик муаллифлар М.Гафарли ва А.Касаевнинг "Тараққиётнинг ўзбек модели: тинчлик ва барқарорлик - тараққиёт асоси" китоби нашр этилди, унда мустақиллик йилларида Ўзбекистоннинг ривожланиши катта холислик билан баҳоланди. Муаллифлар фикрича, ялпи ички маҳсулот 2,5 фоизигача, ўртача ойлик инфляция даражаси 1,9 фоизгача ўсган. Саноат ишлаб чиқаришининг ўсиш суръатлари бўйича Ўзбекистон 1999 йилда 117 фоиз кўрсаткич билан МДҲ мамлакатлари орасида биринчи ўринни эгаллади. Ҳолбуки, бундай кўрсаткич 1991 йил даражасида - Россияда атиги 45 фоиз, Украинада – 44 фоиз, Қозоғистонда – 41 фоизни ташкил этган эди.
Экспорт таркиби ҳам ўзгармоқда: пахта толасининг улуши пасаймоқда – (44 фоиздан 28 фоизгача), аксинча, машина ва ускуналар экспорти 9,85 фоиздан 23 фоизгача ўсди. Шу билан бирга, ташқи қарз миқдори ЯИМнинг 2,5 фоизидан ошмади.
Do'stlaringiz bilan baham: |