2-боб. Агентликнинг вазифалари ва функциялари 7. Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
суғурта бозорининг ишлаши ва унинг профессионал иштирокчилари фаолияти очиқлиги ва шаффофлигини, шу жумладан суғурта фаолияти соҳасидаги статистик ва молиявий кўрсаткичларни мунтазам эълон қилиш йўли билан таъминлаш;
суғурта хизматлари истеъмолчилари ва суғурта муносабатларининг бошқа иштирокчилари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, аҳолининг суғурта бозорига ишончини оширишга ва жамиятда суғурта маданиятини ривожлантиришга кўмаклашиш;
суғурта бозори мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни, шу жумладан чет элда, шунингдек, халқаро даражадаги экспертлар ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда ташкил этишга кўмаклашиш;
суғурталовчиларнинг тўлов қобилияти, суғурта захираларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш бўйича мажбурий норматив ва талабларни белгилаш, шунингдек, самарали суғурта фаолиятини ташкил этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;
суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан суғурта фаолияти соҳасидаги қонун ҳужжатларига, шунингдек, уларнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш бўйича белгиланган норматив ва талабларга риоя этилишини назорат қилиш;
суғурталовчилар (қайта суғурталовчилар) ва суғурта брокерларининг суғурта фаолиятини лицензиялаш, актуарийлар фаолиятини сертификатлаш;
суғурта бозорининг ҳолати ва унинг профессионал иштирокчилари фаолиятининг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш, масофавий назорат қилиш ва тезкор онлайн-мониторингини олиб бориш бўйича интеграциялаштирилган ахборот тизимини шакллантириш ва юритиш;
аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг ўсиб бораётган эҳтиёжларини таъминлашга қаратилган суғурта хизматларининг талаб юқори бўлган анъанавий турларини ривожлантиришга ва янги турларини жорий қилишга кўмаклашиш, қишлоқ хўжалиги фаолияти соҳасида суғурта ҳимоясини кучайтириш;
хорижий давлатларнинг ўхшаш тузилмалари, халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий ташкилотлар билан суғурта фаолияти соҳасида ҳамкорликни ташкил этиш.
8. Агентлик ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:
а) суғурта бозорининг ишлаши ва унинг профессионал иштирокчилари фаолияти очиқлиги ва шаффофлигини, шу жумладан, суғурта фаолияти соҳасидаги статистик ва молиявий кўрсаткичларни мунтазам эълон қилиш йўли билан таъминлаш соҳасида:
республикада суғурта фаолияти ҳолати ва ривожланиши тенденцияларини таҳлил қилади;
оммавий ахборот воситалари орқали суғурта фаолияти масалалари бўйича ахборот-тушунтириш ишларини амалга оширади;
суғурта фаолияти соҳасида статистик ва молиявий кўрсаткичларни эълон қилади;
ноширлик фаолиятини амалга оширади;
б) суғурта хизматлари истеъмолчилари ва суғурта муносабатларининг бошқа иштирокчилари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, аҳолининг суғурта бозорига ишончини оширишга ва жамиятда суғурта маданиятини ривожлантиришга кўмаклашиш соҳасида:
суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан аҳоли ўртасида суғурта хизматларидан хабардорлик ва фуқароларнинг суғурта саводхонлигини ошириш юзасидан тушунтириш ишлари амалга оширилишини таъминлайди;
оммавий ахборот воситаларида суғурталовчилар томонидан ижтимоий характердаги, шу жумладан, суғуртанинг устунликлари, суғурта товонларини тўлаш тартиби ва суғурта хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақидаги маълумотларни жойлаштириш ишларини ташкил қилади;
Агентлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича фуқаролар ва юридик шахсларнинг таклифлари, шикоятлари ва сўровларини кўриб чиқади;
в) суғурта бозори мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни, шу жумладан, чет элда оширишни таъминлаш, малака оширишни, шунингдек, халқаро даражадаги экспертлар ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда ташкил этишга кўмаклашиш соҳасида:
Агентлик мутахассисларини ва суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари мутахассисларини тегишли малака ошириш курсларига, шу жумладан, хорижга юбориш орқали касбий тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича тадбирларни амалга оширади;
халқаро даражадаги экспертлар ва мутахассисларни жалб этган ҳолда суғурта фаолияти масалалари бўйича семинарлар, конференциялар ва форумлар ташкил қилади;
г) суғурталовчиларнинг тўлов қобилияти, суғурта захираларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш бўйича мажбурий норматив ва талабларни белгилаш, шунингдек, суғурта фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш соҳасида:
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ҳамда белгиланган тартибда тасдиқланган вақтдан бошлаб суғурта муносабатларининг барча иштирокчилари учун бажарилиши шарт бўлган суғурта фаолиятига оид қонун ҳужжатларини амалга ошириш бўйича услубий материалларни ишлаб чиқади;
суғуртанинг мажбурий турлари бўйича суғурта қилиш қоидалари (шартлари) ва суғурта тарифлари белгилаш бўйича таклифлар тайёрлайди;
д) суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан суғурта фаолияти соҳасидаги қонун ҳужжатларига, шунингдек, уларнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш бўйича белгиланган норматив ва талабларга риоя этилишини назорат қилиш соҳасида:
суғурта бозори иштирокчилари учун белгиланган тўлов қобилияти кўрсаткичлари ва бошқа молиявий барқарорлик талаблари таъминланиши устидан назоратни амалга оширади;
суғурталовчилар томонидан Ўзбекистон Республикасининг суғурта фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини ва уларнинг ҳисоботлари тўғрилигини, шунингдек, тўлов қобилияти кўрсаткичларини ҳамда бошқа молиявий барқарорлик талаблари таъминланишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда текширади;
суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан йўл қўйилган бузилишларни ҳисобга олиш ва таҳлил қилиш дастурини амалга оширади;
е) суғурталовчилар (қайта суғурталовчилар) ва суғурта брокерларининг суғурта фаолиятини лицензиялаш, актуарийлар фаолиятини сертификатлаш соҳасида:
суғурта фаолиятини амалга ошириш учун лицензия берилиши ҳақидаги аризани қабул қилади, уни кўриб чиқади ва лицензия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади;
суғурта фаолиятини амалга ошириш учун лицензия беради;
суғурта фаолиятини амалга оширишда лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади;
актуарийлар малака сертификати берилиши юзасидан тақдим этган ҳужжатларни белгиланган муддатларда кўриб чиқади ва малака имтиҳони якунлари асосида малака сертификатини бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади;
актуарий малака сертификатини беради;
суғурта фаолиятини амалга ошириш учун берилган лицензиялар реестрини юритади.
ж) суғурта бозорининг ҳолати ва унинг профессионал иштирокчилари фаолиятининг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш, масофавий назорат қилиш ва тезкор онлайн-мониторингини олиб бориш бўйича интеграциялаштирилган ахборот тизимини шакллантириш ва юритиш соҳасида:
мониторинг қилиш ахборот-коммуникация тизимлари орқали суғурталовчиларнинг ҳақиқий суғурта мукофотлари ҳажмларини назорат қилади;
з) аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг ўсиб бораётган эҳтиёжларини таъминлашга қаратилган суғурта хизматларининг талаб юқори бўлган анъанавий турларини ривожлантиришга ва янги турларини жорий қилишга кўмаклашиш, қишлоқ хўжалиги фаолияти соҳасида суғурта ҳимоясини кучайтириш соҳасида:
ўз ваколати доирасида суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари ишини методик таъминлайди;
аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг суғурта бозоридаги ўсиб бораётган талабларини таъминлаш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги фаолияти соҳасида суғурта ҳимоясини кучайтириш ишларини ташкил қилади;
и) хорижий давлатларнинг ўхшаш тузилмалари, халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий ташкилотлар билан суғурта фаолияти соҳасида ҳамкорликни ташкил этиш соҳасида:
суғурта масалалари бўйича ҳалқаро шартномалар ва битимларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади ҳамда маҳаллий суғурта ташкилотларининг бошқа мамлакатлар суғурта компаниялари билан халқаро ҳамкорлигини ривожлантиришга кўмаклашади.
Агентлик қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.