Санаш орқали тўлиқсиз индукция ёки оммабоп индукция (энумератив индукция) индуктив йўл билан умумлаштиришнинг шундай турики, унда бир синфга мансуб предметларнинг бир қанчасида бирорта белгининг такрорланишини кузатиш асосида, унинг шу синфга кирувчи барча предметларга хослиги ҳақида эҳтиомолий тарздаги хулоса чиқарилади.
Санаш орқали тўлиқсиз индукциянинг объектив асосини инсонларнинг кўп йиллик ҳаётий фаолияти, авлоддан авлодга ўтиб келаётган турмуш тажрибалари натижалари ташкил этади. Масалан, ёз жуда иссиқ келганда, қишда қаттиқ совуқ бўлиши мумкинлиги, қалдирғочларнинг учиб кетаётгани ҳавонинг совий бошлаганини билдириши ва шу каби хулосалар инсонларнинг оби-ҳавони узоқ йиллар давомида кузатишининг натижасидан иборат.
Кишиларнинг кундалик ҳаётий тажрибасига асослангани, соғлом ақл юритишга хос хусусиятларни ўзида мужассамлантиргани учун ҳам хулоса чиқаришнинг бу усулини оммабоп индукция деб аташади.
Оммабоп индукциянинг муҳим хислатларидан бири кузатилаётган ҳолларга зид бўлган ҳолнинг йўқлигига ишонч ҳосил қилишдир. Яъни, бунда бирорта белгининг берилган синф предметларининг бир нечтасида такрорланишини қайд этиш билан чекланмасдан, уларга зид бўлган ҳолнинг йўқлиги ҳам аниқланади. Бу, одатда оммабоп индукция асосида қатъий хулосага келишдан олдин «Шошмай тур-чи, қани, яна бир текшириб кўрайлик!», деган фикрга суяниб иш қилишга ундайди, «Етти ўлчаб, бир кесиш»га чақиради. Ана шунинг учун ҳам оммабоп индукцияни ҳалқ донишмандлигининг намоён бўлиши турларидан бири, деб айтиш мумкин.
Оммабоп индукция асосланадиган белгиларнинг такрорланиши хақиқатан ҳам кўп ҳолларда, индуктив хулоса чиқаришнинг бошқа турларида бўлгани сингари, ҳодисаларнинг умумий ҳусусиятларини акс эттиради. Ана шунинг учун ҳам бу усул билан олинган хулосанинг чин бўлиши эҳтимоли нисбатан юқорироқ ҳисобланади ва унга таяниб кишилар ўз фаолияти йўналишларини, амалга ошириш механизмларини белгилайдилар.
Оммабоп индукциянинг энг оддий умулашмаларисиз дехқончилик, ҳалқ ҳунармандчилиги, оддий ҳўжалик ишларини ва шу кабиларини амалга ошириб бўлмайди. Масалан, Мирзо Улуғбек номидаги ўзМУ кутубхонасидаги китобларнинг қандай аҳволда эканлигини билиш учун (хулосавий билим ҳосил қилиш учун), ундаги китобларнинг бир қисмини-турли қаватлардаги, турли бўлимлардаги, турли жовонлардаги китоблардан бир қанчасини олиб текшириб кўриш кифоя. Худди шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайловлар олдидан округлардаги депутатликка номзодлар, сиёсий партияларнинг мавқеалари хақида сайловчиларнинг бир қисмининг фикрини билиш (масалан, сўроқ ўтказиш йўли билан) асосида муайян хулосаларга келиш мумкин. Бу мисолларда муҳокама оммабоп индукция схемаси бўйича қурилган.
Кундалик ҳаётий тажриба, соғлом ақл илмий билишнинг бошланғич асоси сифатида унинг қўядиган дастлабки қадамларини, ҳаракат йўналишларини аниқлашга ёрдам беради. Хусусан, фан ўз тараққиётининг дастлабки босқичида эмпирик тадқиқотлар ўтказади: объект устида ўтказаётган тажриба, кузатиш давомида тўпланган фактларни тасвирлайди, классификация қилади, такрорланиб турувчи хусусиятларни аниқлайди, индуктив умумлашмалар шаклидаги эмпирик қонуниятларни шакллантиради. Бу эса, ўз навбатида ўрганилаётган объект хақида турли хил гипотезалар қуришга, ҳодисаларни олдиндан кўришга, илмий башоратлар қилишга ёрдам беради.
Шуни айтиш керакки, оммабоп индукциянинг хулосаси билиш субъекти учун қулай фактларни санаб кўрсатишга асосланганлиги боис, эҳтимолий, тахминий фикр бўлишдан юқорига ўта олмайди. У қўшимча текширишлар ўтказишни, мавжуд ҳолатлар ва ҳолларда предмет табиатининг ўзгаришини аниқлаштиришни тақозо этади. Чунки қулай ҳолларни, фактларни санаб кўрсатиш дастлаби индуктив умумлашмалар ҳосил қилишнинг зарурий шарти бўлса-да, ўз ҳолича етарли эмас.
Хусусан, бирорта белгининг бир туркум предметларда такрорланиши воқеанинг кечиши билан боғлиқ тасодифий ҳолат ҳам бўлиши мумкин. Албатта, зарурият билан боғланманган, уни у ёки бу даражада ифода қилмайдиган тасодиф йўқ. Масалан, тажриба олиб борилаётган итга ёнида турган лампочка ёнгандан кейин овқат бериш бир неча марта такрорланса, бу итда шартли рефлекс ҳосил бўлишига олиб келади. Бунда лампочка билан овқат бериш ўртасидаги алоқа ўз ҳолича тасодифий деб олиб қаралиши мумкин. Лекин у итда шартли рефлекснинг ҳосил бўлиши билан бир системада олинганда заруриятни ифода этадиган такрорланиб турувчи ҳодисага айланади.
Бу ҳодиса, ва, умуман, бир жинсли предметларда такрорланиб турувчи барча ҳодисалар, инсоннинг билиши жараёнида ақл ёрдамида талқин қилинади, «қайта ишланади» ҳамда «Бу такрорланиш зарурият, қонуниятнинг ифодаси бўлиши мумкин», деган тахминнинг яратилишига олиб келади. Умумий ҳолда ифодаланган бу тахмин билишнинг кейинги босқичида тўлиқсиз индукция ҳосил қилувчи умумлашманинг асосли бўлишини таъминлайдиган миқдорий ва сифатий омилларнинг ўзаро таъсирининг кучайишига, ва, демак, хулосанинг ишончлилик даражасининг ортишига олиб келади. Бунда сифатий омил белги такрорланиб турувчи ҳодисалар мавжуд бўлган шароитнинг ўзгариб туришини тақоза этади. Ўзгариб турган шароитларда ҳодиса белгисининг такрорланиши унинг зарурий характерга эга эканлиги ҳақидаги ишончни орттиради. Ана шундай сифатий омил амал қилган шароитда миқдорий омил ҳам-бир типдаги ҳолларнинг кўп бўлиши (улар қанча кўп бўлса, умумлаштириши эҳтимоли ва натижаси шунча яхши бўлади) ҳолати ҳам мавжуд бўлса, хулосанинг чин бўлиши эҳтимоли ортади.
Юқоридаги сайлов ҳақидаги мисолга қайтадиган бўлсак, сўроқ натижаларининг чин бўлиш эҳтимоли сифатий (респондентлар тасодифан эмас, балки аҳолининг қайси қатламига мансублиги, ёши, жинси ва шу кабилар ҳисобга олинган ҳолда ажратиб олинса) ва миқдорий (сифатий ҳолат билан боғлиқ равишда респондентлар сони кўп бўлса) кўрсатгичлар ҳисобга олинган ҳолда ортади, деган хулосага келиш мумкин. «Кузатиш шароитнинг турли-туман бўлиши» (белги такрорланиб турувчи ҳодисалар шароитининг ўзгариб туриши) тушунчаси кузатиш объектининг характерига қараб турли хил нарсаларни: фазодаги, вақтдаги, функциясидаги ва уларнинг аралашган ҳолатидаги хилма-хилликни ифода этиши мумкин. Турли хил вариантларни ҳисобга олмаслик кўпинча оммабоп индукция хулосасининг хато бўлишига олиб келади: масалан, утопик социалист Роберт Оуэннинг у кишиларнинг социал гуруҳларнинг эҳтиёжлари, уларнинг яшаш шароитлари, фаолият турларининг хусусиятларини ва бошқа қатор ижтимоий омилларни ҳисобга олмагани учун унинг Нью-Ланарк колониясида ўтказган социал эксперименти, кузатишлари натижаларини умумлаштириш асосида ҳосил қилган жамиятни социалистик асосда қайта қуриш ҳақидаги хулосаси ҳато бўлган.
Оммабоп индукция бўйича хато хулоса кузатилаётган ҳолларга зид бўлган ҳолни ҳисобга олмаслик натижасида ҳам келиб чиқиши мумкин. Бу кўп учраган фактларни таҳлил қилишга берилиб кетиб, бошқа ҳолатларнинг мавжуд бўлишини унутган ҳолларда тез-тез учраб туради.
Шунингдек, оммабоп индукция зид ҳолатлар хақидаги фактларни қасддан яширган ёки фактларни аввалдан ўйлаб топиб қўйган хулоса учун тўплаган ҳолларда хато натижаларни беради.
Турли хил ғаройиб нарсаларга ишониш оқибатида ҳосил қилинадиган индуктив умумлашмалар, масалан «кўз тегиш», «йўлни мушук кесиб ўтса, ишнинг юришмаслиги», «тушда гўшт кўринса, яқин кишилардан бириниг касал бўлиб қолганлиги» ҳақидаги хулосалар ҳам кўпинча хақиқатга мос келмайди.
Шундай қилиб, оммабоп индукция бўйича олинадиган хулоса эҳтимолий характерга эга бўлади. Унинг чинлик даражасини ошириш учун юқорида кўрсатиб ўтилган қатор методологик талабларга риоя этиш зарур, ана шундагина у тўғри мухокама юритишнинг самарали воситасига айланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |