Маъмулотнинг англанганлиги. Биз ўзимиз тўла англаган, тушунган нарсаларни осонрок эсга туширамиз. Масалан, алфавитни жуда осон эсга туширамиз, ёки 1, 2, 3, 4 ва ҳакозо тартибли сонларни бир кўргандан сўнг у миллионгача бўлса ҳам эсга туширишимиз сираям қийин эмас. Лекин шу сонлардан бор йўғи 7 - 8 тасини тескари ёки аралаш тартибда ёзилган бўлса, уларни эсга тушириш анча мушкул бўлади. «Психология» ёзувини эсга тушириш жуда осон, лекин «и п и о х о я с л г» ҳарфлари тўплами айнан ўша ҳарфлардан иборат бўлса ҳам сира эсга тушира олмаймиз. Демак, материални яхшилаб эсда сақлаш ва эсга тушириш учун уни тушуниш ва англаш керак. Мазмунини ва моҳиятини тушунган холда иложи бўлса, ўзимиздаги қизиқишларга боғлай олишимиз керак.
Кутилмаган маълумот. Кутилмаганда пайдо бўлган янги ва яхши маълумот ҳам яхши эсга тушади. Масалан, сонлар қаторида берилган битта ҳарф, ёки аксинча, ҳарфлар орасидаги битта сон, узун жумлалар орасида пайдо бўлган қисқа жумла эсга тезрок ва аниқрок тушади. Бунинг оддий сабаби - биз кутилмаганда пайдо бўлган маълумот ёки нарсага ҳайратланамиз, жонли эмоциялар билан жавоб берамиз, бу эса яхши эслаб қолишга ва керак бўлганда, ёрқин тиклашга асосдир.
Маълумотнинг мазмун ёки шакл жиҳатдан бир-бирига яқинлиги. Масалан, агар кўплаб бир-бирига боғлиқ бўлмаган сўзлар орасида «эркак» ва «аёл» сўзлари пайдо бўлган бўлса, биттасининг эсга туширилиши иккинчисининг ҳам эсда тикланишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам ўқув режасига киритилган барча фанлар шундай бирин-кетинликда бериладики, бирини ўзлаштириш иккинчисининг ҳам ўзлаштирилиши, бир - бирини тўлдиришга хизмат қилсин.
Эсда сақлаш вақти билан эсга тушириш вақти ўртасидаги фарқ. Одамда берилган маълумотни идрок қилиш ва шу орқали эсда сақлаш вақти канчалик кўп бўлса, эсга тушириш ҳам осонроқ бўлади. Шунинг учун ҳам узоқ муддатли хотирада сақланадиган информация узоқ вақт мобайнида, кўпинча бир неча марта қайтариб берилади, қисқа муддатлида эса бир марта, қисқа фурсатда берилади ва шу нарса эсга тушириш керак бўлганда, тикланмайди. Масалан, бирор текстни компьютерга киритиш учун ўртоғингизга бериб, кейин нималарни киритганини сўранг. Жавоб аниқ: «Эсимда йўқ». Яъни маълумотнинг умумий мазмуни ёдда қолса ҳам, асосий тушунчалар ва моҳият эсда қолмайди.
Шундай қилиб, хотира фаол жараён бўлиб, у шахснинг у ёки бу турли маълумотлар билан ишлаш малакасига, унга муносабатига, материалнинг қимматини тасаввур қилишига бевосита боғлиқ бўлади. Энг характерли нарса шуки, инсон фақат эшитган маълумотининг 10 фоизини, эшитган ва кўрган нарсасининг 50 фоизгачасини, ўзи фаол бажарган ишларининг деярли 90 фоизини ёдда сақлайди. Бу кўплаб психологик экспериментларда исбот қилинган. Шахснинг ўзи уйлаб топиб, ўзи бевосита бажарган ишлари жуда осон эсга тушади. Бу ҳодиса психологияда генерация эффекти деб аталади. Агар талаба ёки ўқувчи ҳам ўзи бирор теоремани мустақил равишда исбот қилган бўлса, ёки бирор хулосага мустақил равишда келолган бўлса, ўқитувчи тушунтирган ҳодисага яқин нарса тўғрисида ўртоқларига сўзлаб берган бўлса, албатта уни хохлаган пайтда осонгина эсга туширади. Шунинг учун ҳам охирги пайтларда ўйин методлари, мунозара методларидан ўқув жараёнида ҳам кенг фойдаланилмоқда. Ҳаттоки, катталарни қисқа фурсатда ўқитиш ва малакаларини оширишда ҳам турли хил амалий ўйинлардан, ижтимоий психологик тренинглардан фойдаланишнинг маъноси ҳам шунда - яхши ва тез эслаб қолиш ҳамда самарали эсга тушириш. Иқтисодий ўқувларда турли хил «кейс стади» ларни таҳлил қилиш ва ўз нуқтаи назарича мақбул ҳаракат шакллари қарорлар қабул қилиш ҳам мутахассислар малакасини оширишга самарали таъсир кўрсатади.
Do'stlaringiz bilan baham: |