2. Фаолиятнинг тузилиши..
Одатда фаолиятга таъриф берилганда, биринчи галда англашилган мақсад билан бошқарилиши, сўнгра психик (ички) ва жисмоний (ташқи) фаолликдан иборат эканлиги таъкидлаб ўтилади. Лекин ушбу белгилар фаолият таърифини мукаммал тарзда очиб беришга қурби етади, деган гап эмас, албатта.
Инсон фаоллигида англанилган мақсад мавжудлиги тўғрисида мулоҳаза юритиш учун ҳар хил хусусиятли бир қанча омилларга мурожаат қилишга тўғри келади. Фаолиятнинг мотивлари, рўёбга чиқариш воситалари, ахборот танлаш ва уни қайта ишлаш англанилган ёки англанилмаган, баъзан англанилганлик нотўкис, ҳатто у нотўғри бўлиши мумкин. Жумладан: а) мактабгача ёшдаги бола ўйин фаолиятига нисбатан эҳтиёжини гоҳо англайди, холос; б) бошланғич синф ўқувчиси ўқув мотивларини ҳамиша ҳам англаш қурбига эга бўлмайди; в) ўсмир ҳам хулқ мотивларини нотўкис ва нотўғри англаши мумкин; г) ҳатто вояга етган одам баъзан хулқ мотивини ноўрин хаспўшлашга интилади. Бундан ташқари, ҳатто фаолиятни амалга оширишни режалаштириш, уни рўёбга чиқариш учун қарор қабул қилиш, маҳсулани тахминлаш, хулоса чиқариш ҳам англанилганлик кафолатига эга эмасдир. Чунки фаолиятни рўёбга чиқарувчи ҳаракатнинг аксарияти онг томонидан бошқарилмайди, жумладан, велосипед учиш, куй чалиш, китоб ўқиш, телефон қилиш одатий ҳодисадир.
Шуни уқтириб ўтиш лозимки, фаолиятнинг жабҳаларини онгда акс этиш даражаси ва мукаммаллиги унинг англанилганлиги кўрсаткичи, мезони ҳисобланади. Лекин фаолиятнинг англанганлиги даражаси кенг кўламли бўлишига қарамасдан, мақсадни кўзлаш (англаш) унинг устувор белгиси вазифасини ўйнайверади. Фаолиятда мақсадни англаш иштирок этмаса, унда у ихтиёрсиз(импульсив) хатти-ҳаракатга айланиб қолади ва бундай ҳолат кўпинча ҳиссиёт билан бошқарилади. Жаҳл, ғазаб (аффект), кучли эҳтирос ҳолатлари юз берган одам ихтиёрсиз ҳаракат қилади. Бироқ хатти-ҳаракат ихтиёрсизлиги унинг англанилмаганлигини билдирмайди, аксинча бунда инсон мотивининг шахсий жабҳаси англанилган бўлади, унинг ижтимоий мазмуни эса қамраб олинмайди
3. Фаолиятнинг асосий турлари
Фаолиятни классификастия қилиш ва турларга бўлишнинг яна бир кенг тарқалган усули - бу барча инсонларга хос бўлган асосий фаоллик турлари бўйича табақалашдир. Бу - мулоқот, ўйин, ўқиш ва меҳнат фаолиятларидир.
Мулоқот - шахс индивидуал ривожланиши жараёнида намоён бўладиган бирламчи фаолият турларидан бири. Бу фаолият инсондаги кучли эҳтиёжлардан бири - инсон бўлиш, одамларга ўхшаб гапириш, уларни тушуниш, севиш, ўзаро муносабатларни мувофиқлаштиришга қаратилган эҳтиёжларидан келиб чиқади. Шахс ўз тараққиётини айнан шу фаолият турини эгаллашдан бошлайди ва нутқи орқали (вербал) ва нутқсиз воситалар (новербал) ёрдамида бошқа фаолият турларини мукаммал эгаллашга замин яратади.
Ўйин - шундай фаолият турики, у бевосита бирор моддий ёки маънавий неъматлар яратишни назарда тутмайди, лекин унинг жараёнида жамиятдаги мураккаб ва хилма-хил фаолият нормалари, ҳаракатларнинг символик андозалари бола томонидан ўзлаштирилади. Бола токи ўйнамагунча, катталар хатти-ҳаракатларининг маъно ва моҳиятини англаб етолмайди.
Ўқиш фаолияти ҳам шахс камолотида катта роль ўйнайди ва маъно касб этади. Бу шундай фаолликки, унинг жараёнида билимлар, малака ва турли кўникмалар ўзлаштирилади.
Меҳнат қилиш ҳам энг табиий эҳтиёжларга асосланган фаолият бўлиб, унинг мақсади албатта бирор моддий ёки маънавий неъматларни яратиш, жамият тараққиётига хисса қўшишдир.
Ҳар қандай касбни эгаллаш, нафақат эгаллаш, балки уни маҳорат билан амалга оширишда фаолиятнинг барча қонуниятлари ва механизмлари амал қилади. Оддийгина бирор касб малакасини эгаллаш учун ҳам унга алоқадор бўлган маълумотларни эслаб қолиш ва керак бўлганда яна эсга тушириш орқали уни бажариш бўлмай, балки ҳам ички (психик), ҳам ташқи (предметга йўналтирилган) ҳаракатларни онгли тарзда бажариш билан боғлиқ мураккаб жараёнлар ётишини унутмаслик керак. Лекин ҳар бир шахсни у ёки бу фаолият тури билан шуғулланишига мажбур қилган психологик омиллар - сабаблар муҳим бўлиб, бу фаолият мотивларидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |