1.2 Давлат томонидан инновацион фаолиятни тартибга солиниши
Давлат томонидан инновацион фаолиятини тартибга солиниши Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, ваколатли давлат бошқаруви органлари ва бошқа давлат ташкилотлари, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари томонидан ушбу Қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида белгиланган ваколатлари доирасида амалга оширилади.
15-модда. Давлат томонидан инновацион фаолиятни тартибга солишнинг турлари
Давлат томонидан инновацион фаолиятни тартибга солиш қуйидаги кўринишда амалга оширилади:
инновацион фаолият соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш (чиқариш);
республика ва тармоқ инновацион ривожланиш концепциялари ва дастурларини тайёрлаш ва амалга ошириш;
мамлакатнинг интеллектуал ва технологик салоҳиятини оширишнинг ўртача ва узоқ муддатли сценарийлари асосида инновацион ривожланиш устувор йўналишларининг инновацион ривожлантириш моделларини шакллантириш имконини берадиган самарали стратегик режалаштириш тизимини яратиш;
давлат хизматлари кўрсатишнинг таомиллари жараёнини мақбуллаштириш ва соддалаштириш, давлат бошқаруви органлари фаолияти самарадорлигини оширишни таъминлайдиган давлат бошқаруви инновацион шаклларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
инновацион ва технологик ривожланишни прогноз қилишни ташкил этиш;
техник тартибга солиш ва стандартлаштиришни амалга ошириш.
16-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Президенти:
Инновацион фаолият соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини белгилайди;
Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиши давлат стратегиясини тасдиқлайди;
инновацион фаолият соҳасида давлат сиёсатини амалга оширадиган Ўзбекистон Республикаси ваколатли давлат бошқаруви органини белгилайди;
Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа ваколатларни амалга оширади.
17-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
мамлакатнинг интеллектуал ва технологик салоҳиятини оширишнинг ўртача ва узоқ муддатли сценарийлари асосида инновацион ривожланиш устувор йўналишларининг инновацион ривожлантириш моделларини шакллантириш имконини берадиган инновацион ривожланиш давлат стратегиясини шакллантиришда иштирок этади;
инновацион ривожланиш давлат стратегиясини амалга оширилишини таъминлайди;
инновацион ривожланиш тармоқ давлат концепцияларини ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини таъминлайди;
Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа ваколатларни амалга оширади.
18-модда. Инновацион фаолиятни тартибга солишда ваколатли органнинг ваколатлари
Ваколатли давлат бошқаруви органи:
Ўзбекистон Республикасини инновацион ва илмий-техник ривожлантириш соҳасида жамият ва давлат ҳаётини ҳар томонлама ривожлантиришга, мамлакатнинг интеллектуал ва технологик салоҳиятини оширишга қаратилган ягона давлат сиёсатини, инновацион фаолият соҳасида тартибот ва бошқарувни амалга оширади;
мамлакатнинг интеллектуал ва технологик салоҳиятини оширишнинг ўртача ва узоқ муддатли сценарийлари асосида инновацион ривожланиш устувор йўналишларининг инновацион ривожлантириш моделларини шакллантиришга имкон берадиган стратегик режалаштиришни амалга оширади;
давлат хизматлари кўрсатишнинг таомиллари жараёнини мақбуллаштириш ва соддалаштириш, давлат бошқаруви органлари фаолияти самарадорлигини оширишни таъминлайдиган давлат бошқаруви инновацион шаклларини ишлаб чиқади ва жорий этишга кўмаклашади;
давлат бошқаруви органлари ва бошқа давлат ташкилотлари, маҳаллий бошқарув органлари ва вилоят (ҳудудий) миқёсдаги ҳокимият органларининг инновацион фаолият соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;
Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш давлат дастурини шакллантиради ва унинг амалга оширилишини мувофиқлаштиради;
иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларини ҳар томонлама ривожлантиришни таъминловчи замонавий ахборот-коммуникация, саноат ва бошқа инновацион технологияларни жадал жорий этишни таъминлайди;
инновационо-технологик прогнозлаштиришни амалга оширади;
инновацион фаолият мониторинги ўтказилиши илмий-методик таъминотини амалга оширади;
инновацион ғоялар ва технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш соҳасига инвестицияларни кенг жалб этиш, уларнинг янада ривожланишини таъминловчи норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича сиёсатни амалга оширади;
иқтисодий фаолият турлари ва ҳудудлар, ҳудудий бирликлар бўйича инновацион ривожланиш даражасини баҳолашни ўтказиш тартибини белгилайди;
инновацион инфратузилма яратилиши ва ривожланишига кўмаклашади, илмий-тадқиқот ва инновацион фаолият ютуқларини самарали жорий этиш механизмларини шакллантиради;
инновацион фаолият субъектлари, жамоат бирлашмалари, кенгашлар ва комиссияларнинг вакилларини экспертлар сифатида жалб қилган ҳолда, инновацион дастурлар ва лойиҳалар экспертизаси, технологик аудитини ташкил этишни таъминлайди;
инновацион фаолият субъектлари томонидан ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш учун давлат буюртмасини шакллантириш ва жойлаштириш бўйича давлат буюртмачиси функцияларини амалга оширади;
инновацион фаолият субъектлари ва объектлари реестрининг юритилишини амалга оширади;
Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа ваколатларини амалга оширади.
19-модда. Тармоқ бошқарув органлари ва бошқа ташкилотларнинг ваколатлари
Тармоқ бошқарув органлари ва бошқа ташкилотлари:
таҳлил асосида тегишли тармоқдарда давлат инновацион сиёсати ва иновацион фаолият йўналишлари юзасидан таклифлар шакллантиради;
тармоқ олдига қўйилган вазифалар ва асосий макроиқтисодий, бюджет, солиқ, пул-кредит параметрларини, шунингдек иқтисодиётга интеграция жараёнларининг таъсирини ҳисобга олиб, ўрта ва узоқ муддатли тармоқ стратегиялари ҳамда инновацион фаолиятни ривожлантириш концепцияларини ишлаб чиқишда иштирок этади;
тегишли тармоқларнинг инновацияларга бўлган эҳтиёжини таҳлил қилиш асосида, ва тармоқ инновацион ривожланиш концепциялари ва инновацион лойиҳаларини шакллантириш ва амалга оширишни таъминлайди;
инновацион фаолиятни тартибга солиш ва рағбатлантириш механизмларини такомиллаштириш бўйича таклифларни шакллантиради ва кўриб чиқиш учун киритади;
тегишли тармоқларнинг инновацион инфратузилмаларини яратиш ва ривожлантиришга кўмаклашади;
Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа ваколатларни амалга оширади.
20-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ваколатлари
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:
ҳудудлар эҳтиёжлари таҳлили асосида ҳудудий инновацион ривожланиш концепцияларини, инновацион дастурларни ва тегишли ҳудудлар лойиҳаларини шакллантиради ва уларнинг амалга оширилишини таъминлайди;
маҳаллий бюджет ҳисобидан молиялаштирилган ҳудудий инновацион дастурлар ва лойиҳаларни амалга ошириш жараёнини назорат қилади, шунингдек ушбу маблағлар мақсадли сарфланиши устидан назоратни амалга оширади;
ҳудудда инновацион инфратузилма яратилиши ва ривожланишига кўмаклашади;
Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа ваколатларни амалга оширади.
21-модда. Ваколатли давлат вилоят (ҳудудий) органлари
Қорақалпоғистон Республикаси Министрлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимияти ваколати доирасига қуйидагилар киради:
тегишли ҳудудда ягона инновацион сиёсатни амалга ошириш бўйича таклифларни тайёрлаш;
тегишли ҳудудда ягона инновацион сиёсатни амалга оширишга кўмаклашишнинг самарали мехнизмларини яратиш ва амалга ошириш;
Ўзбекистон Республикаси миллий инновацион тизимини ривожлантириш Давлат дастурларини бажарилишини таъминлаш;
ушбу вилоят олдида қўйилган вазифаларни ҳисобга олган ҳолда, макроиқтисодий, солиқ-бюджет, пул-кредит параметрлари, шунингдек, интеграция жараёнларининг иқтисодиётга таъсирини баҳолаш билан ўзаро боғлиқликда ҳудудий миқёсда инновацион фаолияти ўрта ва узоқ муддатли ривожланиши стратегиялари ишлаб чиқиш ва стратегик устувор йўналишларни шакллантиришда иштирок этади;
ҳудудда инновацион фаолиятни ривожланишига кўмаклашиш ва замонавий инновацион инфратузилма яратилишига кўмаклашиш;
ўз ваколатлари доирасида вилоят (ҳудудий) инновацион дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
ҳудуд иқтисодиёти тармоқларида инновацион маҳсулотни жорий этилишига кўмаклашиш;
инновацион фаолият субъектларини яратишда иштирок этиш:
Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа ваколатларни амалга ошириш.
22-модда. Инновацион ривожланиш соҳасидаги давлат сиёсати
Жамият ва давлат ҳаётини ҳар томонлама ривожлантириш, мамлакатнинг интеллектуал ва технологик салоҳиятини оширишга қаратилган ўрта ва узоқ муддатли даврларга Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсати ваколатли давлат органининг маърузаси асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.
Миллий инновацион тизимни ривожлантириш давлат дастури Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантиришнинг асосий йўналишларини рўёбга чиқарилишини белгиловчи ва таъминловчи асосий ҳужжат ҳисобланади ва беш йил муддатга Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.
Ўзбекистон Республикасининг Миллий инновацион тизимини ривожлантириш давлат дастурини ишлаб чиқиш ва шакллантириш, шунингдек унинг бажарилиши устидан назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
23-модда. Иқтисодиёт тармоқларига инновацияларни жорий этиш соҳасида инновацион сиёсатни шакллантириш
Иқтисодиёт тармоқларига инновацияларни жорий этиш соҳасида инновацион сиёсат инновацион фаолиятни тартибга солувчи ваколатли давлат органи ва ваколатли тармоқ давлат органлари ҳамда ўзга давлат бошқаруви органлари томонидан шакллантирилади.
Иқтисодиёт тармоқларига инновацияларни жорий этиш соҳасида инновацион сиёсат беш йилгача муддатга инновацион ривожланиш дастурлари кўринишда шакллантирилади ва Вазирлар Маҳкамаси, ваколатли давлат органи, инновацион фаолиятни тартибга солувчи ваколатли тармоқ давлат органлари ва (ёки) бошқа давлат бошқаруви органлари томонидан тасдиқланади.
Иқтисодиёт тармоқларига инновацияларни жорий этиш соҳасида инновацион сиёсат қуйидаги йўналишлар бўйича амалга оширилади:
маҳаллий инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни илгари суриш ва амалда фойдаланиш механизмларни шакллантириш, тез ўзгариб бораётган жаҳон бозори конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда, миллий иқтисодиётнинг жадал ривожланишига кўмаклашишга қаратилган илмий тадқиқотлар олиб борилишини ташкил этиш;
республиканинг инвестицион салоҳияти, инновацион инфратузилма субъектлари фаолиятининг самарадорлиги ўсишига кўмаклашиш;
макроиқтисодий, солиқ-бюджет, пул-кредит параметрлари билан ўзаро боғлиқликда иқтисодиёт тармоқларини ўрта ва узоқ муддатли инновацион ривожлантириш сценарийларини шакллантириш;
инновацияларни жорий этиш ва ҳудудлар иқтисодиётини диверсификация қилиш кўламини кенгайтириш, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан орқада қолган туманлар ва шаҳарларни жадал ривожлантириш ҳисобига ҳудудлар иқтисодий тараққиётидаги номутаносибликларнинг олдини олиш.
24-модда. Ҳудудий инновацион сиёсат ва уни шакллантириш
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоят (ҳудуд) даражадаги Халқ депутатларининг вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан беш йил муддатга ҳудудий инновацион ривожланиш сиёсати шакллантирилади, шунингдек у Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоят (ҳудуд) даражадаги Халқ депутатларининг вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан тасдиқланадиган ҳудудий инновацион ривожланиш дастури кўринишида шакллантирилиши мумкин.
Ҳудудий инвестицион дастурлари жойлардаги давлат ҳокимияти органлари томонидан, ўз ваколатлари доирасида, керакли ташкилий, молиявий ва ўзга қўллаб-қувватлашни таъминлаб, яратишда инновацион фаолият субъектлари иштироки билан, инновацион фаолият соҳасида ўзга ваколатларни амалга ошириб, ишлаб чиқилади ва амалга оширилади.
25-модда. Инновацион фаолиятни солиқлар орқали тартибга солиш
Инновацион фаолият субъектлари учун Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ солиққа тортиш бўйича тегишли имтиёзлар ва преференциялар назарда тутилиши мумкин.
26-модда. Инновацион фаолият учун кадрлар таркибини шакллантириш
Инновацион фаолият учун кадрлар таркибини шакллантириш инновацион фаолият соҳасида ходимларни ўқитиш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш йўли билан тегишли вазирликлар, идоралар ва ўзга ташкилотлар томонидан амалга оширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |