Ўрта Осиё ҳарбий санъати тарихи
Энг қадимги қурол-яроғларнинг пайдо бўлиши ва такомиллашиб бориши қадимги меҳнат қуроллари ривожи билан чамбарчас боғлиқ. Дастлаб овчилик қуроли сифатида ихтиро қилинган ўқ-ёй замонлар ўтиши билан қадимги даврнинг энг даҳшатли қирғин қуролига айланди. Бу қурол минг йиллар давомида ов қилинган ҳайвон ва қушлардан ҳам кўра, кўпроқ инсонлар ҳаётига чанг солганлигини таъкидлаб ўтиш лозим.
Тарихнинг қадимга даврида ҳайвонот ва ўсимлик дунёси бой, шунингдек, ҳаёт кечириш учун етарли шароитлар бўлган. Бироқ ибтидоий тўдаларнинг манфаатлари тўқнаш келадиган ҳолларда қирғинбарот урушлар ҳам бўлиб турганки, бу эса ўз навбатида, одамларни ҳужум ва ҳимоя қуролларини такомиллаштиришга ундаган.
Бундан ташқари, деҳқончилик ва чорвачиликнинг ривожланиши, янги ерлар ва яйловларнинг ўзлаштирилиши кабилалар ўртасида хосилдор ерлар ва яйловлар учун курашни келтириб чиқарди. Бу шароитда болталар, найза ва ўқлар бевосита меҳнат ва ов қуролидан ўзаро хужум ва ҳимоя қуролига айланиб борди.
Самарали хужум уюштириш ёки ишончли ҳимояланиш учун кишилар йирик ҳарбий иттифоқларга бирлашишга мажбур бўлдилар. Илк давлат бирлашмалари давридаёқ ҳарбий лашкарлар тузила бошланган ва шу тариқа, ҳарбий санъат тарихига асос солинди. Манзилгоҳлар мудофаа деворларибилан ўралиб, муҳим транзит алоқа йўлларибўйида махсус қўрғонлар, мудофаа иншоатлари, алоқа миноралари барпо этила бошланди. Шаҳарларнинг мудофаа девори чуқур хандаклар билан ўраб олиниб, буржлар билан мустаҳкамланди, деворларда ўқ узишга мўлжалланган кўплаб шинаклар барпо этилди, турли қурол-яроғ турлари такомиллашиб борди, жанг аравалари пайдо бўлди. Бу жараёнларнинг барчаси Ўрта Осиёнинг қадимги тарихига ҳам хосдир. Милоддан аввалги 1У-Ш минг йилликнинг биринчи ярмида Ўрта Осиёдаги энг қадимги деҳқончилик ўчоғи бўлган Туркманистон жанубида мудофаа деворлари билан ўраб олинган маконлар пайдо бўлган. Улар гарчи мудофаа нуқтаи назаридан унчалик мустаҳкам бўлмай, кўпроқ пахсадан қилинган тўсиқдек кўринсада, аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш учун қурилганлиги, шубҳасиздир.
Ўзбекистон ҳудудида мудофаа тизими бронза даврида ривожлана бошлади. Масалан, Сурхон воҳасидаги унча катта бўлмаган Сополлитепа макони уч қатор мудофаа девори билан ўраб олинган. Бу мудофаа тизимининг аҳамиятили жиҳати шундаки, унинг дастлабки икки қатор девори ўзига хос лабиринтлар-“тузоқлар” вазифасини ҳам бажарган. Шунингдек , бронза даврида-милоддан аввалги Ш минг йилликнинг иккинчи ярми- милоддан аввалги 11 минг йилликда ўтроқ деҳқон ва чорвадор аҳоли орасида бронзадан тайёрланган ханжар, найза учлари, санчиқлар, камон учлари кенг ёйилган.
Ўрта Осиёда қадимги давлатларнинг шаклланиши ва тараққиёти қурол-яроғлар ва ҳарбий санъатининг анча такомиллашувига олиб келди. Бу ҳақда нафақат кўп миқдордаги археологик топилмалар далолат беради, балки ёзма манбаларда ҳам кўплаб маълумотлар мавжуд. Қадимги даврдаги кўплаб ҳарбий юришлар ва жанглар, қурол-яроғлар тури “Авесто”да ҳам ўз аксини топган. Қадимги грек тарихчиси Ктесий (мил.авв.У-1У асрлар) парфияликлар ва сакларнинг мидияликлар билан бўлган жанглари, шунингдек, оссурияликларнинг Бақтрияга уюштирган ҳарбий юриши ҳақида маълумот беради.
Геродот, Трог-Юстин асарларида эса Кирнинг Ўрта Осиёга юришлари тўғрисида ўқишимиз мумкин. Уларда келтирилган кўпгина далиллар шундан далолат берадики, Ўрта Осиёдаги кўчманчи қабилалар ўзларининг маълум жанговар тактикаларига эга бўлган ва текисликда жанг қилиш улар учун қулайлик туғдирган.
Кўчманчи қабилаларда, умуман, Ўрта Осиё ҳарбий санъатида ўзини саросимага тушгандек кўрсатиб қочишга тушиш, орқадан қувган ёвни алдаб тоғлар орасига ёки саҳроларга олиб чиқиш ва у ерда пистирмада турган қўшин ёрдамида душманни қириб ташлаш каби ҳужум усуллари кенг тарқалган. Бу усуллар маҳаллий халқ ҳарбий санъатида узоқ вақт сақланиб турган. Кейинчалик, Македониялик Искандар қўшинлари билан жанглар давомида Спитамен ҳам ушбу усуллардан бир неча марта фойдаланган. Ўзига хос жанг қилиш анъаналарига эга бўлган Ўрта Осиё халқлари ҳарбий санъатининг кўп томонлари билан рақибларидан устун турган. Ўрта Осиёликларнинг ҳарбий санъатининг кўп томонлари билан рақибларидан устун турган. Ўрта Осиёликларнинг ҳарбий қобилиятларига аҳамонийлар ҳам македонияликлар ҳам, араблар ҳам тан беришган. Уларнинг баъзилари Ўрта Осиёлик аскарларни ўз қўшинлари сафига қабул қилган, айримлари маҳаллий халқ қурол турларидан ва жанг усулларидан фойдаланишган, шунингдек уларнинг ҳарбий саънати ҳақида шеърлар битганлар.
Сак отлиқларнинг мардлигини Геродот ҳам алоҳида таъкидлаб ўтган. Гавгамелла ёнидаги жангда сак ва бақтриялик отлиқлар аҳамонийлар қўшини таркибида иштирок этишган. Жанг бошланганда сак ва бақтриялик отлиқлар Искандар қўшинининг илғор қисмига шу даражада шиддатли ҳужум қилишганки, олдин чекина бошлаган бу илғор қисм сал ўтмай қочишга тушган. Фақатгина грек-македон армияси захирадаги отлиқ қисмларининг ёрдами билан сак-бақтрия отлиқларини чекинишга мажбур этган. Бу жангда грек македон қўшинлари жуда катта талафот кўрганлар, сакларни эса бундай талафотдан аскарлар ва отларнинг махсус ҳимоя воситаси билан ҳимояланганлиги қутқариб қолган.
Квинт Курший Руф ҳам Ўрта Осиёликларга хос бўлган жанг усусллари ҳақида маълумотлар беради. Масалан, Искандар қўшинлари “Сисимитр чўққисини” қамал қилишган пайтда бақтрияликлар қалъга элтадиган тоғ йўлларини тўсишда мудофаа иншоатларидан фойдаланишган. Жанг усулларидан яна бири отлиқларни бир неча сафга бўлиб, ёвга қарши тўлқин шаклида бирин-кетин ҳужум қилиш эди. Бундан ташқари, душман устига қуюндек бостириб бориш усули ҳам кенг қўлланилган. Кўчманчи халқларга, умуман, скиф-сак дунёсига хос бўлган жанг усулларидан бирини греклар “душман билан орқага қочиб жанг қилиш” усули деб номлашган. Атоқли олим В.Д.Блавацкий бу усулни шундай изоҳлаган: “Греклар тасаввурича, скиф отлиқлари чекиниш усуслидан жанг вақтида жуда кўп фойдаланишган ва бу нарса уларда тўла шаклланган. Бунда скиф, отлиқ камончилари ёв устига қуюндек бостириб борар ва отдан туриб ёвни ўқ ёмғирига кўмиб ташлар эди. Агар улар бир ҳужумдаёқ мақсадга эришмасалар, қуюн орқага қайтариларди ва бошқатдан ҳужумга ўтиларди”.
Ўрта Осиё халқлари қуролли кучларни алоҳида қўшин турларига бўлиш билан ҳам таниш бўлишган: пиёда аскарлар қуролланиш турига қараб ажратилган, суворийлар эса оғир ва енгил қуролланган отлиқ қисмларга бўлинган. Отлиқ аскарларнинг шундай бир ўзига хос тури бўлганки бунда бир отга иккита аскар ўтириб олган. Жанг вақтида аскарлардан бири ерга тушган ва жангга кирган. Жангда ҳарбий аравалардан ҳам фойдаланилган. От Ўрта Осиё халқларининг энг муҳим жанг воситаларидан бири ҳисобланган. Улар чидамли, бақувват жанговар отларни боқиш билан бу ерда махсус шуғулланишган. Ўрта Осиёликларнинг отлари тўғрисида бошқа халқлар орасида турли афсоналар юрган. Масалан, хитойликлар Фарғона отларини илоҳийлаштириш даражасига борганлар. Отларни жанглар вақтида душман ўқидан тўсиш мақсадида уларга махсус ҳимоя совутлари-Боргиствон кийдирганлар. Отлар учун махсус совутлар ишланганлиги тўғрисидаги биринчи маълумот Ўрта Осиёга бағишланган антик манбаларда учрайди. Бундай совут билан ҳимояланган отлардан фойдаланиш жуда узоқ вақт сақланиб қолган. Манбаларда грек-македон қўшинларига қарши урушларда шундай махсус ҳимояланган отлардан фойдаланганини кўришимиз мумкин.
Шуни айтиб ўтиш керакки, эл-юрт ҳимояси учун нафақат йигитлар, балки аёллар ҳамда болалар ҳам ҳамиша тайёр туришган. Антик манбаларда ёзилишича, сак аёллари худди эркаклари каби камондан яхши отганлар, ўзини қочаётганга солиб, орқага қараб мерганларча отишга уста бўлганлар. Антик географ ва тарихчиларнинг кўпчилиги жасур амазонкалар ватани Ўрта Осиёда деб кўрсатишганлиги бежиз эмас. Аждодларимиз болаларни ёшлигиданоқ ватан ҳимоячиси қилиб тарбиялашга катта эътибор беришган. Ҳаттоки, уларнинг ўйинлари ҳам болаларда сезгирлик, тез илғаб олишлик, жасурлик, эпчиллик хусусиятларини шакллантиришга қаратилган. Этнографик маълумотларга қараганда ҳозирги болалар ўйинларининг баъзилари қадимги даврлардан етиб келган.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу мавзу юзасидан олиб борилган илмий тадқиқотлар муҳим илмий-амалий ва тарихий аҳамиятга эга бўлиб, келажакда бу мавзуни янада теранроқ тадқиқ этиш Ўрта Осиё халқларининг нафақат ҳарбий санъати тарихини, балки уларнинг ҳарбий сиёсий алоқалари тарихини харбий мудофаа иншоатларининг халқ меъморчилигида тутган ўрнини янада кенгроқ ўрганиш имконини беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |