Фуқаролик жамияти ривож топган мамлакатларда ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида фаолият юритувчи жамоат бирлашмалари мавжуд бўлиб, улар серқирра фаолият юритадилар. Масалан, жамиятдаги маълумотлилик даражасини ошириш ёки замонавий таълим технологияларини жорий этиш бўйича маълум тадқиқотлар олиб боришади ва натижада парламентга тегишли қонун ўзгартиришлари таклиф этишлари мумкин. Табиатни асраш ёки экологик муаммоларни бартараф этиш бўйича, юқумли касалликларни олдини олиш, шаҳар ҳавосининг ифлосланиши, чиқиндилардан тозалаш бўйича жамоат бирлашмалари ҳукуматга қимматли фикрлар билан бир қаторда амалий лойиҳаларни таклиф этадилар. Бир сўз билан айтганда, фуқаролик жамияти учун фуқаровийлик, фуқаровий онг ва фуқаровий фаоллик жуда муҳим аҳамиятга эгадир. Тараққиётни мақсад қилган ҳар қандай жамият учун инсон салоҳиятидан фойдаланиш, инсоннинг ўзлигида, унинг қалбида мавжуд бўлган бирдамлик, сахийлик, бағрикенглик каби фазилатларга мурожаат этишнинг ўзи кифоядир.
Do'stlaringiz bilan baham: |