Фалсафанинг жамиятдаги аҳамияти ва роли ёки амалий фалсафа. Одатда фалсафа кундалик ҳаёт ва амалиётдан анча узоқ бўлган ҳаддан ташқари умумий масалаларни ўрганади, деган фикр мавжуд. Аммо бу фикрга қўшилиш мушкул, зеро умумий назариялар, агар уларга кенгроқ маънода ва узоқроқ истиқбол нуқтаи назаридан ёндашилса, баъзан билимнинг тор соҳаларига тааллуқли бўлган кўпгина муайян ғоялардан яхшироқ самара беради.
Албатта, фалсафа доим кундалик ҳаётдан маълум даражада узоқ бўлган ва шундай бўлиб қолмоқда. Унинг ўзига хос хусусияти, бетакрорлиги айни шу омилда намоён бўлади. Бироқ, бошқа томондан, фалсафа оддий ижтимоий борлиқ, кундалик ижтимоий, сиёсий ёки иқтисодий ҳаёт амалиёти деб номлаш мумкин бўлган нарсалардан ҳам ўзини олиб қочмайди. Фалсафий рефлексия ва у билан муштарак бўлган ҳаракатларнинг мазкур йўналиши ХХ асрда ҳатто бутун бир йўналиш – амалий фалсафа вужудга келишига сабаб бўлди. Бунда фалсафа сиёсий, ижтимоий ва бошқа қарорлар қабул қилишга муқаррар тарзда ва бевосита таъсир кўрсатади, деб айтиш мумкин эмас, аммо бу ҳолни бутунлай истисно этиш ҳам ўринли бўлмайди. Бироқ шу нарса аниқки, фалсафа одамлар дунёқарашини шакллантириш орқали уларнинг хулқ-атворини, юқорида зикр этилган қарорларни ишлаб чиқиш жараёнида уларнинг ёндашувларини ҳам кўп жиҳатдан белгилайди, файласуфларнинг ўзлари эса баъзан одамлар ҳаётини бутунлай ўзгартирувчи муҳим, ғоялар ташаббуси билан чиқадилар.
Файласуфлар жамиятдаги маънавият ва ахлоқнинг ҳолати учун ҳам сезиларли даражада жавобгардирлар, зеро улар нафақат ижтимоий меъёрлар ва тамойилларни ривожлантирадилар, улардан дарс берадилар ёки китоблар, мақолалар орқали ижтимоий онгни улар билан ошно этадилар, балки аксарият ҳолларда кенг жамоатчилик фикрини уйғотадиган, ижтимоий аҳамиятга молик бўлган, ижтимоий-сиёсий муаммолар, маданият ва маънавият масалаларига доир муҳокама ва мунозаралар ташкил этадилар.
Фалсафанинг ижодий характери. Фалсафа жамият ҳаётининг деярли барча жабҳаларига кучли таъсир кўрсатган ҳолда, айни вақтда фан билан доим яқин алоқада иш кўради. У ёки бу фан қандай муайян муаммоларни ҳал қилишидан қатъий назар, улар билан боғлиқ жараёнлар ва ҳодисаларга, яъни бутун вазиятга, шу жумладан охир-оқибатда олинган натижаларга нисбатан фалсафий ёндашув доимо зарурий шарт ҳисобланади. Муайян фан предметига ва унинг олдида турган муаммоларга нисбатан бундай кенг билимнинг бошқа соҳаларида эришилган энг сўнгги ютуқларни ҳам акс эттирадиган яхлит ёндашувсиз фундаментал кашфиётлар қилиш ҳам, умуман фаннинг ривожланишига эришиш ҳам мумкин эмас.
Ўз вақтида дунёга нисбатан (одатдаги, «классик» физика доирасида узоқ йиллар ҳукм сурган ёндашувларга қараганда) кенгроқ ёндашув, масалан, А.Эйнштейн (1879-1955)га дунёнинг манзарасини тушунишга нисбатан бутунлай янгича ёндашувни таклиф қилиш ва аввалги физиканинг аксарият қоидалари муайян даражадагина ҳақиқий бўлиб қолган шароитда классик (Ньютон) механикасини ҳам ўз ичига олган «Нисбийлик умумий назарияси»ни таърифлаш имконини берди. Аммо табиий бир савол туғилади: бу ерда фалсафа чиндан ҳам ижодий рол ўйнадими? Агар ижодий рол ўйнаган бўлса, бу нимада ва қай тарзда намоён бўлди?
Умумий далилларга тўхталмай, шуни қайд этишни ўринли деб ҳисоблаймизки, Эйнштейн онгида ўзидан олдинги ва ўзи яшаётган даврдаги фалсафа ғоялари тўқнашди. Улар мутафаккирнинг бутун ижодий фаолиятига кучли таъсир кўрсатди, зеро у рационалистик фалсафанинг кўпгина классиклари, уларнинг ўтмишдошлари ва издошлари билан талабалик йилларидаёқ танишган эди. “Биз Эйнштейн ижодига ХХ аср ўрталарининг физик концепциялари ва келажакка прогнозлар нуқтаи назаридан, ретроспектив назар ташлар эканмиз, уни инсоният маънавий ҳаёти катта бир босқичининг якуни деб ҳисоблаш мумкин. – Бу босқич фақат Ньютон механикаси билан бошлангани йўқ. Бутун рационалистик фан ва XVII аср фалсафаси унинг негизи ҳисобланади. Эйнштейн асарлари билан танишар экансиз, Галилей, Декарт, Спиноза, Гоббс, Ньютон сатрларини беихтиёр эслайсиз – баъзан ғояларнинг ажабтовур ўхшашлигига дуч келасиз. XVII аср рационалистик тафаккурининг номуайян фаразлари ва изланишлари қандай қилиб ижодий, изчил шакл-шамойил касб этаётганининг гувоҳи бўласиз. Бу ерда тадрижий алоқа мавжудлиги шак-шубҳасиздир”1.
Фалсафий тасаввурлар ва табиий-илмий қарашларни фарқлаш осон иш эмас. Бироқ фалсафий тасаввурлар табиий-илмий қарашларга таъсир кўрсатгани, худди шунингдек ал-Хоразмий, ал-Фарғоний, Ибн-Сино, Мирзо Улуғбек, И. Ньютон, А.Эйнштейн каби буюк олимларнинг илмий ғоялари замирида уларнинг кенг ва теран фалсафий билимлари ётиши шак-шубҳасиздир. Айни шу сабабли кўрсатилган мутафаккирларнинг яхлит фалсафий таълимоти ҳақида бўлмаса ҳам уларнинг жиддий фалсафий қарашлари ҳақида тўла асос билан сўз юритиш мумкин.
Коммуникатив функцияси
Do'stlaringiz bilan baham: |