Биринчидан, фалсафий тадқиқот оқилона билишнинг фанда олинган натижаларни текшириш (верификация қилиш) ёки рад этиш (фальсификация қилиш) имконияти йўқлиги туфайли лозим даражада самара бермаган ёки умуман ожиз бўлиб чиққан соҳасида амалга оширилади. Инсоният оқилона билишнинг бундан бошқа усулларига эга эмас.
Иккинчидан, фалсафий рефлексия муаммони кўриш уфқини кенгайтиради, уни тадқиқ этишга нисбатан янгича, ўзига хос ёндашувларни таклиф қилади, шу жумладан фанга бундай ёндашувларни илгари суришга кўмаклашади. Зеро, аниқ таърифлар ва ишончли далилларга таянадиган фан ўз фикрлари ва хулосаларида бундай эркинликларга йўл қўя олмайди. Ваҳоланки, фалсафий тафаккур мулоҳаза юритиш ва баҳолашларга нисбатан эркин ёндашувсиз ўзининг бетакрорлигини йўқотади.
Ҳамонки плюрализм фалсафада меъёр ҳисобланар, ҳар бир алоҳида мияда эса монизмга, яъни қарашларнинг тартибга солинган, яхлит ва нисбатан зиддиятлардан холи тизимига келиш лозим экан, фалсафани қандай ўзлаштириш, ундан қандай сабоқ бериш мумкин?
Бутун дунёда аксарият файласуфларни биринчи навбатда айни шу масала қизиқтиради. Хусусан Суқрот, Сенека ва ўтмишнинг бошқа мутафаккирлари тажрибасига таянган ҳолда: Фалсафа фактларни эслаб қолишни ўргатмаслиги, балки мулоҳаза юритиш ва саволларга жавоб бериш қобилиятини ривожлантириши лозим. Фалсафадан сабоқлар инсон ҳар бир масала юзасидан мутафаккирлар фикрига мурожаат этмасдан, ўзи мустақил ўйлашни ва ўз ақлига қулоқ солишни ўрганишини назарда тутмоғи даркор. Айни шу сабабли фалсафанинг вазифаси инсонга мулоқот қилишни ўргатиш, у ўз шахсиятининг аҳамиятини кўрсатишга эмас, балки ҳақиқатнинг тагига етишга ҳаракат қилишига эришишдан иборат. Бу, ўз навбатида, барча одамлар ўзига атрофдагилар қулоқ солишига лойиқ эканлигини назарда тутади.
Бу жуда топиб айтилган сўзлар фалсафани фан сифатида ўрганиш, уни билимлар, тайёр қоидалар ва таърифларнинг муайян йиғиндиси сифатида ўзлаштириш мумкин эмас, деган фикрни яна бир карра тасдиқлайди. Инсонга таълим беришда пайдейя йўлини танлаш – унга «нимани кўриш лозимлиги»ни эмас, балки «қаерга ва қандай қараш кераклиги»ни ўргатиш лозим. Ўз-ўзидан равшанки, мазкур вазифани ижодий ёндашувсиз, ўқувчи ва ўқитувчининг қизиқувчанлиги ва интилувчанлигисиз ҳал қилиб бўлмайди, фалсафа эса ўзининг соф кўринишида йўқолади, «ҳавога совурилади», пировардда кимдир баён этадиган, кимдир “ўтиши”, ўрганиши ва қолаверса, имтиҳон топшириши лозим бўлган “фан”гина қолади. Бошқача айтганда, фалсафадан таълим бериш ва уни ўзлаштириш замирида ҳам, албатта ижод ётиши лозим.
Хулосалар. Дунёқараш бу инсоннинг дунёга, ундаги воқеаларга муносабатлари, ундаги ўрни ва ҳаёт мазмуни ҳақидаги энг умумий қарашлари тизими.
Инсоният тарихида дастлаб мифологик дунёқараш шаклланган бўлиб, унда инсон атроф муҳит билан бирлашади ҳамда на табиат ва на ўз уруғидан ажралмаган ҳолда намоён бўлади. Диний дунёқарашга оламни бу дунё, у дунё ва ғайри табиий дунёга бўлиш хос. Диннинг асоси ғайритабиий кучларга ишонч билан йўғрилган.
Фалсафа мифологик ва диний дунёқарашдан ўзининг атроф муҳитга танқидий муносабати асосидаги дунёқарашли функциясини бажаради, гносеологик ва онтологик категорияларга мурожаат қилиб мантиқий хулосалар чиқаради.
Фалсафа назарий асосланган дунёқараш, умумий категориялар, инсоннинг оламга фаннинг табиат ва жамият ҳақидаги ютуқларига таянилган назарий муносабати .
Фалсафанинг аҳамияти, унинг инсонни ўз- ўзини, оламни англашга, ижодий баркамолликка йўналтира олишидадир.
Do'stlaringiz bilan baham: |