Фалсафа дунёни англаш усули сифатида. Бугунги кунда нафақат айрим халқлар, балки бутун жаҳон ҳамжамияти фалсафага, ўзининг ҳаётдаги ўрни ва вазифасини фалсафий англаб етишга айниқса муҳтождир.
Фалсафа реал ҳаёт билан узвий боғлиқ ва доим инсон борлиғининг энг муҳим муаммоларини англаб етишга қараб мўлжал олади. Айни шу сабабли ҳозирги даврнинг муҳим муаммоси – глобаллашув ва уни фалсафадаги бутунлай янги мавзу сифатида фалсафий англаб етиш муҳим аҳамиятга эга. Фалсафа предмети ва муаммоларини муҳокама қилишда алоҳида диққатга лойиқ бўлган бошқа бир мавзу инсонни шахс сифатида тарбиялаш ва камол топтиришда фалсафанинг роли ва аҳамиятидир.
Ҳозирги замон файласуфлари бундай муаммоларни ечиш устида ишни давом эттирар эканлар, “Фалсафа нима? У кимга ва нима учун керак?”, “Фалсафанинг вазифаси нимадан иборат?”, “Фалсафадан қандай, қайси ёшдан ва нима мақсадда таҳсил бериш лозим?” қабилидаги бир қарашда аллақачон ўз ечимини топган масалаларни яна кун тартибига қўймоқдалар. Бу ҳақда кўп ва атрофлича сўз юритилган жаҳон конгресслари дунёда фалсафа предметига, шунингдек у ижтимоий ривожланишга изчил таъсир кўрсатишга қодир ёки қодир эмаслигига, агар қодир бўлса, буни у қай тарзда амалга ошириши мумкинлигига нисбатан ягона ёндашув аввалгидек мавжуд эмаслигини тасдиқлайди. Фикрларнинг бундай ранг-баранглиги, юқорида қайд этиб ўтилганидек, фалсафанинг ўзига хос хусусияти, яъни у фикрлар плюрализми, ҳар хил фикрлаш имконияти бор жойдагина мавжуд бўлиши мумкинлиги билан белгиланади.
Фалсафанинг унга яхлит таълимотга айланиш ва тилнинг бирлигига, умумий қонунлар ва методологияга таяниш имконини бермайдиган бу камчилиги айни вақтда, у фанлараро комплекс муаммоларни ечиш талаб этиладиган мураккаб тизимлар билан иш кўрган ҳолда унинг афзаллигига айланади.
Қуйидагилар ҳозирги вақтда инсоният учун энг муҳим фанлараро комплекс муаммолар ҳисобланади: барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишни таъминлаш; экология муаммолари; жамият ҳаёти барча жабҳаларининг глобаллашуви. Бу муаммоларни фалсафий нуқтаи назардан англаб етиш алоҳида аҳамият касб этади. Илмий ёндашувлардан фарқли ўлароқ, муаммога нисбатан фалсафий ёндашиш далилларни талқин қилишда кўпроқ эркинлик берилиши, илгари сурилаётган қоидаларни исботлашга нисбатан енгилроқ талаблар қўйилиши, мушоҳадага асосланган таърифлар бериш, субъектив баҳолаш ҳуқуқи ва шу кабилар билан тавсифланади. Бундай тадқиқотлар бир қарашда унча катта аҳамиятга эга эмасдек бўлиб туюлиши ҳам мумкин. Лекин амалда бундай эмас.
Do'stlaringiz bilan baham: |