4.Педагоглар жамоасида муомала одоби. Педагоглар жамоасида ўқитувчилар ўртасидага муомала, муносабатлар инсонпарварлик, демократиклик, ихтиёрийлик тамойилларига асосланади. Улар одатда, икки хил бўлиб, бири - расмий, иккинчиси – норасмий муомала дейилади. Расмий муомала, муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, директив ҳужжатларига асосланади. Норасмий муомала педагогик этиканинг (ўқитувчи одобининг) қонуниятларига асосланади ва жамоанинг ҳар бир аъзоси томонидан ихтиёрий равишда бажарилади. Муомала одоби психологик қонуниятлар, одоб нормалари, қоидалари, талаблари педагоглар жамоасининг фикри асосида бошқарилади.
Ўзбекистон Республикаси мактабларида ёшларни баркамол инсонлар қилиб тарбиялаш, улар онгига умуминсоний ва миллий-маданий, маънавий, ахлоқий қадриятларни сингдириш талаб этилади. Бу ўз навбатида педагоглар жамоасидан ҳар бир боланинг тарбияси учун юксак масъулиятни, болага нисбатан бир хил талаблар қўйиб, биргаликда тарбиявий таъсир ўтказишни тақоза этади. ўқитувчи одобида муаллимлар ўзаро муомал муносабатларида амал қилишлари зарур бўлган ахлоқий талаблар ишлаб чиқилган.
Дарсда ўқувчиларнинг интизоми педагогик жамоадаги муомала одоби, ахлоқий муносабатлар даражасини кўрсатади. Мактабда ўқув интизомини сақлаш бутун педагоглар жамаосини иши. Педагогик амалиётда эса ҳар бир муаллим ўқув интизомини сақлаш учун ўзича йўл тутади: баъзилар – дарсни жонли, қизиқарли ташкил этиш билан: баъзилар эса “икки” баҳо қўйиш, қаттиққўллик билан дарс жараёнида тартиб интизомни таъминлашга интиладилар. Болага дук - пўписа қилиш, бақириш, ҳулқига ёмон баҳо қўйиш билан уни вақтинча тийиш мумкин, лекин бу, онгли интизомни тарбиялаш усули эмас ва педагогик одоб талабларига тўғри келмайди.
Педагоглар жамоаси маълум талаблар қўйиш, фаолиятига ахлоқий баҳо бериш йўли билан ўқитувчининг хатти-ҳаракатларини йўналтириб, ўзгартириб, тўғрилаб беради. Педагогик жараёнда муаллимнинг эркин бўлиши билан бирга интизомга онгли равишда риоя қилиши, ижодкорлик билан бўйсуниши бирга олиб борилган тақдирдагина педагоглар жамоасининг фикрини, ахлоқий талабларини муаллим ихтиёрий равишда бажаради. Бундай муҳит ўқитувчида ўз кучига ишонч туйғусини ўстиради.
Педагоглар жамоасида ўзаро ёрдам ва ишончнинг мавжудлиги муомала одобига амал қилишнинг муҳим шартларидан биридир. ўзаро ёрдам ва бир-бирига ишонч педагогик, методик адабиётлардан билиб олган янгииликларни ўзаро баҳам кўриш, тажриба алмашиш кабиларда яққол намаён бўлади. Киши бир сўм пулини шериги билан баҳам кўрса, унинг чўнтагидаги пул миқдори камаяди. Лекин киши ўзидаги билимни бошқага ўргатса, билимлар сони кўпаяди, ўргатган кишининг билими камайиб қолмайди, аксинча мустаҳкамланади. Педагоглар жамоасида янги ғоялар, билимларни ўзаро алмашиш муомала одобининг қонун-қоидаси даражасига кўтарилиши ҳар бир муаллим буни ўз хоҳиши, қалб амри билан бажариши ҳамма учун фойдалидир. Муомала одобига риоя қилиш педагоглар жамоасининг мақсадига, ўқитувчиларнинг ахлоқий савиясига боғлиқ.
Do'stlaringiz bilan baham: |