3-МАВЗУ. БОШЛАНҒИЧ СИНФЛАРДА ТАРБИЯ ФАНИНИ ЎҚИТИШДА ЯНГИЧА ЁНДАШУВЛАР
РЕЖА:
1.Бошланғич таълимда тафаккурни ривожлантиришнинг ўзига хосликлари
2.Бошланғич таълимда шахс маънавий-ахлоқий тарбиясини шакллантиришниниг ўзига хос хусусиятлари
3.Бошланғич синфда тарбия фанини ўқитишда мультимедиа технологияларидан фойдаланиш
4.Бошланғич таълимда тарбия фани ўқитувчиларига қўйилган талаблар
1.Бошланғич таълимда тафаккурни ривожлантиришнинг ўзига хосликлари
Республикамизда мустақиллик йилларида кадрлар тайёрлаш ва таълимни ташкил этишнинг жаҳон стандартларига жавоб берадиган самарали тизими яратилди ва бугунги кунда ҳам олий таълимни модернизациялашга давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20- апрелдаги “Олий таълим тизимида янада ривожланиш чора-тадбирлари тўғрисида“ги ПҚ- 2909-сон қарори, 2017 йил 27-июлдаги “Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини янада кенгайтириш чора-тадбирларлари тўғрисида”ги ПҚ -3151-сон қарори, 2017 йил 9 августдаги “ Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида“ги ПҚ – 3775-сон қарори қабул қилинди.
Давлатимиз раҳбари болалар тарбияси жараёнида ўз ишини пухта биладиган, малакали ва ҳар бир болага индивидуал ёндаша оладиган педагог-кадрларни жалб қилган ҳолда, уларни гўдаклардан фикр ва тафаккурни тўғри шакллантириб бормасак, келажакда юксак савия, билим ва маънавиятга эга бўлган баркамол авлодни тарбиялаш, ёш авлодни тарбиялашнинг асосий бўғини бўлган бошланғич таълим тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилищи лозимлигини таъкидлаганлар.
Замонавий бошланғич синф ўқитувчилари ушбу вазифаларни ҳал этиш учун ташкилий жиҳатдан ҳам, мазмуний жиҳатдан ҳам бошланғич таълимнинг интегратив характерини, ўзининг бўлажак касбий фаолиятининг интегратив йўналганлигини аниқ ҳис қила олиши зарур. Бўлажак бошланғич синф ўқитувчиларининг касбий тайёргарлигида интеграциялаш зарурати унда касбий компетентликни шакллантириш самарадорлигини белгилаб берувчи асосий шартлардан бири ҳисобланади. Бошқача айтганда, интегратив ёндашув нуқтаи назаридан кўриб чиқилгандагина бўлажак бошланғич синф ўқитувчиларининг методик тайёргарлиги самарали бўлади.
Тафаккур тушунчаси таълим назарияларида психологлар ва педагоглар учун марказий ҳисобланади. Таниқли психолог А.Н. Леонтьев тафаккурга қуйидаги таърифни берган: “Тафаккур – ҳақиқатни унинг алоқалар ва муносабатлар каби объектив хусусиятларида акс эттириш жараёни, уларга бевосита ҳиссий идрок этиш имкони бўлмаган объектлар ҳам киритилади”.
Бизнинг фикримизча, билиш жараёни сифатида тафаккурга аввал инсонга маълум бўлмаган умуман янги ҳодисаларни очиш хосдир, яъни тафаккур – бу ижодий акт. Мазкур нуқтаи назарнинг тасдиғини замонавий психологларнинг фикрларида учратиш мумкин.
Масалан, А.В. Брушлинский “...тафаккур – нутқ билан бевосита боғлиқ бўлган янгиликни мустақил излаш ва кашф этиш психик жараёни, яъни ҳиссий англашдан юзага келадиган амалий фаолият асосида борлиқни унинг анализ ва синтези жараёнида воситали ва умумлашган ифодаланиши” деб таъриф берган.
Инсон ўз олдига фикрлашга ундовчи вазифани қўйганида ва уни ҳал қила бошлаганида, у учун ўрганилаётган объектнинг қандай янги хусусиятлари ва муносабатларини очишини, бу асосда қандай янги ҳаракатлар усуллари, ақлий операциялар ва бошқаларни шакллантиришини билмайди. Буларнинг барчаси изланувчи, бўлажак ечимни ташкил қилади.
Дастлаб инсон мазкур номаълумни, яъни бўлажак маҳсулотни, фикрлаш жараёни натижасини минимал даражада аввалдан ва тахминан башорат қилишигина мумкин.
Мактаб ёшида тафаккурни ривожлантиришнинг асосий йўналиши – аниқ-образли тафаккурдан мавҳум-мантиқий тафаккурга ўтиш ҳисобланади. Аниқ-образли тафаккур босқичи билишнинг ҳиссий босқичида содир бўлади. Мавҳум-мантиқий тафаккур босқичи фикрлаш операциялари: таснифлаш, таққослаш, ўхшатиш, синтез, мавҳумлаштириш, умумлаштириш, тизимлаштириш ёрдамида амалга оширилади.
Шундай қилиб, ўқувчиларда санаб ўтилган фикрлаш операцияларини ривожлантириш тўғрисида доимий қайғуришга йўналтирилган ўқув фаолиятини ташкил этиш зарурдир.
Тафаккур – оламни бавосита акс эттириш ва шунинг учун ҳам инсон нафақат сезги органлари орқали қабул қилиниши мумкин бўлганларни, балки бевосита идрок этишдан яширин бўлган ва фақатгина анализ, таққослаш, умумлаштириш ва ҳоказолар ёрдамида идрок этиши мумкин. Инсон аввалги тажрибаларига таянган ҳолда алоҳида кузатишларини таҳлил қилиш ва таққослаш билан фикрлаш жараёнида алоҳида объектлардаги умумийликни топади.
Умумийни мавҳумлаштириш мазкур объектларни турли тизимларда бирлаштиришга имкон беради ва бу билан инсон учун борлиқнинг умумлашган ифодаси намоён бўлади.
Ўқувчи ўзлаштирган тушунчаси ёрдамида тадқиқот вазифасини ечишда объектнинг янги, у авваллари эътиборга олмаган хусусиятларни аниқлайди. Унга маълум хусусиятлар билан уларни таққослайди, бу билан аввал ўзлаштирган тушунчанинг мазмунини аниқлаштиради ва у янада мазмунли ва аниқ бўлиб боради.
Мазкур таҳлил (объектнинг янги хусусиятларини излаш), мазмунли умумлаштириш (янги хусусиятларни аввал аниқланганлари билан боғлаш) ва тушунчаларни аниқлаштириш (объектнинг янги аниқланган хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда қайта ташкил этиш) операциялари ўқув-тадқиқотчилик топшириқларини ечиш жараёнида кенг очиб бериладиган тафаккурни ифодалайди. Бундай фикрлаш ўқувчига ўрганилаётган фаннинг моҳиятини ва бу фан билан амалга ошириладиган ҳаракатлар тамойилларини тушунишига имкон беради.
Мазмунли мавҳумлаштиришдан, дастлабки ажратилмаган тушунчадан объект тўғрисидаги аниқ билимларга, янада тўлиқ ва ажратилган тушунчалар тизимига аста-секин “кўтарилиб” ўтиш – ривожлантирувчи таълим методикалари орқали ўқувчиларда жадал ривожланувчи тафаккурнинг ўзига хос хусусиятидир.
Мактаб вазияти икки турдаги: эмпирик ва мавҳум-расмий вазифаларнинг мавжудлиги билан ифодаланади. Кўпгина ўқувчилар амалий топшириқларни еча оладилар, аммо назарий умумлаштириш малакаларини талаб қилувчи расмий-мавҳум масалаларни улардан энг қобилиятлиларигина еча оладилар.
Ривожлантирувчи таълим тизими тафаккурнинг эмпирик даражасидан мавҳум тафаккурга ўтишни назарда тутади. Ўқувчилар аниқликларга таянмаган ҳолда муаммоларни қанчалик яхши ҳал қила олсалар, улар таълимда шунчалик муваффақиятли бўладилар.
М. Дональдсон самарали таълим жараёнида ўқувчининг тафаккурини ифодалайдиган бир нечта шартларни ажратади: — аниқликдан ташқарига чиқа олишни билиш ва тафаккурнинг расмий тизимларидан фойдаланган ҳолда вазифани еча олиш; аниқлик чегарасидан озроқ бўлса ҳам чиқишни ўрганмасдан туриб, ҳеч қандай расмий тизимни эгаллаб бўлмайди; — тил ва тафаккурдан фойдалана олиш ўз йўлига; ўқувчи ўз фикрлаш жараёнларини ўз- ўзига йўналтиришни билиши керак, у фақатгина сўзлаши эмас, балки айтмоқчи бўлганларини танлаб олиши ва фақатгина тушуниши эмас, балки тушунчаларни солиштириши керак; — белгиларни манипуляция қилишни билиш; — мақсадга эришишга олиб келувчилар сифатида амалга ошириладиган ҳатти- ҳаракатлар тўғрисида фикрлашда намоён бўлувчи фаолиятни режалаштиришни билиш; — ташқи ҳаракатни тўхтатиб туриш ва диққатни ақлий ҳатти-ҳаракатларга кўчириш кўникмаси. Айнан мазкур ҳолат ички ҳодисаларни англашга ёрдам беради, боланинг тафаккурини маълум инсондан (ташқарига йўналтирилган тафаккур) ўзига, ўз ҳаракатларига йўналтирилган тафаккурга ўтказишга ёрдам беради; — сўзларнинг кўп мазмунлилиги муаммосини ҳал қила олишни билиш.
Шу тариқа, ривожлантирувчи таълимда тафаккурнинг асосий кўрсаткичлари онглилик ва ихтиёрийлик ҳисобланади, асосий вазифаси эса ақлий ҳатти-ҳаракатларнинг ўз-ўзининг рефлексиясини шакллантиришдан иборат.Педагоглар ва психологларнинг қарашларида тафаккурнинг эмпирик ва назарий даражаларининг ўзаро муносабати баҳсли ҳисобланади.
Ижтимоий жамият тараққиёти, хусусан, миллий истиқлол ғояларининг ҳаётимизда тоборо чуқур илдиз отиб бориши таълим тизимидаги ислоҳотларнинг янада мазмунини бойитмоқда. Таълим-тарбия тизимида унинг ҳар бир бўғини муайян мақсадга йўналтирилгани каби бошланғич таълим ўқувчиларни эркин фикрлашга ўргатиш ва мустақил мутолаага рағбат уйғотиш алоҳида аҳамият касб этади. Ёшларнинг ҳар томонлама камол топиши, ўқишга ҳавас қўйиши эса мактабга илк бор қадам қўйиб ўзлаштирадиган билимлари, кўникма ва малакалари даражасига бориб тақалади. Болалар келажагимиз пойдевори.
Бинобарин, “Мустақил фикр юритадиган, тўғри ва ҳалол, жасур авлодни тарбиялаш давримизнинг долзарб муаммоларидандир”24. Дарҳақиқат, ХХI аср интеллектуал, ўз мустақил, соғлом фикрига эга ёшларни тарбиялайдиган асрдир.
Президентимиз Ш.М.Мирзиёев "Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби" мавзуидаги анжуманда сўзлаган нутқида ёш авлод тарбияси ҳақида алоҳида тўхталиб: "Маълумки, ёш авлод тарбияси ҳамма замонларда ҳам муҳим ва долзарб аҳамиятга эга бўлиб келган. Аммо биз яшаётган XXI асрда бу масала ҳақиқатан ҳам ҳаёт-мамот масаласига айланиб бормоқда", — дейди.
Шу боис, болаларнинг пухта билим олишлари, теран фикрлашлари учун, энг аввало, таълим берувчининг маҳорати, билими, лаёқати муҳим специфик характерга эга. Бугун ўзини педагогман деб ҳисоблаган мутахассис, албатта, болаларнинг таълим-тарбия олишига жиддий эътибор қаратмоғи лозим.
Ёш авлодни комил инсон қилиб тарбиялашимизда катталар адабиётининг ажралмас бир бўлаги бўлган болалар адабиётининг аҳамияти ҳам каттадир. Болалар адабиёти ўз олдига келажак авлодни жисмонан бақувват, руҳан пок, фикран соғлом, имон-эътиқоди бутун, билими, маънавияти юксак, мард ва жасур, ватанпарвар авлодни тарбиялашдек катта ва мураккаб вазифани қўйганлиги билан ажралиб туради.
Ўқувчиларни юксак эътиқодли, билимдон кишилар қилиб тарбиялашда ўқув предметлари бўйича ўтказиладиган асосий дарслар билан бир қаторда ўқиш дарсларининг ҳам аҳамияти катта. Бу дарсларнинг асосий вазифаси ўқувчида бадиий китобларни ўқишга ҳавас уйғотиш, ўқиган китоблари юзасидан кундалик юрита олишга ўргатиш, болалар адабиётининг машҳур адиблари ҳаёти ва ижодлари билан элементар тарзда таништириш, ҳикояларни онгли, ифодали ўқиш орқали ўз мустақил фикрини баён эта олиш усулларини ўргатишдан иборат.
Ўқиш методикаси адабиёт назариясига асосланади. Чунки ўқувчилар бадиий асарни амалий тарзда таҳлил қиладилар. Бошланғич синфларда адабиётшуносликдан назарий маълумот берилмайди, аммо методика адабий асарнинг яратилиш қонуниятларини ва унинг ўқувчиларга таъсирини айниқса, адабиётшуносликка оид мавзулардан асарнинг ғоявий мазмуни, унинг мавзуси, қурилиши, жанри, тасвирий воситаларини ҳисобга олиши зарур.
Таълим жараёнида мустаҳкам билим ва кўникмалар шаклланиши ўқувчиларнинг мустақил ўқишлари билан боғлиқ бўлса, маълум ёшда ўқувчилар ёши ва савиясига мос танланган китобларни ўқиб ўрганиш улар билимларини чуқур ўзлаштиришлари учун муҳим восита бўлиб хизмат қилиши аён бўлади.
Маълумки, давр барча соҳада жадаллаштиришни талаб қилмоқда. Фан-техника тез суръатлар билан ривожланмоқда. Кишилар меҳнати тобора енгиллашмоқда. Радио, телевидения, матбуот инсонларга руҳий озуқа, маънавий бойлик бахш этмоқда. Булар ёш авлод камолатига ҳам ижобий тасир этмоқда. Болалар ҳар соҳада қизиқ нарсаларга дуч келмоқдалар. Уларнинг келиб чиқиш сабабларини, натижаларини англамоқдалар. Бироқ, ижтимоий муносабат билдиришда мустақил фикр сустлиги кўзга ташланади. Бунинг учун, кичик ёшдаги мактаб ўқувчиларида дунёқараш элементлари – бурч, ахлоқий қоидалар, ўқувчиларнинг вазифалари, яхши нима-ю ёмон нима эканлигини фарқлаш, яхши ишларнинг ижодкорларига эргашиш, жасур бўлиш, ўзаро ёрдам, виждонли бўлиш каби инсоний фазилатларни тарбиялашга алоҳида аҳамият берилади. Файласуф Форобийнинг асарларига мурожаат қилсак, олим илм олувчининг олдига муҳим талабларни қўяди. Унинг таъкидлашича: “Ҳар кимки илм-ҳикматни деса, уни ёшлигидан бошласин, соғ-саломатлиги яхши бўлсин, яхши одоб ва ахлоқли бўлсин, билимли ва нотиқ бўлсин”. Бу талабларнинг масъулияти тарбиячи ва ўқитувчининг зиммасига тушади. Болаларда нарса ва ҳодисаларга нисбатан қизиқиш, эътибор ҳиссини уйғотиш ўқитувчи ва тарбиячилардан алоҳида маҳорат кўрсатиш, ишга ижодий ёндашишни тақозо этади. Бу эса, болаларда китоб ўқишга бўлган қизиқишини орттиришга, ўқиган асарларини идроки даражасида таҳлил қилишга ундаш, ижтимоий воқеликларга мустақил ёндашиш, соғлом фикрлаш туйғусини шакллантиришга қаратилган.
Мустақил фикрлаш ўзи нима? Бу саволга шундай жавоб бериш мумкин. Мустақил фикрлаш шахснинг билимларни, борлиқни билишида зарур умумий кўникма ва малакаларни мукаммал эгаллаш, туғилажак вазиятларда уларни амалий қўллаш билан боғлиқ қобилиятдир. Мустақил фикрлаш икки томонга, яъни ўқувчига ва ўқитувчига боғлиқ.
Ўқувчиларнинг мустақил фикрлашини асосан ижодий, мантиқий ва танқидий турларга ажратиш мумкин. Ўқув жараёнида ўқитишнинг самарали усуллари орқали ўқувчилар фикрлашга, мустақил фаолият юритишга йўналтирилади. Чунки бир фикрни турли шаклларда ифодалаш ўқувчилар фикрлаш қобилиятини ўстиришга ёрдам беради. Ўз-ўзидан бу ҳолат мустақил фикрлашнинг ривожланишига, пировард натижада ўқувчилардаги қобилиятнинг намоён этилишига имкон беради.
Фикр юритишдаги мустақиллик - бу ўқувчининг муайян нарса, воқеа-ҳодиса, жараёнга аниқ маълумот ёки далил-ашёга нисбатан шахсий муносабати, қараши ва уни ҳеч кимнинг кўмагисиз, кўрсатмасисиз, ўз заковати, қувваи ҳофизасига таянган ҳолда тегишли усул, воситаларда ифодалашидир. Фикрлашнинг чегараланганлиги таҳлил этиш, муносабат билдириш жараёни учун тўсиқ бўлади. Ҳосил қилинган ҳукмларни эълон қилишда, хулосаларни ўзгартириш ўқувчидаги ҳадиксираш, фикрда аниқликнинг йўқолишига сабаб бўлади. Бу ўзлаштиришнинг, фикр самарадорлигининг сифатини пасайтиради. Фикрлаш жараёнидаги эркинлик эса, ўқувчиларнинг мустақил ижодий фаолияти учун муҳим бир омил бўлиб хизмат қилади. Дарҳақиқат, ўқувчининг фикрлаши ўз-ўзидан туғилмайди. Бунинг учун унда маълум бир тушунчалар, маълумотлар базасига эҳтиёж сезилади. У қанчалик бой бўлса, фикрлашнинг истиқболи шунчалик чексиз бўлади. Шу боис, ўқувчиларда бошланғич яълимданоқ ўқиш билан бирга уқишни ҳам шакллантириб бориш лозим. Ўқитувчи энг аввало қуйидаги мезонларга амал қилиши лозим: -ўқувчиларнинг қизиқиши қай даражада эканлигини ҳис қила олиши; - боланинг тафаккур қилиш фаолиятларини англаши, жамият аъзолари билан эркин мулоқотда бўла олиш кўникма ва малакаларини ривожлантиришга эътибор қаратиши; - ўз фикрини равон, эркин ифодалай олиш кўникмасини шакллантириш; - қизиқишига мос асарларни ўқиб, мазмунини сўраб бориш орқали китоб ўқиш кўникмасини ҳосил қилиш, шу ўринда кундалик тутишга ўргатиш; - ёзма нутқ белгиларини талаффузда ифодалаш, матнни ифодали ўқий олиш малакасини ривожлантириш; Бу мезонлар ўқувчилар билимини системага солиш, тасаввурларини кенгайтириш, ўрганилган материалларни ўзаро таққослаш, билимларини бир-бири билан боғлаш ва мустаҳкамлашга ёрдам беради. Шунингдек, айрим ўқувчилар томонидан ўзлаштирилмай қолинган материалларни аниқлаш имконини беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |