Мавзу: Бандликка кўмаклашиш жамғармасига тўловларни ўтказиш тартиби
Режа:
Бандлик жамғармасининг асосий йўналишлари
Бандлик жамғармаси маблағларини шакллантириш манбалари
Бандлик жамғармасининг маблағларидан фойдаланиш.
Бандлик жамғармасининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:
меҳнат бозорининг барқарор ва мутаносиб равишда ривожланишини таъминлаш, аҳоли бандлиги даражасини ошириш ва меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича аниқ мақсадли комплекс чора-тадбирлар амалга оширилишини молиялаштириш;
ишсизларни, профессионал таълим муассасалари, академик лицейлар, олий таълим муассасалари битирувчиларини, шунингдек, иш излашда қийинчиликларга дуч келаётган ва меҳнат бозорида тенг шартлар асосида рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган кафолатларни амалга оширишни молиялаштиришда иштирок этиш;
ишсизларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларни ижтимоий ҳимоя қилишга ҳамда меҳнат органларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга доир сифатли хизматларнинг ишсизлар ва банд бўлмаган аҳолига, биринчи навбатда, ёшларга, хотин-қизларга ва ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилишини ташкил этишга сарфланадиган харажатларни молиялаштириш.
Бандлик жамғармаси маблағлари унинг мустақил балансида акс эттирилади.
Республика ва маҳаллий даражада ташкил этилган Бандлик жамғармаси маблағлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Ғазначилиги бошқармалари томонидан очиладиган шахсий ғазна ҳисобварақларида (кейинги ўринларда Бандлик жамғармаси шахсий ғазна ҳисобварақлари деб аталади) жамланади.
Бандлик жамғармаси маблағларини шакллантириш манбалари
Қуйидагилар Бандлик жамғармаси маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:
ягона ижтимоий тўловдан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга ошириладиган ажратмалар;
Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ҳар йили ажратиладиган маблағлар;
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларига бириктирилган бинолар, иншоотлар ва хоналарни реализация қилишдан тушадиган, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан тўлиқ ҳажмда Бандлик жамғармасига йўналтириладиган маблағлар, бундан баҳолаш ва реализация қилишга сарфланадиган амалдаги харажатлар мустасно;
фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш соҳасида фаолият кўрсатувчи нодавлат ташкилотлар томонидан Бандлик жамғармасига ҳар бир юборилган фуқаро учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган ставка бўйича белгиланган сумма шаклида ажратиладиган ажратмалар;
барча солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ҳамда давлат мақсадли жамғармаларига таъсисчи томонидан белгиланадиган миқдорда тўлангандан кейин Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бўйсунувидаги давлат унитар корхоналарида қоладиган фойданинг бир қисми;
Бандлик жамғармасининг бўш маблағларини тижорат банкларига ва бошқа молиявий воситаларга жойлаштиришдан тушган даромадлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия маблағлари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
Бандлик жамғармаси маблағлари солиқ солинадиган объект ҳисобланмайди.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармалари тегишли равишда, Бандлик жамғармаси маблағларини тасарруф этувчилар ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |