Пулга талаб. Энг аввало реал ва номинал пул қолдиқларини бир биридан ажратиш зарур. Пулга номинал талаб – конкрет пул белгиларининг, масалан сўм ёки долларнинг, маълум белгиланган миқдорига талабдир. Пулга реал талаб ёки реал пул қолдиқларига талаб – ушбу пулларга сотиб олиниши мумкин бўлган товарлар миқдорида ифодаланган талабдир. Шунинг учун реал пул қолдиқларига талаб (М/Р) умумий нарх индекслари билан дефляция қилинган реал кўринишдаги пул миқдорини ифодалайди. Пулга талаб реал пул қолдиқларига талабни ифодалайди, чунки кишилар пулни унга нима сотиб олиш мумкинлигига қараб сақлайдилар.
Иқтисодий адабиётларда ҳар қандай активларга талаб функцияси сингари, реал пул қолдиқлари ҳам унинг нархи функциясидир деган қарашлар қувватланади. Нархлар активлар, даромадлар, фаровонлик ва нималар кутилаётганлигига боғлиқдир. Соддароқ кўринишда реал пул қолдиқларига талаб даромадлар билан ижобий ва пулларни сақлашнинг алтернатив ҳаражатлари билан салбий боғлиқликдадир.
Реал даромадлар ошиб бориши билан реал пул қолдиқларига талаб ҳам ошиб боради ва бу ҳолат операциялар ҳажмининг ошишида ўз ифодасини топади.
Пул қолдиқларининг сақлаш ҳаражатларини бошқа мулк шакллари билан таққослаш мулкни альтернатив сақлаш шаклларига боғлиқ бўлади. Шунинг учун молия соҳаси ривожланган мамлакатлар иқтисодчилари бошқа активларга нисбатан пулни альтернатив сақлаш ҳаражатлари сифатида номинал фоиз ставкаси кўрсаткичидан фойдаланадилар. Реал пул қолдиқларини альтернатив сақлаш ҳаражатларининг тахминий миқдори сифатида кутилаётган инфляция даражасини ҳам қўллаш мумкин. Гиперинфляция шароитларида пулни сақлашнинг альтернатив ҳаражатлари жуда юқори бўлиб, пулга талаб кескин камайиб кетади.
Пул мультипликотри концепцияси. ПКБИ балансида кўрилганидек, заҳира пулларининг дастлабки ўсиши келгувси даврда банк тизими томонидан олиб бориладиган пул-кредит экспансиясига асос ҳисобланади. ПКБИ томонидан заҳира пулларининг кўпайтирилиши, кейинчалик ПДБ томонидан улардаги депонирлашган ресурсларнинг кўпайиши ҳисобига яна заҳира пуллари миқдорини оширади. Бунинг сабаби – ҳар бир сўм депонирлашган суммадан маълум қисми (белгиланган заҳира меъёрига кўра) ПДБ томонидан заҳира шаклида сақланиши лозимлигидир. Қолган маблағлар, одатда кредит сифатида мижозларга берилади ва натижада депозитлар ҳосил бўлади. Депозитлар эса ўз навбатида янги ссудалар берилиши учун асос бўлади. Бу жараённинг охирги босқичида яратилган депозитларнинг суммаси дастлабки заҳира пуллар ўсиши суммасининг “кўп марталаб” суммаси ҳисобланади.
Заҳираларни қисман қоплаш тизимида банклар ссудаларни бериш учун заҳира сифатида ўз депозитларининг бир қисмини сақлаган ҳолда аҳолининг депозитларидан фойдаланишади.
Пул муомаласи жараёни учун оддий модель ПКБИ жамғарадиган заҳира пулларига (RM) асосланган бўлади. Заҳира пулларига талаб нақд пуллар (CY) сифатида фойдаланиш учун аҳоли томонидан ва заҳира сифатида фойдаланиш учун тижорат банклари томонидан бўлади.
Демак,
RM = CY + R ва M = CY + DD,
бу ерда, R – ПДБ ларининг ПКБИ ларидаги депозитлари; DD – депозитлар; М – пул массаси.
Натижада, пул массасини пул базасига (заҳира пулларига) нисбати сифатида пул мультипликаторини аниқлаш мумкин:
. (5.13)
Пул мультипликатори – бир бирлик заҳира пули ҳисобига қанча пул яратилишини кўрсатади. Шундай қилиб, пул массасининг функциясини қуйидагича ёзиш мумкин:
M = mm*RM. (5.14)
Юқоридаги формулани ўзгаришлар кўринишида қуйидагича ёзиш мумкин:
∆Mt = ∆mmt RMt-1 + mmt-1 ∆RMt . (5.15)
(5.14) ва (5.15) формулалар пул массасининг пул мультипликатори ёки заҳирадаги пулларнинг ўзгариши ҳисобига кўпайиши мумкинлигини кўрсатади. Хусусан, заҳира пулларининг белгиланган мақсадли кўрсаткичи ўзгармасдан қолиб, пул мультипликаторининг ошиши пул-кредит шароитларининг бўшашганлигидан далолат беради.
Пул мультипликатори (mm) мажбурий заҳира меъёри ва умумий пул массасидаги нақд пуллар салмоғи қанчалик кичик бўлса, шунчалик катта бўлади.
Пул мультипликаторининг миқдори вақт давомида доимий бўлмасилиги, заҳира пуллари билан пул массаси орасидаги боғлиқликларни олдиндан белгилашда қийинчиликлар туғдириши мумкин. Пул мультипликаторининг ўзгариши уч турдаги иқтисодий субъектларнинг фаолиятига боғлиқ бўлади. Бу иқтисодий субъектлар: мажбурий заҳиралар меъёрини белгиловчи ПКБИ; қанча ортиқча заҳира пулларини сақлаш кераклигини белгиловчи тижорат банклари; ва инфляция, фоиз ставкалар ва бошқа кўрсаткичларга асосланиб қанча пулни нақд кўринишда ва қанча пулни депозит шаклида сақлаш кеарклигини белгиловчи банк тизимига мансуб бўлмаган аҳоли.
Шундай қилиб, пул массасининг ўзгаришига заҳира пуллари ва пул мультипликатирининг ўзгаришлари таъсир қиладиган бўлса, ўз навбатида:
заҳира пулларига – соф хорижий активлар, давлат бошқарув идораларига соф талаблар, тижорат банкларига талаблар ва бошқа моддалар (соф);
пул мультипликаторига – талаб қилиб олингунча депозитлар бўйича мажбурий заҳиралар, муддатли депозитлар бўйича мажбурий заҳиралар, ортиқча заҳиралар коэффициенти, муддатли депозитларнинг талаб қилиб олингунча депозитларга нисбати ва нақд пулларнинг талаб қилиб олингунча депозитларга нисбати таъсир кўрсатар экан.
Банклар ссудалар берганда, ссуда олувчилар истеъмол қобилиятини сотиб олишади. Қарз олувчилар ўзларига банк олдида қарз мажбуриятини оладилар. Шу сабабли ссуда қарз олувчининг соф капитал қийматини оширишга олиб келмайди, чунки соф капитал қиймати активлар ва мажбуриятларнинг фарқи сифатида аниқланади. Бошқача айтганда, қисман заҳира тизими орқали яратиладиган пул активларни эмас, балки иқтисодиётдаги ликвидлик даражасини оширади.
Аҳолининг пул массасига таъсири кучли бўлганлиги сабабли, ПКБИ пул массасани тўлақонли назорат қила олмайдилар. Бироқ, пул мультипликатори доимий ёки унинг ўзгаришини олдиндан аниқлаш мумкин бўлган ҳолатларда Марказий банк белгиланган мақсадли пул массаси даражасига эришиш учун, даставвал пул мультипликаторини баҳолаши, сўнгра (5.15) тенгламаси ёрдамида заҳира пуллари миқдорини белгилаши лозим бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |