Тадқиқот объекти. Тадқиқот объекти сифатида 2015 йилда Наманган вилояти Поп туманида синов тарзида қурилган, қуввати 130 кВт бўлган қуёш фотоэлектрстанцияси ўрганилган. Бу ўрганилган фотоэлектрстанцияда ўрнатилган барча поликристал қуёш панеллари Корея Республикасининг HANHWA, JSPV, S-ENERGY ва TOPSUN компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган. Қуёш фотоэлектрстанцияси ушбу ҳудуддаги электр тармоғига параллел уланган бўлиб, ҳар бир компаниянинг қуёш панеллари алоҳида инверторлар ва электр ҳисоблагичлар билан жиҳозланган.
Олиб борилган илмий изланишлар натижаларига кўра, 2015-2020 йиллар давомида қуёш фотоэлектрстанцияси томонидан электр тормоғига жами 830739 кВт∙соат электр энергияси етказиб берилган. Жумладан, қуёш фотоэлектрстанцияси, 2015 йилда 141556 кВт∙соат, орадан беш йил ўтиб, 2020 йилда эса 133871 кВт∙соат электр энергияси ишлаб чиқарган. Ушбу келтирилганлардан келиб чиқадики, қуёш фотоэлектрстанциясининг ишлаб чиқариш самарадорлиги ушбу йиллар давомида 9,4% га камайган. Бунинг сабабини ўрганиш мақсадида, қуёш панелларининг ташқи юзасини кўздан кечирилганда HANHWA компанияси панелларида 1-расмда келтирилган нуқсонлар аниқланган.
а) б)
1-расм. HANHWA компанияси панелларидаги нуқсонлар а) ва б).
Дастлабки олиб борилган тадқиқотларда [16-17] аниқланишича, қуёш панелининг баъзи қисмларида унинг юзасига қопланган EVA плёнка қатлами билан фотоэлемент орасида ҳаво пуфакчалари пайдо бўлганлиги кузатилган. Натижада фотоэлементга тушаётган қуёш нурларининг бир қисми ушбу пуфакчаларда сочилиб кетиши оқибатида фотоэлементга етиб бормайди. Биз шундай нуқсонлари бўлган қуёш панелларнинг ишлаш самарадорлигини аниқлаш мақсадида, фотоэлектрстанциядан нуқсонли битта қуёш панелини, ҳамда унинг параметрларини солиштириш учун захирадаги янги, ҳали ишлатилмаган, шу HANHWA компаниясига тегишли бўлган ва бир хил параметрли қуёш панелини танлаб олдик ва тадқиқотлар олиб бориш учун уларни Гулистон Давлат университетининг физика кафедрасига олиб келдик. Бу кафедрада Халқаро грант ҳисобидан олинган “EDIBON” компаниясининг "EESFC" қурилмаси мавжуд бўлиб, бу қурилма қуёш панелларининг электр энергияси ишлаб чиқаришини компьютер асосида ўрганишга мўлжалланган.
Тадқиқот усули: “EDIBON” компаниясининг "EESFC" қурилмаси ёрдамида қуёш панелига тушаётган нурларнинг интенсивлигини SR(%) ўзгариш ҳисобига, ишлаб чиқарилган ток кучи IDC (A), кучланиш UDC (V) ва қувват SWDC – P(W) ўлчанди. Бундан ташқари, хона ҳарорати ST-1(Тх), қуёш панелига тушаётган ҳарорат ST-2(Тт) ва панелнинг ҳарорати ST-3(Тп) ҳар гал нурланиш ўзгарганда ўлчаб борилди. Бу ўлчашлар янги эксплуатация қилинмаган қуёш панели учун алоҳида ва 6 йил давомида реал иқлим шароитда эксплуатация қилинган қуёш панели учун алоҳида ўлчанди. Тадқиқот услубининг умумий кўриниши 3-расмда келтирилган. Тадқиқот услубининг электр таъминотига уланиш схемаси 4-расмда келтирилган.
4-расмдаги "EESFC" қурилмасининг уланиш схемасида қизил чизиқ билан ажратилган қисмда қуёш панели ишлаб чиқарган ўзгармас электр токи энергияси инвертор ёрдамида ўзгарувчан электр токига айлантирилди ва юкламаларга уланди. Бунда "EESFC" қурилмасида ўрнатилан қуёш панели ўрнига HANHWA компаниясининг панеллари ўрнатилди. Экспериментал тадқиқотлар асосида тўпланган маълумотлар Microsoft Excel ва бошқа дастурлар асосида таҳлил қилинди.
Do'stlaringiz bilan baham: |