Пулнинг миқдорий назарияси ва унинг эволюцияси Иқтисодий адабиётларда ҳали ҳам пулларнинг миқдорий назарияси оммавий ҳисобланади. Агар металлистик ва номиналистик назариялар пулларнинг моҳияти ҳақидаги масалани талқин қилишган бўлса, пулларнинг миқдорий назарияси товарларнинг нисбий қиймати, пулларнинг харидчилик қобилияти ва унинг ўзгариши сабаблари ҳақидаги саволга жавоб беришга ҳаракат қилади. Ушбу концепция асосларини Ж.Локк асарларида, лекин янада тугалланган шаклда – Ж.Вандерлинт (1740 йилда вафот этган), Ш.Монтескье (1689-1755) ва Д.Юм (1711-1776) асарларида топиш мумкин. Д.Рикардо (1772-1823) ҳам пулларнинг миқдорий назарияси тарафдори бўлган.
Агар меркантилистлар мамлакатда пуллар қанча кўп бўлса, бу шунча яхши, чунки бундай ҳол савдо ва саноатнинг равнақини тақозо этади, деб ҳисоблашган бўлишса, унда Дэвид Юм муомаладаги пуллар сонининг кўпайиши мамлакат бойлигини ифодаламайди, балки фақат товарлар нархларининг ўсишига олиб келишини исботлашга уринган. Шунинг учун у пулларнинг қиймати муомалада юрган пулларнинг сони билан
белгиланади ва мутлақо фиктив миқдордан иборат бўлади, деб ҳисоблаган1.
Европада XVI-XVII асрларда юз берган «нархлар революцияси» пулларнинг миқдорий назарияси вужудга келишининг бевосита сабаби эди. Европага Американинг арзон олтини ва кумушининг олиб келиниши ва уларни қазиб олиш қийматининг пасайиши товарлар нархларининг жадал ўсишига олиб келди. Д.Юм бундай фавқулодда шарт-шароитларни типик деб ҳисоблаган, лекин илмий таҳлил бутунлай тескари ёндашувни талаб қилган. Д.Юм ҳам пулларнинг миқдорий назариясининг шундан кейинги тарафдорлари (Д.Рикардо, Ж.Милль ва бошқалар) сингари олтин тангали стандарт шароитида муомалада юрган пулларнинг миқдори аввало сотиладиган товарларнинг қийматига ва, янада аниқроқ қилиб айтганда, улар нархларининг суммасига боғлиқ бўлишини тушунишмаган.
Шундай қилиб, классик миқдорий назария учун учта қоида:
сабаблилик (нархлар пулларнинг массасига боғлиқ бўлади);
мутаносиблик (нархлар пуллар миқдорига мутаносиб равишда ўзгаради)
универсаллик (пуллар миқдорининг ўзгариши ҳамма товарларнинг нархларига бир хилда таъсир қилади) хос бўлган.
Пуллар шаклларининг ривожланишига қараб пуллар массаси турли хилдаги миқдордан иборат бўлади ва нафақат нақд пулларни, шу билан бирга турли шакллардаги банк омонатларини ҳам ўз ичига олади. Нархлари турли тусда ошиб борадиган товарларнинг ҳар хил гуруҳлари ҳам пул массасининг кўпайишига турлича муносабатда бўлади. Шунинг учун пулларнинг миқдорий назариясининг шундан кейинги ривожланиши унга эконометрик таҳлил аппарати ва нархлар бўйича микроиқтисодий назария элементларининг қўшилиши билан боғлиқ.
1 Қаранг: Юм Д. Опыты. М., 1896. С.37.
Сиёсий иқтисод математик мактабининг йирик вакили, Халқаро иқтисодий жамият асосчиларидан бири ва унинг биринчи президенти (1931-1933) Ирвинг Фишер(1867-1947) пулларнинг миқдорий назариясини замонавийлаштиришга катта ҳисса қўшди. У «Пулларнинг харид қилиш кучи. Унинг белгиланиши ва кредит, фоизлар ва таназзулларга муносабати» асарида (1911) пуллар массаси билан товарлар нархлари даражаси ўртасидаги боғлиқликни формаллаштиришга ҳаракат қилган. Товарлар учун тўланган пуллар сони ва сотилган товарлар нархлари суммаси тенг бўлгани учун буни И.Фишер тарози билан ўхшатмоқчи бўлади.
Математик шаклда айирбошлаш тенгламасини қуйидаги формула шаклида тасаввур этиш мумкин:
M V = PQ,
бунда: – (Expenditure) – пул муомаласининг умумий ҳажми, яъни мазкур жамиятда шу йил давомида товарларни сотиб олиш учун сарфланадиган пуллар суммаси; M (Money) – ушбу жамиятда йил
давомида муомалада юрган пулларнинг ўртача миқдори;
V PQ M (Velocity) – неъматларга айирбошлашдаги пуллар айланишларининг ўртача сони; P – (Price) – ушбу жамиятда сотиб олинадиган ҳар қандай алоҳида товарнинг ўртача сотиш нархи; Q – (Quantity) – товарларнинг жами харид қилинган сони.
Фишер формуласи олтин тангали стандарт шароитида тўғри бўлмайди, чунки у пулларнинг ички қийматини ҳисобга олмайди. Бироқ олтинга алмаштирилмайдиган қоғоз пуллар муомала қиладиган шароитда у муайян мазмун касб этади. Бундай шароитда пул массасининг ўзгариши, гарчи И.Фишер товарлар нархларининг мутлоқ эластиклигини назарда тутиб, нарх механизмини маълум маънода идеаллаштирса-да, лекин
товарлар нархлари даражасига таъсир кўрсатади. Бошқа неоклассиклар каби Фишер ҳам мукаммал рақобатчиликка асосланади ва ўз хулосаларини монополиялар ҳукмронлик қиладиган ва нархлар олдинги эластиклигини жиддий йўқотган жамиятга тегишли деб билади.
Кўпгина ҳозирги иқтисодчилар айирбошлаш тенгламасини бир хиллик, яъни MV=PQ сифатида тавсифлашади. Гап шундаки, бу тенглама D – T айирбошлаш ҳаракатини товарларнинг жами массасига дахлдор деб ифодалашга уринади, яъни товарлар сотиб олинган пуллар суммаси сотиб олинган товарлар нархлари суммасига тенг (бир хил). Бу тавтологиядир ва шунинг учун айирбошлаш формуласи нархларнинг умумий (мутлоқ) даражасини изоҳлаш учун хизмат қила олмайди.
Миқдорий назария тарафдорларининг фараз қилишича, айирбошлаш формуласи мутлоқ катталикни EQo ни изоҳлайди (айни бир вақтда талаб ва таклиф механизми ундан нисбий тебранишларни изоҳлайди).
И.Фишер ва унинг издошлари шундай нуқтаи назарга амал қилишган. Улар пулларнинг айланиш тезлиги (V) ва ишлаб чиқариш даражаси (Q) муомалада юрган пуллар миқдорига (M) ва нархлар даражасига (P) боғлиқ бўлмаслигини асослашга уринишган. Улар пулларнинг айланиши тезлиги аввало демографик (аҳолининг зичлиги ва ҳоказо) ва техник (транспорт воситаларининг сони ва сифати ва ҳоказо) параметрларга боғлиқ бўлади, деб фараз қилишган. Ишлаб чиқариш даражаси эса асосан меҳнат бозорида юзага келаётган шарт-шароитлар билан белгиланиб, нархлар даражаси ва муомалада юрган пуллар сонига боғлиқ бўлмайди. Шубҳасиз, бозор хўжалиги ҳукмронлик қиладиган шароитда бундай қоидалар яққол нореал тус касб этади.