Пулларнинг иқтисодий категория сифатидаги моҳияти уларнинг ички мазмунини ифодалайдиган функцияларида намоён бўлади. Пуллар қуйидаги бешта функцияни бажаради: қиймат ўлчови, муомала воситаси, тўлов воситаси, тўлаш ва жамғариш воситаси, жаҳон пуллари.
Пулнинг қиймати ўлчови сифатидаги функцияси.Пуллар умумий эквивалент сифатида ҳамма товарларнинг қийматини ўлчайди. Товарларни ишлаб чиқариш учун сарфланган ижтимоий зарур меҳнат уларни тенглаштириш учун шароит яратади. Ҳамма товарлар ижтимоий зарурий меҳнат маҳсули ҳисобланади, шунинг учун ўзи қийматга эга бўлган ҳақиқий пуллар (кумуш, олтин) бошқа барча товарлар қийматининг ўлчови
бўлиши мумкин. Бунда товарлар қийматининг пуллар воситасида ўчаниши идеал тарзда юз беради, яъни товар эгасида нақд пулларнинг бўлиши шарт эмас.
Шундай қилиб, пуллар қиймат ўлчовидан иборат бўлади. Жамият пул бирлигидан турли хил неъматлар ва ресурсларнинг нисбий қийматларини солиштириш учун масштаб сифатида фойдаланишни қулай деб ҳисоблайди. Масофани метрлар ва километрларда ёки вазнни граммлар ва килограммларда ўлчаганига ўхшатиб неъматлар ва хизматларнинг қиймати ҳам пул ифодасида солиштирилади. Бу шубҳасиз афзалликларга эга. Пул тизими туфайли ҳар бир маҳсулотнинг нархини уни алмаштириш мумкин бўладиган бошқа ҳамма маҳсулотлар орқали ифодалашга зарурат қолмайди. Пулларнинг умумий эквивалент сифатида фойдаланилиши шуни англатадики, ҳар қандай товарнинг нархини фақат пул бирлиги орқали ифодалаш етарли бўлади. Пулларнинг шу тарзда ишлатилиши битим қатнашчиларига ҳар хил товарлар ва ресурсларнинг нисбий қимматини осонлик билан солиштириш имконини беради.
Ҳозирги дунёда турли неъматларнинг қиммати бир хилдаги пул бирликларида – бир-бирига енгиллик билан ўтказиладиган (конвертация қилинадиган) долларлар ва шу кабиларда ифодаланади. Товарнинг пулларда ифодаланган қиймати нарх дейилади.
Нарх товарларни ишлаб чиқариш ва сотиш учун зарур ижтимоий меҳнат харажатлари билан белгиланади. Товарларнинг нархи ва уларнинг ҳаракати негизида қиймат қонуни ётади. Товарнинг нархи бозорда шаклланади ва товарларга талаб ва таклифнинг тенг бўлганида бундай нарх товарнинг қиймати ва пулларнинг қийматига боғлиқ бўлади. Бозордаги талаб ва таклиф бир-бирига мувофиқ келмаганида товарнинг нархи муқаррар равишда унинг қийматидан четга тебраниб ўзгаради. Нархларнинг товарни ишлаб чиқарувчининг қийматидан юқорига ва
пастга ўзгаришлари қандай товарларнинг ортиқча ишлаб чиқарилгани, қайсиларининг - кам ишлаб чиқарилганидан далолат беради.
Қийматига кўра турлича бўлган товарларнинг нархларини солиштириш учун уларни бир масштабга келтириш, яъни уларни бир хилдаги пул бирликларида ифодалаш зарур. Металл пуллар муомаласида нархлар масштаби деб ушбу мамлакатда пул бирлиги қилиб қабул этилган ва бошқа барча товарларнинг нархларини ўлчаш учун хизмат қиладиган пуллик металлнинг вазни миқдорига айтилади.
Олтиннинг муомалада бўлган шароитида нархларнинг масштаби олтиннинг муайян миқдорига тенглаштирилган пул бирлигининг белгиланишини назарда тутарди. ХХ асрда пулларнинг харидчилик қобилиятининг пасайиши кузатилдики, бу пул бирлигидаги олтиннинг камайганлигида ўз ифодасини топди. Масалан, 1900 йилда АҚШ доллари 1,50463 граммга, 1934 йилда – 0,888671 граммга, 1973 йилда – 0,736 граммга тенг бўлди. Россияда молия вазири С.Ю.Виттенинг (1895-1897 йиллар) ислоҳоти бўйича рублнинг таркибидаги олтин 0,774234 грамм қилиб белгиланди. 1950 йилда бундай таркиб 0,222169 граммни, 1961 йилда эса (нархлар масштаби ўзгариши билан) – 0,987412 грамм бўлди.
1976-1978-йилларда жорий қилинган Ямайка валюта тизими олтиннинг расмий нархини ва Халқаро валюта фондига (ХВФга) аъзо бўлган мамлакатлар пул бирликларининг олтин таркибини бекор қилди. Ҳозирги вақтда бу мамлакатлардаги нархларнинг расмий масштаби товарлар қийматини нарх воситасида солиштириш йўли билан бозорда айирбошлаш жараёнида стихияли тарзда шакллантирилади. Россияда ҳам 1992 йилдан бошлаб рубль билан олтиннинг расмий ўзаро нисбати назарда тутилмаган.