Ҳар бир мамлакатда инфляция мавжудлиги ундаги иқтисодий ҳолатниг ёмонлашувига сабаб бўлади. Ушбу салбий ҳолатлар қуйидаги йўналишларда юзага чиқади:
Ишлаб чиқариш хажми қисқаради, чунки нарх-наволарнинг доимий тарзда тебраниб туриши ишлаб чиқаришни ривожлантиришга бўлган истиқболларга ишончни йўқотишга олиб келади;
Ишлаб чиқариш соҳасидаги капитал савдо ва воситачилик операцияларига оқиб ўтиши кузатилади. Чунки савдо ва воситачилик
соҳаларида капитал айланиши тез амалга ошади ва катта фойда келтиради. Инфляция юқори бўлган даврда аҳоли ўртасида пулдан қочиш ҳолати кузатилади, яъни кишилар қўлларидаги пуллардан имконият даражасида тезроқ сарфлашга ҳаракат қиладилар. Улар пулларга турли товарлар сотиб оладилар. Бунинг натижасида савдо ва воситачилик дўконида товарлар тез сотилади;
Нарх-навонинг кескин ва нотекис ўзгариши натижасида чайқовчилик кенгаяди. Инфляция натижасида товар танқислиги (дефицит) юзага чиқади. Ушбу тақчиллик нарх-навонинг кескин кўтарилишига олиб келади;
Давлат молия ресурслари қадрсизланади. Давлат бюджети даромадлари бюджет харажатлари амалга оширилгунча қадар даврда қадрсизланади. Бюджет даромадлари ва харажатлари ўртасидаги мутаносибликни сақлаш қийинлашади ва бунинг натижасида бюджет тақчиллиги (дефицити) юзага чиқади;
Мамлакатда кредит операциялари чекланади. Чунки инфляция даражаси туфайли юридик ва жисмоний шахсларга тижорат банкларидан бериладиган кредитларнинг фоиз даражасиниг юқори даражада ўрнатилади. Ушбу салбий ҳолат ишончни пасайтиради.
Инфляциянинг энг асосий ижтимоий оқибати бўлиб даромадлар ва бойликларни қайта тақсимланиши амалга ошиши ҳисобланади. Ушбу қайта тақсимланиши қуйидаги омиллар натижасида амалга ошади:
мамлакат аҳолисининг даромадлари индексация қилинмаслиги;
тижорат банклари томонидан юридик ва жисмоний шахсларга бериладиган кредитлар баҳолар индексларининг ўзгаришини ҳисобга олинмаган ҳолда берилишлиги.
Инфляция шарт-шароитларида мамлакатда ички маҳсулот ва миллий даромад қуйидаги йўналишларда қайта тақсимланади:
Миллий иқтисодиёт тармоқлари, ишлаб чиқариш соҳалари ва мамлаат худудлари ўртасида нарх-навонинг нотекис ўсиши натижасид;
Мамлакат аҳолиси ва давлат ўртасида. Бунда давлат томонидан муомаладаги ортиқча пул массасидан қўшимча даромад сифатида фойдаланади. Халқаро амалиётда бу инфляцион солиқ деб номланади;
Мамлакат аҳолисининг синфлари ва турли тоифалари ўртасида. Махсулотлар ва хизматларга бўлган нарх-навонинг нотекис ўсиб кетиши натижасида аҳоли ўртасида ижтимоий тоифаларга бўлинишини (бойлар, камбағаллар, қашшоқлар), мулкий ҳолатидаги фарқни чуқурлашувига, жамғармалар ва жорий истеъмолнинг кескин ўзгариши юзага чиқади. Инфляциянинг ижтимоий салбий таъсири энг аввало қатъий белгиланган даромадлари олувчи шахслар ҳисобланган – нафақахўрлар, ногиронлар, кўп фарзандли оилалар ва давлат хизматчилари (ўқитувчилар, врачлар, боғча ходимлари ва бошқалар) учун жуда оғир кечади;
Дебиторлар ва кредиторлар ўртасида. Ушбу ҳолатда олинган қарзларни пул қадрсизланиши натижасида дебиторлар даромад олади ва бунинг акси, кредиторлар қўшимча зарар кўради.
Биз юқорида келтирган инфляциянинг иқтисодий ва ижтимоий салбий оқибатлари қўшимча равишда мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқаларга ҳам фаол таъсир кўрсатади. Инфляция даражаси юқори мамлакатлар билан қўшимча суғурта ва турли кафолатлар асосида ўзаро муносаблар олиб борадилар. Халқаро амалиётда ушбу муносабатлар савдонинг камситилиши ёки дискриминация деб номланган.
Мамлакат иқтисодиётига айниқса жиловланмаган (гиперинфляция) жуда салбий таъсир этади. Бунинг натижасида иқтисодий ва ижтимоий қарама-қаршиликлар кескинлашади, аҳоли ўртасида хукуматга бўлган норозилик кучаяди. Шунинг учун, хукумат қарама-қаршиликларни ижобий ҳал қилиш, миллий пул тизимининг барқарорлаштириш учун оқилона
ишлаб чиқилган инфляцияга қарши чора-тадбирларни амалга ошириши лозим бўлади.