Нақд пуллар эмиссияси. Пул мультипликатори. Пуллар марказий эмиссия банки фаолияти натижасида яратилади.
Пулларни яратиш жараёни икки босқичдан иборат бўлади.
Пулларни яратиш жараёнининг биринчи босқичида марказий эмиссия банки асосий йўналишлар бўйича, шу жумладан, ҳукуматга, тижорат банклари, чет мамлакатлар, алоҳида корхоналарга бевосита кредитларни бериш йўли билан (агар амалдаги қонунларда шундай тартиб назарда тутилган бўлса), шунингдек, расмий олтин ва валюта захираларини кўпайтириш орқали ўз активларини кўпайтиради.
Марказий эмиссия банки активларининг кўпайтирилиши айни бир вақтда унинг пассивларининг ҳам тегишлича ўсишини англатади, яъни пул базасининг ташкил этилишига олиб келади.
Пул базаси муомаладаги нақд пуллардан, шунингдек, тижорат банкларининг мамлакат Марказий банкидаги мажбурий ва мажбурий бўлмаган (ихтиёрий ва ортиқча) захираларидан иборат бўлади.
Умуман олганда, тижорат банкларининг захиралари деганда, мабодо банк омонатчилари тўсатдан катта миқдордаги тўлов талабларини қўйгани ҳолда, унинг тезкорлик билан муомалага киритадиган активлари тушунилади. Тижорат банкларининг Марказий банкдаги захиралари мажбурий ва мажбурий бўлмаган (ихтиёрий ва ортиқча) захиралардан таркиб топади.
Мажбурий захиралар деганда тижорат банкларининг Марказий банкдаги омонатлари (депозитлари)нинг қонуний тартибда белгилаб қўйиладиган энг кам нормаси тушунилади.
Мажбурий бўлмаган (ихтиёрий, ортиқча) захиралар деганда тижорат банкларининг Марказий банкдаги вакиллик ҳисобварақларида мажбурий захираларнинг белгиланган нормасидан ортиқ миқдорда сақланаётган маблағлари тушунилади. Тижорат банклари мажбурий бўлмаган захиралар миқдорларини ўз хоҳишига кўра ўзгартириши мумкин. Шу муносабат билан эълон қилинадиган статистикада пул базасини белгилашда бундай
захираларни муомаладаги нақд пуллар таркибида юрибди деб ҳисоблаб, улар ажратиб кўрсатилмайди. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки пул базасининг қуйидагича таърифини беради:
Пул базаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки муомалага чиқарган нақд пуллар ва тижорат банкларининг мажбурий захираларини ўз ичига олади.
Пулларни яратиш жараёнининг иккинчи босқичида тижорат банклари ўз мижозлари – корхоналар, ташкилотлар, аҳолини кредитлаш учун марказий эмиссия банкидан олган кредитлардан фойдаланадики, бу пул массасининг яратилишига олиб келади.
Пул массаси тижорат банклари тизимидаги пул базасининг ошиши натижасида вужудга келади ва муомаладаги нақд пуллардан ва мижозлар ҳисобварақларидаги пуллар қолдиқларидан иборат бўлади.Банк мультипликатори пулларнинг бир тижорат банкидан бошқа тижорат банкига ҳаракати даврида тижорат банкларининг депозит ҳисобварақларидаги пулларнинг кўпайиши жараёнидан иборат. Пул массасини кўпайтиришнинг ушбу механизми фақат икки даражали банк тизими (марказий ва тижорат банклари) амал қиладиган ва тўлиқ фаолият юритадиган шароитда ишлаши мумкин. Банк мультипликатори механизмининг амал қилиши жараёнида банклар мижозларининг ҳисобварақларида пул маблағларининг тўпланиши юз беради. Ушбу механизмнинг амал қилиши интенсивлигини ҳисоб-китоб қилиш учун банк мультипликатори коэффициентини ҳисоб-китоб қилиш формуласи қўлланилади: