Кўргазмали-образли тафаккур
тури ҳам психологик адабиётларда
турлича талқин қилинади. “Психологик луғат”да таърифланишича у конкрет
тафаккурнинг бевосита идрок қилинаётган нарса ва ҳодисалар ҳақида
фикрлашдан иборат бўлган тури. Профессор Э.Ғозиев фикрича, бевосита
идрок қилинаётган предметлар эмас, балки фақат тасаввур қилинаётган нарса
ва ҳодисалар ҳақида фикрлашдан иборат тафаккур тури кўргазмали-образли
тафаккур деб аталади. В.Каримова томонидан кўргазмали-образли тафаккур
эса кўрган кечирган нарсалар ва ҳодисаларнинг аниқ образлари кўз
олдимизда гавдаланган чоғда уларнинг моҳиятини умумлаштирилиб
билвосита акс эттиришимиздир, деб талқин қилинади. Тафаккурнинг мазкур
кўриниши 4-7 ёшгача бўлган болаларда намоён бўлади. Боғча ёшидаги
болаларда кўргазмали-образли тафаккур босқичига ўтгандан сўнг ҳам
сақланиб қолади, лекин у ўзининг етакчи ролини йўқота бошлайди.
Кўргазмали-образли тафаккур содда шаклда кўпинча боғча ёшидаги
болаларда, яъни 4-7 ёшгача бўлган болаларда пайдо бўлади. Бу ёшдаги
болаларда тафаккурнинг амалий ҳаракатлар билан алоқаси аввалгидек тўғри
ва бевосита бўлмайди. Боғча ёшидаги болалар фақат кўргазмали образлар
билан фикр юритадилар ва унча тушунчага эга бўлмайдилар. Боғча ёшидаги
болаларда тушунчаларнинг йўқлиги швейцариялик психолог Ж.Пиаженинг
қуйидаги тажрибасида жуда яққол намоён бўлади. 7 ёшга яқин болаларга
хамирдан қилинган мутлақо бир хил, ҳажми жиҳатидан тенг 2 та соққа
кўрсатилади. Болалар уни тенг деб ҳисоблайди. Болаларнинг кўз олдида
битта соққа эзиб нон шаклига келтирилади. Энди болалар нон шаклидаги
соққада хамир кўп деб ҳисоблайдилар. Болаларнинг кўргазмали-образли
тафаккурлари ҳали уларнинг идрокларига бевосита тўла бўйсунадиган
бўлади. Уларнинг кўргазмали-образли шаклда ўтадиган тафаккурлари
болаларни соққага қараганда нон шаклидаги хамир кўпроқ деган хулосага
олиб келади.
Шунинг учун улар нарса ва ҳодисаларнинг, жисм ва предметларнинг
кўзга яққол ташланиб турувчи аломатига, хусусиятига, ташқи белгисига
эътибор
қиладилар. Лекин
уларнинг ички боғланишлари ўзаро
муносабатларини билдириб келадиган муҳим асосий сифатларига аҳамият
бермайдилар. Объектларни фазода жойлашган ўрни ташқи, номуҳим белгиси
уларнинг кўргазмали-образли тафаккурини вужудга келтиради. Масалан,
уларнинг назарида одамларни бўйининг баланд ва пастлиги уларнинг ёшини
белгилайди.
Тафаккур фаоллигига қараб ихтиёрсиз (интуитив) ва ихтиёрий
(аналитик) тафаккур турларига ажратилади. Интуиция деб мантиқий
тафаккур ёрдамида кўп вақтлар давомида ҳал қилинмаган ақлий
вазифаларнинг тўсатдан, кутилмаганда ҳал қилиниб қолиши жараёнига
айтилади.
Кўпинча ихтиёрий тафаккур жараёни мулоҳаза, муҳокама, исботлаш,
гипотеза каби шаклларда намоён бўлади. Масалан, математика, физика, кимё,
психология ва бошқа фанлардаги мисол ва муаммоларни ечиш жараёни.
Бундан ташқари ихтиёрий тафаккурга мантиқий ёки назорат (контрол)
тафаккури ҳам киради. Моддий борлиқни адекват акс эттириш, фикр
юритиш, танқидий ва синчков бўлишни тақазо этади. Бинобарин, нарса ва
ҳодисаларни атрофлича билиш учун объектив баҳо бериш зарурати туғилади,
бу эса ўз навбатида фикр юритиш кўлами кенг, аналитик-синтетик фаолият
доираси мустаҳкам бўлишини талаб қилади.
Тафаккур жараёни ихтиёрсиз юз бериши ҳам мумкин. Лекин бу ҳолда
улар ихтиёрий тафаккурга суянган тарзда вужудга келади. Жумладан,
одамнинг амалий, маиший ва ҳоказо фаолиятларида ихтиёрсиз равишда
қатор саволлар пайдо бўлиши ва уларга беихтиёрий жавоблар ахтариш
ҳоллари учраб туради. Бундай пайтларда инсон фикр юритяптими ёки йўқми
буни билиш қийин, ваҳоланки, у ўзича гўё саволларга жавоб топадигандай,
ширин ҳис-туйғуларни бошдан кечираётгандай бўлади, шунинг учун кўпинча
“тилимнинг учида турибди” дейилади. Одамлар қандайдир матн ёки муаммо,
масала устида бош қотириб, ўтирганларида фикр юритиш мутлақо беихтиёр
рўй бериб қолади ва улар асосий топшириқни бажаришдан узоқлаштиради.
Инсоният тарихий тараққиёти тарихидан шу нарсалар маълумки,
йирик илмий кашфиётлар кўпинча худди шундай беихтиёр фикр қилиб
турган маҳалда тўсатдан очилган. Жумладан, юнон олими Архимед
солиштирма оғирлик қонунини зўр бериб, ақлий меҳнат қилиш пайтида эмас,
балки ҳеч кутилмаган жараёнда, ваннада чўмилиб турган пайтида кашф
этган. Улуғ рус олими Д.И.Менделеевнинг ҳикоя қилишича, у элементлар
даври тизими жадвалини тузиш вақтида уч кеча-ю, уч кундуз бетиним
меҳнат қилган, аммо бу вазифани ниҳоясига етказа олмаган. Ундан сўнг
чарчаган олим иш столи устида уйқуга кетган ва тушида бу элементлар
тартибли жойлаштирилган жадвални кўрган. Шунда Д.И.Менделеев уйқудан,
уйғониб, бир парча қоғозга тушида аён бўлган жадвални кўчириб қўйган.
Кўпинча
психолог
ва
физиологларнинг
таъкидлашларича,
муаммонинг бундай осон равишда ечимини ҳеч кутилмаганда юқоридаги
каби беихтиёр ҳал қилиниши шу кашфиётлар олам юзини кўрганича бўлган
давр ичида ойлаб, йиллаб қилинган меҳнатнинг якуни, яъни тугалланмай
қолган тафаккур жараёнларининг ниҳоясига етишидир деб баҳоламоқда.
Йирик физиолог ҳамда психолог В.М.Бехтеревнинг изоҳлашича,
бундай кутилмаган жараёнларнинг рўй беришига асосий сабаб бу
ўрганилаётган масала тўғрисида ухлашдан олдин зўр бериб бош қотириш,
ўйлаш (фикр юритиш) ва бутун зеҳни шунинг билан бирга диққат-
эътиборининг тортилиши, кашф қилиниши зарур масалага тўла-тўкис
йўналишидан иборат мақсадга мувофиқлаштирилган мураккаб барқарор
психик ҳолати ҳукм суришидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |