Иродавий зўр бериш ва иродавий ҳаракат мақсадга эришиш йўлида
учрайдиган тўсиқларни енгишда намоён бўлади. Кишининг иродаси жуда
катта тўсиқларни енгишга тўғри
келганда, айниқса яққол кўринади.
Иродавий зўр бериш ва иродавий ҳаракатлар йўли билан енгишга тўғри
келадиган тўсқинликлар икки хил: ички ва ташқи тўсқинликларга бўлиниши
мумкин.
Иродавий зўр бериш йўли билан енгишга тўғри келадиган ички
тўсиқлар одам организми ва психикасининг ҳолатидир. Одам тинч
ҳаракатсиз ва ҳеч қандай фаолиятсиз ҳолатда бўлиши мумкин, масалан, дам
олиш, ухлаш, чарчаш, касаллик пайтида шундай ҳолат бўлади. Бирон иш
билан шуғулланмай ҳаракатсиз ўтиришга, яъни ялқовликка ундовчи майл
ҳам шундай ҳолатдан ҳисобланади.
Иродавий зўр бериш йўли билан аввало организмнинг пассив
ҳолатини ўзгартириш уни фаол ҳолатга келтириш зарур бўлади. Масалан,
ўрнида ётган киши (мотивлар кураши) турлича қарор қилади ва ўзини
мажбур қилиб ўрнидан туради. Ялқовликни енгиш учун баъзан жуда кўп зўр
беришга тўғри келади.
Иродавий зўр бериш йўли билан кишининг ақлий фаолиятини ҳам
фаол ҳолатга келтирилади. Масалан, маъруза бошланиши билан талаба
дарҳол иродавий кучни ишга солиб, диққатни бир жойга тўплайди,
ироданинг барқарорлигини сақлаб қолади, тафаккур ва эсда олиб қолиш
жараёнларини кучайтиради.
“Ҳаракат қилиш ўзига қандай ўргатилган бўлса – дейди И.М.Сеченов
– ҳаракатни тўхтатиб қолишни бошқаришга ҳам шундай ўрганмоқ керак”.
Киши иродавий зўр бериш йўли билан ихтиёрсиз фаолликни батамом
йўқотиб юбормайди, балки шу фаоллик кўринишларини фақат ўзгартиради,
ёки босиб қўяди. Ихтиёрсиз фаоллик кўринишларини босилиши вазминлик
деб аталади.
Ирода-аввало кишининг ўзини қўлга
ола билиши, ўз интилишлари,
ҳиссиётлари ва эҳтиросларини боса билиши демакдир. Ирода кишининг ўз-
ўзини идора қила олиши, ўз хулқи ва фаолиятини англаб, билиб тартибга
солиш ва бошқара олиш қобилияти демакдир.
Кишининг ички тўсиқларни енга олиш, ўзини бошқариш ва ўз устидан
ҳукмронлик қила олиш қобилияти одатда ички ирода деб юритилади. Киши
иродавий зўр бериш йўли билан теварак-атрофдаги воқеликда учрайдиган
ташқи тўсиқларни енгиши зарур бўлади. Киши ўз олдига қўйилган мақсадни
амалга оширишга қаршилик қилаётган тўсқинликларни енгиб ўтади,
воқеликни ўз мақсадига мувофиқ равишда ўзгартиради ва уни ўз
эҳтиёжларига
мослаштиради.
Инсоннинг
тўсиқларни, ташқи
қийинчиликларини енга олиш қобилияти ташқи ирода деб аталади.
Аммо иродани фақат шартли равишда ички ва ташқи деб иккига
бўлиш мумкин. Инсон иродаси битта, лекин у ташқи оламдаги ўзгартириш ва
бошқаришга қаратилиши билан бирга шахсий, субъектив ҳолатларни ва
жараёнларни бошқаришга қаратилиши ҳам мумкин. Модомики, шундай экан,
ташқи тўсқинликларни енгиш ички тўсқинликларни енгиш билан чамбарчас
боғлиқдир.
Инсон ташқи оламга таъсир этар экан, ташқи олам ҳодисаларини
бошқариш билан бир вақтда ўзини, ўз
организмини, қўл-оёқ мускулларини
ҳам бошқаради, уларнинг таранглигини кучайтиради ёки сусайтиради,
уларнинг ҳаракатларини уйғунлаштиради, бутун организмнинг мослашиш
вазиятини вужудга келтиради ва зарур пайтда бу вазиятни ўзгартиради ва
ҳоказо. Шу билан бирга ихтиёрий ҳаракатлар, асосан меҳнат фаолиятида
одамнинг ихтиёрий фаоллик кўринишларини тўхтатиб ва босиб туришга
тўғри келади. Шунинг учун одамнинг иродавий зўр бериши ва ихтиёрий
ҳаракатлари ташқи тўсқинликларни енгишга қаратилиши билан бир вақтда
организмнинг ички аҳволини ҳам ўзгартиради. Инсон
теварак-атрофдаги
воқеликни ўзгартирар экан, ўзини-ўз вужудини ҳам ўзгартиради.
Иродавий ҳаракатлар бажарилгандан кейин уларга баҳо берилади.
Қарор ижро этилгандан кейин, баъзан эса қарорни бажариш жараёнида ҳам
кўпинча ҳаракатларга баҳо бериш, қарорни қандай ижро этилганлигига баҳо
бериш керак бўлади. Қарорни ижро этиш юзасидан қилинган баҳо бериш
қабул қилинган қарорни ҳамда қилинадиган ишни маъқуллаш, оқлаш ёки
қоралашдан иборат бўлади. Бу баҳо қабул қилинган қарор ёки бажарилган
ҳаракатлардан мамнун бўлиш ёки мамнун бўлмаслик туфайли келиб чиққан
махсус ҳиссий кечинмаларда ифодаланади. Салбий баҳо кўпинча қилинган
ишларга пушаймон бўлиш, ачиниш, уялиш ва афсусланиш каби ҳислар
туғилишига сабаб бўлади. Қилинаётган ёки қилинадиган ишларга
бериладиган баҳо қабул қилинган қарорни ёки бажарилган ҳаракатларни
маъқулловчи, оқловчи ёки қораловчи махсус ҳукмларда ифодаланади.
Қилинаётган ёки қилинадиган ишларга ижтимоий-сиёсий, ахлоқий,
эстетик ва бошқа нуқтаи назардан баҳо берилади. Мана шундай баҳо
беришдан келиб чиқадиган ҳис ва ҳукмларда кишининг дунёқараши, ахлоқий
сифатлари ва тамойиллари, шу билан бирга характери ва қизиқиш –
ҳаваслари ҳам яққол намоён бўлади.
Қарорни бажариш юзасидан қилинган ишларда кишининг ўзи баҳо
берибгина қолмайди, балки киши қайси жамиятда яшаса ва ишласа ўша
жамият ҳам баҳо беради.
Одам қилган ёки қилаётган иш ҳаракатларига теварак-атрофдаги
кишилар ижобий баҳо бергандан кейин ички маънавий қаноат ҳис қилади
ҳурсанд бўлади ва кучига куч қўшилгандек бўлади. Айрим иш-ҳаракатларига
салбий баҳо берилганда эса киши ўзига хос уялиш ҳиссини кўнглидан
кечиради ва виждон азобига учрайди.
Қилинган иш-ҳаракатга берилган баҳо
кишининг фаолиятида катта
амалий аҳамиятга эгадир. Бу баҳо кишининг кейинги фаолияти учун рағбат
ва мотив бўлиб қолади. Салбий баҳо одатда айни фаолиятни тўхтатиш ёки
ўзгартиришга мотив бўлади. Ижобий баҳо фаолиятни давом эттириш,
кучайтириш ва янада яхшилашга, жумладан меҳнат унумдорлигини
оширишга рағбатлантиради.
Do'stlaringiz bilan baham: