I боб. Умумий талаблар
1. Ушбу Намунавий йўриқнома «Саноатконтехназорат» давлат инспекцияси назорати остидаги корхона, ташкилотларда, барча ташкилий-ҳуқуқий ва мулкдорлик шаклидан, уларнинг қайси идорага тегишлигидан қатъи назар, портлаш хавфи ва портлаш-ёниш хавфи бор объектларда оловли ишларни хавфсиз олиб борилишини ташкил қилиш бўйича асосий талабларни белгилайди.
2. Корхоналардаги оловли ишларни олиб борилишида хавфсизликни таъминлаш бўйича тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун жавобгарлик корхоналар раҳбарларига, ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш учун белгиланган тартибда жавобгар этиб тайинланган шахсларга юклатилади.
3. Оловли ишларга материал ва конструкцияларни, очиқ олов, учқун пайдо қилиш ва қиздириш билан аланга олдиришга қодир (электрпайвандлаш, газпайвандлаш, плазма билан кесиш, бензин билан кесиш, кавшарлаш ишлари, учқун ҳосил қилувчи металларга механик ишлов бериш ва ҳ. к.) ишлаб чиқариш операциялари киради.
4. Портлаш хавфи ва портлаш-ёниш хавфи бор объектларда оловли ишларни олиб боришга камдан-кам ҳолларда, бу ишлар учун ажратилган махсус доимий жойларда бу ишларни олиб бориш мумкин бўлмаса ва фақат объектда ёнғин хавфсизлиги учун жавобгар шахснинг ёзма рухсатномаси билан (ишлаб чиқариш, цех, қурилма раҳбари ва шу кабилар) бош муҳандис, ёки унинг ишлаб чиқариш бўйича ўринбосари, ёки ишлаб чиқариш бошлиғи тасдиқлаган рухсатномаси бўлганда, рухсат берилади.
Ҳар бир корхонада техника хавфсизлиги гуруҳи (бўлими) ушбу Намунавий йўриқномага тўлиқ амал қилган ҳолда оловли ишларни олиб бориши керак бўлган ишлаб чиқаришлар, цехлар, бўлинмалар, участкалар ва шу кабилар рўйхатини тузишлари керак. Бундай объектлар рўйхати ҳудудий ёнғин ўчириш органи билан келишилган ва корхона бош муҳандиси томонидан тасдиқланган бўлиши керак.
5. Ушбу Намунавий йўриқнома асосида, 1995 йил 18 сентябрда тасдиқланган «Саноат корхоналари ёнғин хавфсизлиги Қоидалари»ни ҳисобга олган ҳолда корхоналарда ишлаб чиқаришнинг ва маҳаллий шароитнинг ўзига хослигини ҳисобга олган ҳолда, оловли ишларни хавфсиз олиб бориш бўйича йўриқномалар ишлаб чиқарилиши керак. Бу йўриқномалар ушбу Намунавий йўриқномага зид бўлмаслиги керак ва улардаги талаблар ушбу Намунавий йўриқномада белгилангандан паст бўлиши мумкин эмас.
6. Портлаш хавфи ва портлаш-ёниш хавфи бор объектларда оловли ишлар фақат кундуз куни амалга оширилиши керак (фалокат ҳолатларидан ташқари).
7. Ушбу Намунавий йўриқнома талаблари корхона бўлимлари томонидан бажарилаётган ишларга тааллуқлидир.
8. Оловли ишларни олиб боришга, иш жойларида ёнғин хавфсизлиги чора-тадбирлари ҳақидаги йўриқномадан (йўриқлашдан) ўтган, малака гувоҳномасига техника ва ёнғин хавфсизлиги бўйича малака гувоҳномасига, талонига эга мутахассисларга рухсат берилади.
9. Оловли ишлар икки босқичга бўлинади: тайёргарлик ва асосий, яъни бевосита оловли ишларни олиб бориш.
10. Оловли ишлар, фақат бўлинма раҳбари имзо қўйган наряд-рухсатнома мавжуд бўлса ва оловли ишлар бажарилаётган корхона бош муҳандиси ёки унинг ишлаб чиқариш бўйича бошлиғи тасдиқлаган бўлсагина, олиб борилиши мумкин (иловага қаралсин).
Авария ҳолатларида оловли ишларни олиб бориш учун наряд-рухсатнома, оловли ишлар бажарилиши керак бўлган бўлинма раҳбари ёки унинг ўрнидаги шахс томонидан берилиши мумкин. Бу ҳолатда оловли ишлар корхона бош муҳандисини ва техника хавфсизлиги хизматини хабардор қилган ҳолда, наряд-рухсатнома берган шахснинг бевосита раҳбарлигида амалга оширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |