ПЛАНТАЦИЯ ШАРОИТИДА FERULA TADSHIKORUM PIMENOV ВА FERULA FOETIDA (BUNGE) REGEL ЎСИМЛИКЛАРИНИНГ БИОМОРФОЛОГИК ХУСУСИЯТЛАРИ
Mokhira A. Halkuzieva1, Dilovar T. Khamraeva2
1 Jizzakh Polytechnic Institute. Jizzakh State Polytechnic Institute 130100, Jizzakh city, Islam Karimov street, 4, 130100, Uzbekistan
2 Tashkent State Pedagogical University named after Nizami, 100043, Chilanzar district, Bunyodkor str., 27, Tashkent, 100043, Uzbekistan
Аннотация
Ferula foetida ва Ferula tadshikorum ўсимликларидан халқ табобатида, фармацевтика саноатида кенг қўлланиб келинмоқда. Фармацевтика саноатида қўлланилиши натижасида уларнинг биологик хилма-хиллиги ва табиий ресурслари камайиб бормоқда. Шифобахш ўсимликлардан плантациялар ташкил қилиш ва уларнинг биоморфологик хусусиятларини ўрганиш муҳим илмий-амалий аҳамият касб этади. Ушбу мақолада плантация шароитида Ferula foetida ва Ferula tadshikorum ўсимликларнинг биоморфологик хусусиятлари келтирилган.
Жиззах вилоятининг Арнасой туманида лалми майдонларида 2014-2021 йилларда 20 гектар майдонга Ferula foetida ва Ferula tadshikorum уруғидан экилиб, плантациялар ташкил этилган. 2018-2020 йиллар феврал, март, апрел, май ойларида давомида уларнинг плантация шароитида 2-йилдан 6 йиллик Ferula foetida ва F. tadshikorum ўсимликлар баргларининг ўсиш динамикаси, ўлчами, илдизларининг морфобиологик таснифи ўрганилди. Икки йиллик ўсимликларда иккала турда ҳам 2 та бутун оддий барги бўлиб, учинчи йилдан олтинчи йилгача тупбаргда ўсимликнинг ёш ҳолатига қараб барглари турли сондаги бўлакларга бўлинади ва ўтган йилги барглар бандининг қолдиқлари илдиз бўғзида жойлашган бўлади. Илдизлари шакли, ранглари билан бир биридан фарқ қилиши, яъни F. tadshikorum нинг илдизи цилиндрсимон шаклда, тўқ жигар рангда, F. foetida нинг илдизи бочкасимон бўлиши, ранги оч жигар бўлиши кузатилди.
Тажрибалар лалмикор ва шартли суғориладиган майдонларида олиб борилди, тупроқлари бўз ва бўз-ўтлоқи типга мансуб, ёғингарчилик нисбатан камлилиги билан ажралиб туради. Ушбу ҳудудда Ferula tadshikorum ва Ferula foetida турларининг 1-йилдан 6-йилги вегетацияси давомида янги ўсиш шароитида биоморфологик хусусиятларининг ўзига хос хусусиятлари ўрганилганлиги ва уларнинг лалмикор майдонларида экиб ўстириш имконияти мавжудлиги аниқланди.
Кириш: Ҳозирги кунда дунё миқёсида фармацевтика саноатининг ривожланиши натижасида доривор ўсимликларга талаб ортиши сабабли уларнинг биологик хилма-хиллигини сақлаш, ноёб ва иқтисодий аҳамиятга эга бўлган турларини аниқлаш, биоэкологик хусусиятларини ўрганиш, улардан оқилона фойдаланиш муҳим муаммолардан бири ҳисобланади. Шунга кўра, камайиб бораётган ўсимлик турларининг биоморфологик хусусиятларини ўрганиш, интродукция ишларини олиб бориш, улардан плантациялар ташкил қилиш, муҳофаза қилиш чораларини ишлаб чиқиш, уларни сақлаб қолиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш муҳим илмий-амалий аҳамият касб этади.
Шифобахш ўсимликлардан Apiaceae Lindl. оиласига мансуб Fеrula L. туркуми турларидан Ferula foetida (Bunge) Regel ва F. tadshikorum Pimenov ўсимликларидан доривор воситалар олиниши, ушбу ўсимлик биологик хилма-хиллиги ва уларнинг заҳиралари камайишига сабаб бўлмоқда. F. foetida, F. tadshikorum турларининг турли шароитда ўсиши ва ривожланиши аниқлаш, адир ва чўл минтақаси лалми шароитида уруғларидан экиб кўпайтириш, плантациялар ташкил этиш ва сифатли хом ашё яратишга алоҳида эътибор берилмоқда.
Ўзбекистонда О. Авалбаев (2020) томонидан Ғарбий Помир-Олой тизмаси Ferula foetida ўсимлигининг биоэкологияси, Жиззах вилоятида У. Рахманқулов ва бошқ. (0000) томонидан Ferula foetida ва Ferula tadshikorum ўсимликларидан уруғидан экиб плантациялар шароитида биоморфологик хусусиятлари, Д.Т. Хамраева ва бошқ. (2021) томонидан Ferula tadshikorum турининг прегенератив даврида анатомик ва морфологик тузилиши ўрганилган. O.K. Хожиматов ва бошқ. (2019) томонидан жанубий Ўзбекистон шароитида Ferula tadshikorum Pimenov турини уруғидан етиштириш бўйича йўриқнома яратилган (1, 2, 3, 4, 8, 9.).
Х.С. Рахманов малумотларига кўра (2017), монокарпик ўсимлиги Ferula tadshikorum вегетациясининг бошланиши феврал ойининг охири мартнинг бошларида бошланган ва уларнинг ҳаёт цикли узоқ 23-27 (30) йил давом этган. Майсалик босқичи вегетациясининг фақат 1 йил, ювенил босқичи 5-6 йил, имматур 4-6 йил, виргинил босқичи 15-17 йил давом этади (10).
D.T.Khamraeva et al. (2019) маълумотига кўра, Тошкент ботаника боғида интродукция шароитида Ferula tadshikorum ўсимлигининг биринчи йилида 1–3% ўсимлик намуналарида имматур ҳолати кузатилган. Учинчи йилда эса (2022 й.) иккала вариантида 70–75% ўсимликларда имматур ҳолати кузатилган (11, 12).
F. foetida – халқ табобатида ўсимликнинг илдизи ва ер устки қисмидан спиртли ва сувли дамлама сифатида ишлатилади. Уни диспепсияда, қандли диабетда, неврозларда, ревматизмда, бронхиал астма, зотилжамда, ўт ҳайдовчи, яллиғланишга ва тутқаноққа қарши восита сифатида, бундан ташқари, ўпка сили, жигар, буйрак касалликларида ишлатилади (13). F. tadshikorum нинг халқ табобатида қўлланилиши кўп асрлик тарихга эга. Қадим замонлардан буён артрит ва бўғимларда оғриқ қолдирувчи восита сифатида ишлатилган. Фармакологик тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ушбу ўсимлик экссудатив диатезда, ўпка туберкулёзида фойдаланилиб, шунингдек, антиконвулсант хусусиятларни намоён қилади (14).
Do'stlaringiz bilan baham: |