Тарбия қонуниятлари. Ижтимоий тарбия мақсади ҳамда вазифаларини амалга ошириш учун тарбия жараёнининг ўзига хос қонуниятларини англаб олиш муҳим аҳамиятга эга.
Тарбия жараёни ўзига хос хусусиятларга эга. Унинг энг муҳим хусусияти аниқ мақсадга йўналтирилганлигидир.
Замонавий талқинда тарбия жараёни ўқитувчи ва ўқувчилар ўртасидаги муайян мақсадга эришишга қаратилган самарали ҳамкорлик демакдир. Зеро, тарбия жараёнида ўқитувчи ва ўқувчиларнинг биргаликдаги фаолиятлари ташкил этилади, бошқарилади ва назорат қилинади. Ягона мақсадга эришиш йўли замонавий тарбия жараёнининг мақсадини тавсифлайди.
Тарбия жараёни кўп қиррали жараён бўлиб, унда тарбия моҳиятини ёритишга хизмат қилувчи ички ва ташкил (субъектив ва объектив) омиллар кўзга ташланади. Субъектив омиллар шахснинг ичики эҳтиёжлари, қизиқишлари, ҳаётий муносабатлари мазмунини англашга ёрдам берса, объектив омиллар шахснинг ҳаёт кечириши, шаклланиши, ҳаётий муаммоларни ижобий ҳал этиш учун шароит яратади. Тарбия фаолиятининг мазмуни, йўналиши ва шакли обектив шароитлар билан қанчалик мутаносиб келса, шахсни шакллантириш борасида шундай муваффақиятга эришилади. Тарбия жараёнининг ташкил этилиши ва бошқарилишида нафақат ўқитувчи фаолияти, балки ўқувчининг ёш ва психологик шахсий хусусиятлари, ўй-фикрлари, ҳаётий қарашлари ҳами муҳим ўрин тутади.
Тарбия жараёнининг яна бир хусусияти унинг узоқ муддат давом этишидир. Тарбия натижалари тез суръатда ёки яққол кўзга ташланмайди. Ўзида инсоний сифатларни намоён эта олган шахсни тарбиялаб вояга етказишда узоқ муддатли давр талаб этилади. Шахснинг муайян вақтнинг ўзида, турли-туман қарашлар мавжуд шароитда ҳаракат қилиши тарбия жараёнини мураккаблаштиради. Таълим муассасаларида олиб борилаётган тарбия шахс онги, дунёқарашини шакллантиришда муҳим ўрин тутади. Бинобарин, ёшлик йилларида инсоннинг асаб тизими юқори даражада таъсирчан ҳамда беқарор бўлади. Шу боис тарбия муваффақияти айни ўқувчилик йилларида шахсга тўғри тарбия бериш лозимлигини талаб этади.
Тарбия жараёнининг яна бир хусусияти унинг узлуксизлиги саналади. Таълим муассасасида олиб борилаётган тарбия жараёни бу – ўқитувчи ва ўқувчиларнинг биргаликдаги узлуксиз, тизимли ҳаракатлари жараёнидир. Ўқувчиларда ижобий сифатларни қарор топтиришда ягона мақсад сари йўналтирилган, бир-бирини тўлдирувчи, бойитиб борувчи, такомиллаштирувчи фаолият алоҳида аҳамият касб этади. Шу боис оила, таълим муассасалари, жамоатчилик ҳамкорлигида ташкил этилаётган тарбиявий тадбирларнинг узлуксиз ўтказилишига эришиш мақсадга мувофиқдир.
Болани тарбиялашда мактаб етакчи ўрин эгалласа ҳам, болаларга узлуксиз тарбиявий таъсир ўтказа олмайди, чунки, болалар маълум муддатгина таълим муассасасида, ўқитувчининг тарбиявий таъсири остида бўлиб, қолган вақтининг асосий қисмини оилада, кўчада, жамоат орасида ўтказадилар. Кузги, қишки, баҳорги ва айниқса, ёзги таътиллар даврида ўқувчилар таълим муассасаси ўқитувчиси таъсиридан четда қоладилар. Демак, таълим муассасасида болаларни тарбиялаш вақт жиҳатидан чегараланган бўлиб, синфдан ва мактабдан ташқарида амалга ошириладиган тарбиявий ишлардан ҳоли вақтда улар ўқитувчи ёки тарбиячининг таъсири ҳамда назоратида узоқлашадилар.
Ўқувчиларга нисбатан таълим муассасасининг таъсирини сусайтирмаслик мақсадида синфдан, мактабдан ташқарида ва таътил даврида ҳам тарбиявий ишларни ташкил этишга алоҳида эътибор берилади. Ана шу мақсадда бир қатор тарбиявий ишлар олиб борилади.
Айни вақтида, республикада, ўқувчиларнинг таълим муассасаларидан узоқлаштирмаслик мақсадида қўшимча таълим муассасалари фаолият олиб бормоқда. Қўшимча таълим муассасаларида ўқувчилар хусусий фанлар ҳамда хорижий тилларни мукаммал ўзлаштиришлари, техник ва бадиий йўналишлар бўйича билим олишлари, амалий фаолият кўникма ва малакаларига эга бўлишлари мумкин. Қўшимча таълим муассасаларида ташкил этилаётган турли йўналиш ва мавзулардаги учравшувлар, кўргазмалар, кўриклар, суҳбатлар ўқувчиларнинг тафаккурини бойитишда, уларда мустаҳкам характер ва иродани таркиб топтиришда муҳим ўрин тутмоқда.
Тарбия жараёнининг яна бир хусусияти – бу унинг яхлит ҳолда тизимли ташкил этилишидир. Яхлитлик шундан иборатки, тарбия жараёнининг мақсади, мазмуни ва методларини бирлиги шахсни шакллантириш ғоясини амалга ошириш учун хизмат қилади. Бизга маълумки. Шахс маънавий-ахлоқий сифатларни навбатма-навбат эмас, балки яхлит тарзда ўзлаштира боради, шу боис педагогик таъсир ҳам яхлитлик, тизимлилик характерига эга бўлиши лозим.
Тарбия жараёнининг яхлитлик, тизимлилик хусусияти бир қатор муҳим педагогик талабларга амал қилиш, ўқитувчи ва ўқувчилар ўртасидаги ҳамкорликни қарор топтиришни талаб этади.
Тарбиянинг яна бир хусусияти шундан иборатки, бу жараён икки томонлама алоқа хусусиятига эга бўлиб, унда боланинг ўзи ҳам фаол иштирок этади.
Икки томонлама алоқа икки йўналишда, яъни, ўқитувчининг ўқувчига кўрсатадиган таъсири (тўғри алоқа) ҳамда ўқувчининг ўқитувчига нисбатан муносабати (тескари алоқа) тарзида ташкил этилади.
Тарбиянинг педагогик технология назарияси ғоясига мувофиқ, эндиликда ўқувчи тарбия жараёнининг объектигина бўлиб қолмасдан, субъекти сифатида ҳам фаолият кўрсатади. Шунинг учун ўқитувчи ўқувчининг ички имкониятлари, унга нисбатан бўлаётган ташқи таъсирлар ва ахборот манбаларини инобатга олиши зарур. Агарда мазкур талаб унутилса, шахсни тарбиялаш қийинлашади ёки барча уринишлр самарасиз якун топади. Мана шундан тарбия жараёнининг яна бир хусусияти – тарбияда қарама-қаршиликнинг мавжудлиги келиб чиқади. Ушбу қарам-қаршиликлар ўқувчиларга ўз тушунчаларига мувофиқ пайдо бўлган дастлабки сифатлар ўртасида ёки ўқувчиларга қўйиладиган талаблар билан уларни бажариш имкониятлари ўртасидаги зиддиятларнинг келиб чиқиши учун замин яратади.
Ундан ташқари бу қарама-қаршиликлар кўпинча боланинг онги билан хулқи бир-бирига мувофиқ бўлмаслигидан, ўқитувчи ва тарбиячиларнинг ўқувчилар ёш, психологик, физиологик хусусиятлари (феъл-атвори, характери, қизиқишлари, жисмоний, руҳий ҳамда физиологик жиҳатдан соғломлиги)ни яхши билмасликлари оқибатида келиб чиқади.
Демак, тарбия жараёни ўзида қуйидаги хусусиятларни намоён этади:
Юқорида баён этилган фикр-мулоҳазаларга таянган ҳолда мавзуга қуйидгича хулоса қилиш мумкин:
Тарбия муайян, аниқ мақсад ҳамда ижтимоий-тарихий тажриба асосида шахсни ҳар томонлама ўстириш, унинг онги, хулқ-атвори ва дунёқарашини таркиб топтириш жараёни бўлиб, ҳар қандай тузум ва замонда ижтимоий муносабатлар мазмунини аниқлаш, уларни ташкил этиш асоси бўлиб келган.
Ёш авлод тарбияси турли макон ва замонда муайян мақсад асосида ташкил этилади. Ижтимоий тарбияни йўлга қўйиш жараёнида бир қатор вазифалар ҳал этилади. Тарбиянинг мақсад ва вазифалари ижтимоий тузум моҳияти, тараққиёт даражаси, ижтимоий муносабатлар мазмуни, шунингдек, жамият фуқароларининг дунёқараши, интилишлари, орзу-ниятлари асосида белгиланади.
Тарбия жараёнининг хусусиятларини чуқур англаш ва уларни инобатга олган ҳолда тарбияни ташкил этиш олдинга қўйилган мақсадга эришиш, шунингдек, бу борадаги вазифаларни ижобий ҳал этиш имконини беради.
Назорат учун саволлар:
Тарбия жараёнининг моҳиятини қисқача тавсифланг.
Тарбия мақсади нимадан иборат?
Тарбия жараёнининг ўзига хос хусусиятлари нималардан иборат?
Тарбия жараёнида қандай вазифалар ҳал этилади?
Адабиётлар:
Каримов И.А. Ўзбекистонниннг ўз истиқлол ва тараққиёт йўли. – Тошкент, Ўзбекистон, 1992.
Каримов И.А. Баркамол авлод – Ўзбекистон тараққиётининг пойдевори. – Тошкент, Шарқ нашриёт-матбаа концерни, 1997.
Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонуни. Баркамол авлод – Ўзбекистон тараққиётининг пойдевори. – Тошкент, Шарқ нашриёт-матбаа концерни, 1997.
Абу Наср Форобий . Фозил одамлар шаҳри. – Тошкент, Халқ мероси нашриёти, 1993.
Педагогика. Мунавваров А.Қ.нинг умумий таҳрири остида. - Тошкент, Ўқитувчи, 1993.
Зиёмуҳаммедов Б. Маърифат асослари. – Тошкент, Чинор ENK, 1998.
Подласўй И.П. Педагогика. В 2 кн. Кн. 2. – Москва, Владос, 1999.
Do'stlaringiz bilan baham: |