Амалий топшириқларни бажаришга асосланган текшириш. Амалий ҳаракатлар (спорт, меҳнат ҳаракатлари)нинг тўғрилигини кузатиш ёки олинган натижаларга таянишдан иборат бўлади. Текширишнинг бу шаклидан ўқувчиларнинг табиий фанлар бўйича билимларини ҳисобга олишда кенг фойдаланилади.
Уй вазифаларини текшириш. Ўқувчиларнинг ўзлаштиришини назорат қилиш учун улар томонидан уйга берилган вазифаларнинг бажаришларини текшириш катта аҳамиятга эга. Уй вазифаларини текшириш ўқитувчига ўқувчиларнинг ўқув фаолиятига бўлган муносабатини, ўрганилган материални қанчалик эгаллаганлигини, уй вазифаларини бажаришдаги мустақиллик даражасини аниқлашга имкон беради.
Шкалалаш. Аниқ жараёнларни рақамлар тизими ёрдамида моделлаштириш. Унинг турли услублари сифат тавсифларини миқдорий ўзгаришларга айлантиришга ёрдам беради.
Тест. Аниқ мақсад асосида муайян ҳолат даражасини сифат ва миқдорий кўрсаткичларда белгилашга имкон берувчи синов воситаси.
Педагогик амалиётда тестнинг бир қатор афзалликлари кўзга ташланади. Улар қуйидагилардир: 1) назорат учун вақтнинг кам сарфланиши; 2) назарий ва амалий билим даражасини объектив шароитда аниқлаш имконининг мавжудлиги; 3) бир вақтда кўп сонли ўқувчилар билан назоратни ташкил этиш мумкинлиги; 4) билим натижаларининг ўқитувчи томонидан қисқа муддатда текширилиши; 5) барча ўқувчиларга бир хил мураккабликдаги саволлар берилиб, улар учун бир хил шароитнинг яратилиши.
Ўқувчилар билимини баҳолашнинг беш балли тизимининг эскирганлиги, замон талабларига жавоб бера олмагани уни рейтинг тизими асосида баҳолаш услуби билан алмаштиришни тақозо этди.
Рейтинг (инглизча “баҳолаш”, “тартибга келтириш”)муайян ҳодисани олдиндан белгиланган шкала бўйича баҳолаш. Рейтинг тизими ўқувчиларнинг билим сифатини назорат қилиш тури, методи ва шакли сифатида эътироф этилиб, унинг ёрдамида ўқувчиларнинг ўқув фанлари бўйича таълим стандартида белгиланган барча талаблар бўйича ўзлаштирилган билимлари сифати баҳоланади.
Рейтинг назоратда ўқувчиларнинг ўқув фаолиятини назорат қилишнинг юқорида келтирилган методлари билан бирга тест усулидан ҳам самарали фойдаланилмоқда. Тест сўровидан нафақат ўқувчиларнинг билим, кўникма ва малакалари даражасини аниқлаш, балки 1993 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикасида абитуриентларни олий ўқув юртларига танлов асосида қабул қилиш жараёнида ҳам самарали фойдаланиб келинмоқда.
Рейтинг тизими яна бир қатор афзалликларга эга. Масалан: баҳолаш тизими имкониятларини кенгайтириш; ўқувчи билимини объектив аниқлаш; таълимни стандартлаштириш имкониятини таъминлаш; ДТСда кўзда тутилиб, ўқув дастурига кирган мажбурий ихтиёрий БКМни тўла ўзлаштирилишини таъминлаш; ўқувчиларда мустақил билим олиш, эркин фикр юритиш кўникмаларини шакллантириш; ўқувчиларда билимларни ихтиёрий ўзлаштириш, камчиликларни бартараф этиш учун мустақил ишлаш имконияти яратилади.