Патологик анатомия фанига кириш, мақсад ва вазифалари, усуллари, фаннинг таркибий қисми
|
10. Патологик анатомиянинг мақсад ва вазифалари нимадан иборат?
|
Патологик анатомиянинг асосий мақсад ва вазифалари касалликларнинг биламчи даврларида аъзо ва тўқималардаги патоморфологик ўзгаришларнинг даражасини аниқлаш, шу билан патологик жараёнларни қайтмас ва ёмон оқибатларга ўтмаслиги мақсадида даво ва профилактика ишига ёрдам бериш ҳисобланади. Шу билан биргаликда патологик анатомия хасталикларнинг этиология, патогенез, морфогенезини ёритувчи морфологик ўзгаришлар асосида касалликни даволаш ва олдини олиш бўйича илмий асосланган чора-тадбирларни ишлаб чиқишга ёрдам беради.
|
11. Патологик анатомиянинг тиббий таълим тизимидаги ўрни нимада?
|
Касалликларнинг тилсим калитини очадиган, аъзолар ва ҳужайраларда ривожланадиган ўзгаришларга қараб унинг турини ва ташхисини тўғри қўйиб берадиган соҳа, бу – патологик анатомия фани хисобладани. Шунинг учун ҳам патологик анатомия тиббий таълим тизимида ҳамда табобатнинг ҳар қандай соҳаси мутахассисининг илмий ва амалий иш фаолиятидаги энг муҳим фанлардан бири ҳисобланади. У назарий ва амалий табобатни бир-бири билан боғлайдиган асосий фандир.
|
12. Патологик анатомиянинг усуллари?
|
Патологик анатомия ўз олдига қўйган вазифаларни ҳал қилишда учта асосий текшириш усулларидан фойдаланади: аутопсия, биопсия, инсонда учрайдиган касалликларни илмий тажриба усулида вужудга келтириш.
|
13. Аутопсия нима?
|
Аутопсия – касалликлардан нобуд бўлган одам танасида рўй берган хос структур ўзгаришларни ҳар хил даражаларда аниқлаш мақсадида унинг мурдасини ёриб текширишдир (аутопсия – юнонча autopsia – ўз кўзим билан кўраман дегани).
|
14. Аутопсиянинг табобат илмидаги ўрни нимада?
|
Табобат илми ва соғлиқни сақлаш тизимида аутопсиянинг аҳамияти чексиз ва у қуйидагилар билан белгиланади: уни ўтказишдан асосий мақсад бевосита ўлим сабабларини аниқлаш, клиник диагнозни патологоанатомик диагноз билан солиштириш, беморни клиникада текширишда йўл қўйилган хатоликларни аниқлаш, даволар таъсирида юз берган ўзгаришларни таҳлил қилиш, врачлар томонидан қўйилган хатоликларни аниқлаш ва шу йўсинда врачлар малакасини ошириш ҳисобланади.
|
15. Биопсия нима?
|
Патологик анатомиянинг иккинчи асосий усули, бу – биопсия диагностикаси бўлиб, касалликларни касалларнинг тириклигида тўқима ва аъзолари бўлакчаларини микроскоп остида кўриб аниқлашдир (юнонса bios – хаёт, opsis – кўриш).
|
16. Биопсия қандай усулларда ўтказилади?
|
Биопсия диагностикаси текшируви ўтказиш учун беморларнинг хасталанган аъзо ва тўқималаридан бўлакчалар олиш турли усулларда амалга оширилади: жарроҳлик маҳалида олиб ташланган аъзо ёки тўқима – инцизион биопсия; паренхиматоз аъзолардан игналар ёрдамида бўлакчалар олиш – пункцион биопсия; гастроскопия, бронхоскопия, колоноскопия ёрдамида шиллиқ пардалардан бўлакчалар олиш – эндоскопик биопсия; кавак аъзолар ичидан суюқликни сўриб олиш – аспирацион биопсиядир.
|
18. Патологик анатомия амалиётида қайси бир лаборатор текширув усулларидан фойдаланилади?
|
Аутопсия, биопсия ва тажрибада олинган турли аъзо ва тўқималардаги морфологик ўзгаришларни текшириб ўрганишда ҳар хил гистологик, гистокимёвий, электрон микроскопия, электрон-гистокимё, иммуноморфологик, иммуногистокимёвий усуллардан кенг фойдаланилади.
|
29. Патологик анатомия фани нечта қисмдан иборат?
|
Патологик анатомия фани 3 та алоҳида қисмлардан иборат:
1) умумий патологик анатомия;
2) хусусий патологик анатомия;
3) биопсия-секция курси.
|
30. Умумий патологик анатомия нимани ўрганади?
|
Умумий патологик анатомия умумий патология фанининг бир қисми бўлиб, одам организмида ривожланадиган барча турдаги патологик жараёнларнинг умумий патоморфологик қонуниятларини ўрганади ва у табобатнинг назарий асоси ҳисобланади.
|
31. Хусусий патологик анатомия нимани ўрганади?
|
Хусусий патологик анатомия одам организмида учрайдиган муҳим касалликларнинг этиология, патогенез, морфогенез ва хос морфологик ўзгаришларини алоҳида ва бир-бирига боғлаб нозологик принципда ўрганади.
|
32. Биопсия ва секция курси нимани ўрганади?
|
Биопсия ва секция курси бўлғуси шифокорларни клиник-анатомик таҳлилга ўргатади. Бу курсда талабалар мамлакатимиздаги патологик анатомия хизмати қоидалари, прозектура ишининг мезонлари, касалликлардан ўлганларнинг касаллик тарихини таҳлил қилишни, патологоанатомик текширув амалга оширишни, касалликларнинг клиник белгиларини патоморфологик ўзгаришлар билан солиштиришни, боённома тўлдиришни, патологоанатомик диагноз тузишни, клиник-анатомик хулоса беришни, ҳамда биопсия текшируви ўтказишни ўрганади.
|
|