Фойдаланилган адабиётлар:
1.
Она тили ва адабиёт. Ф.Рафиев, Н.Ғуломова. Тошкент-2004 «Шарк
нашриёти»
2.
«Муҳокаматул-луғатайн» А.Навоий
3.
«Юксак маънавият - енгилмас куч» И.А.Каримов
429
ФИО автора:
Бозорова Холида Эргашевна
НДКИ академик лицей она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси
Название публикации:
«САТРЛАРГА КЎЧИРИЛГАН АБАДИЙ ҲАЁТ»
Ўзбек адабиёти жуда бой ва кўҳна тарихга эга. Ҳар бир давр ўз ифода усули ва мақсадига кўра
шаклланиб, ўқувчилари ва мухлисларига эга бўлган. Адабиёт санъатларнинг ичида энг
таъсирчан, даъваткор хусусиятга эга эканлигини ҳисобга олсак, ўзбек адабиётининг бир
вақтнинг ўзида икки хил оқим, икки хил қараш ҳолатларини ҳам кузатишимиз мумкин. Гап
шундаки, ўтган асрнинг 37-йилларигача бўлган даври шўро адабиёти ҳамда жадид адабиёти
сингари йўналишларга бўлиниб кетди. Шўро адабиёти сиёсий йўл билан ”ҳимоя қилингани”
боис 90-йилларгача умр кўрди. Аммо жадид адабиёти ва унга хос йўналиш вакилларининг
тақдиридан бизга оқсоч тарихимиз гувоҳ. Бу йўналиш вакиллари тарихга ”Қатағонлик
қурбонлари” номи билан ҳам кирганлар. Надоматлар бўлсинки, кўплаб қуёш каби порлаб,
чақмоқ каби чақнаб, бўрондай тўс-тўполон билан адабиётга қадам қўйган ижодкорлар ижоди
ўзларидан-да қувватли бўлган ”бўрон” ва ”офат”ларга дош бера олмади, дош бериш ҳам
мумкин эмасди; бўғизланди, йўқ қилинди, қириб ташланди!..
Ўзбек адабиётида жуда ёшлик чоғларидаёқ ёрқин фикрлари, ўткир тасвир ифодаси билан
ижод аҳлини ўзига маҳлиё қилганлар жуда кам топилади. Бор-йўғи 32 йил умр кўриб, шеърият
осмонида момоқалдироқдек гулдираб, чақмоқдек чақнаб, минг-минглаб юракларда ўз қалб
туғёнларини муҳрлаб кетган, умри, дарҳақиқат, “чақмоқ умрига қиёсланаётган забардаст
ўзбек шоири, англаётганингиздек, Усмон Носирдир. Қўлимда варақлаётганим, унинг
“Унутмас мени боғим” тўплами. Варақлайвераман… Саҳифалар тилга киради, кўз ўнгимда
улуғ шоир :
Севги! Сенинг ширин тилингдан
Ким ўпмаган, ким тишламаган?
Дардинг ёйдек тилиб кўксидан,
Ким қалбидан қонлар тўкмаган?-[1]- сатрлари билан севгига ошно соҳир қалб соҳиби;
Тингла, эркам, ўртоғимсан,
Кўнглимни очай.
Қоним шеёр бўлиб оқсин-да,
Мен қайта ичай-[2],-мисраларида шеърият шайдоси;
Тинглайсанми, темир қадамларни?
Эҳ, қандай кўп, олдингдаги тўп!
Югур, Қичқир! Бермагин дамларни,
Севин, севинтиргин, дегин хўп.. “Сенга, синглим” шеърида ака образи;
Онажоним, соғ бўлсанг
Севинчим менинг.
Ўзим ҳар жойда, дилимда-
Меҳринг ўти сенинг,[3] - шеърида қобил фарзанд;
Итоат эт!
Агар сендан
Ватан рози эмас бўлса,
Ёрил, чақмоққа айлан сен,
Ёрил! Майли, тамом ўлсам![4] - мисраларида садоқат соҳиби;
Гулзор-чаман. Юр, боғларга
Элтай етаклаб.
Бинафшалар териб берай
Сенга этаклаб[5]…- мисраларида қалби муҳаббат оташи билан тўлиқ ошиқ йигит;
Баргдек узилиб кетсам,
430
Унутмас мени боғим.
Ишимни ҳурмат қилур,
Гуллардан ҳайкал қурур,
Минг йиллардан кейин ҳам
Унутмас мени бўгим [6],- сатрларини ўқиганимда моҳир шеёрият қироли -“боғбон”
тимсолларида намоён бўлади.
Йигирма бир ёшли мағрур йигитнинг бу қадар ўтли, оташнафас сатрлар битиши жуда
ҳайратланарли… Ҳали 30-йиллардаёқ Данте, Шекспир, Пушкин асарлари қаҳрамонлари
номини шеърларида талмеҳ бадиий санъат воситаси сифатида қўллай олиши чиндан-да
ҳайратланарли эди. Бу ҳақда Ўзбекистон халқ шоири Шукрулло У.Носирни хотирлаб, унинг :
Балки гулдан яралган пари
Тошкўнгилли Биатриче:
-Гадосан,- деб қочмаса нари,
Данте бахтли бўларди пича![7]- сатрларини келтирар экан : “Бу асарлар хаёлига тасодифан
келганми? Қачон у Дантени ўрганишга улгурди? Фақат у Дантени эмас, қандай қилиб
Шекспирни таниди!”- деганида бу улуғ ижод соҳиби салоҳиятига ўз баҳосини бериб қўяди.
У.Носир шеърларида ҳаётга ташналик, орзу-ҳавасларга эришиш йўлида тиниб-тинчимаслик
хусусиятлари устуворлик қилади. “Биринчи хат” шеърида у қаҳрамони тилидан:
“… Шундай бўлармикан?
Ўйим чувалди.
Қани ота бўлсам, ўғлим бўлса-ю
Юрак жониворим беҳол увалди, ”- дея “нола” қилади.
Ўз ижодида шеърни, шеъриятни эркалаб ёзган шоирлар ичида ҳеч ким шеъриятни У.
Носирчалик севиб, алқамаган, десак, муболаға бўлмас: “Лирика! Лирикам, Ўйна, кўлкалан,
Кўлкалан юракнинг покиза найи! ”, ”Шеърим, яна ўзинг яхшисан”, ёки “Яна кўнглимда эрка
бир шодлик, Яна тилимда севгили шеърим”…, умуман, шоирнинг ижодида бу каби
мисраларини кўплаб учратиш мумкин. Шу сабабданми, шоирнинг шеърлари қайси вазнда
ёзилмасин, ўйноқи, жуда кўтаринки кайфиятда, У.Носиргагина хос бўлган шижоат билан
ёзилган:
Шу чоғдаги юрагимни тинглангиз ҳой, ҳу…
Акс-садоси гумбурлайди гўё замбарак.
Сезгиларнинг бебозори-менимча-туйғу
Менга шодлик ва гулларнинг лаблари керак![8]-деб қалби ҳаяжондан титраган шоир яна бир
шеърига шундай сатрларни битади:
Кўз тутдим, кўзларим нигорон бўлди;
О, дилбар симбарим юзлари қирмиз.
Киприги кўксига соя солган қиз,
Кўз тутдим, юрагим тўла қон бўлди[9]…
Англаётганингиздек, У. Носир шеърларида ўзгача бир оҳанг, ўзгача бир руҳ, ҳали ҳеч ким
чекмаган, балки чекса ҳам эътироф этмаган бир дард бор. Шунданми, бунга унинг ўзи баёзида
иқрор бўлиб:
Сенга тор келди бу кўкрак,
Севинчинг тошди қирғоқдан.
Тилим чарчар, ажаб, гоҳи
Сени таржима қилмоқдан[10],-деб ўз юрагини “койиб” қўяди. Шуниси бизнинг юрагимизни
қонга тўлдирганки, У.Носир зулм ва адолатсизлик ҳукм сурган даврда, мамлакатда яшади.
“Энг даҳшатли сукунат-шоир жим турса”,-деган таниқли шоир Х. Даврон эътирофига суяниб,
У.Носирнинг “жим” турмагани гувоҳи бўламиз:
Йўлчиман, манзилим денгиздан нари,
Ложувард уфқнинг тубига яқин.
Кўнглимда дардларим дарёдек оқин,
Чайқалар кўзларим тикилган сари.
431
О, йўллар![11]
Ушбу сатрларни ўқиб, нечун фавқулодда иқтидор ва истеъдод соҳиби бўлган, ўз
тенгқурларидан анча-мунча олгарилаб кетган шоирнинг етар манзили мунчалар узоқ-
“денгиздан нари?” Нечун айни умрининг гуллаб -яшнаган, ижодининг “қайнаган”,
билагининг кучга тўлган палласида муродига элтувчи улови- “қора йўрға?!”
Ҳа, гувоҳмиз! “Қора йўрға” шоирни ўзи истаган манзилга эмас, қаҳратон Кемерево сари
етаклади ва шафқатсиз тақдир Ўзбекистон халқ шоир Шукрулло таърифи билан айтганда ўз
ишини қилди : “гўдакни она бағридан юлиб олгандай” энди 32 ёшни қаршилаган Усмонни ҳам
у севган ҳаётидан, Ватанидан, “саҳарда қон тупуришга”-да рози бўлган севимли шеъриятидан
олиб кетди…
У. Носир шеърларидан бирида :
Сен юрагимнинг чашма сувисан,
Сен кўзларимнинг гавҳар нурлари.
Сенинг баҳонгни ким сўраса, де,
“Баҳом-умринг баҳосига тенг”[12],-деб ўз ижодини умри баҳосига қиёс қилган эди. Зеро,
унинг шеърлари юрак қони билан битилган эди.
Шеърларим янграб қолур…
Бир умрга ўлмайман!
Ҳаётимнинг давоми-
Келажагимга ҳомий,
Ўрнимга боғбон бўлур:
Бир умрга ўлмайман![13]- дея битганида шоир эндигина 23 ёшни қаршилаган эди. Ана шундай
ёшда “иккинчи ҳаёт”ига кафолат берган шоир, дарҳақиқат, ўлмайди. Гарчи у барпо этган боғ
ҳали узоқ йиллар мева беради, унинг шеърлари эса “боғбон” бўлиб, бу боғ парваришидан сира
толмайди.
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ
1.
Усмон Носир. Монолог шеъри. Унутмас мени боғим. Т.:1988
2.
Усмон Носир. “Гулзор-чаман…”шеъри. Унутмас мени боғим. Т.:1988
3.
Усмон Носир. “Оқ ювиб-оқ тараб…” шеъри. Унутмас мени боғим. Т.:1988
4.
Усмон Носир. Юрак Унутмас мени боғим. Т.:1988
5.
Усмон Носир. Боғим шеъри. Унутмас мени боғим. Т.:1988
6.
Усмон Носир. Боғим шеъри. Унутмас мени боғим. Т.:1988
7.
Усмон Носир. Монолог шеъри. Унутмас мени боғим. Т.:1988
8.
Усмон Носир. “Қушча каби…” шеъри. Унутмас мени боғим. Т.:1988
9.
Усмон Носир. “Нахшон…”достони. Унутмас мени боғим. Т.:1988
10.
Усмон Носир. Юрак шеъри. Унутмас мени боғим. Т.:1988
11.
Усмон Носир. Йўлчи шеъри Унутмас мени боғим. Т.:1988
12.
Усмон Носир. Шеърим шеъри Унутмас мени боғим. Т.:1988
13.
Усмон Носир. Боғим шеъри. Унутмас мени боғим. Т.:1988
14.
Жаҳон адабиёти журнали. 2010-йил 7-сон.116-бет
15.
С.Мирвалиев, Р.Шокирова. Ўзбек адиблари. Т.:2007
16. Н.Жўраев, Агар огоҳ сен...Т.:1998
17. И. Ғофуров, Қисматнинг овози. Х. Даврон уз.
432
Do'stlaringiz bilan baham: |