Қарорга келиш.
Мақсадга етишиш йўлларини ва воситаларини
танлаш жараёнида режалаштириш, мотивлар кураши билан боғланган бўлиб,
қарорга келиш билан тугайди. Қарорга келиш-муайян бир мақсадни ва шу
мақсадга эришиш йўлида ҳаракат усулларидан бирини танлаб олиш
демакдир. Мотивлар курашида бунинг маъноси шуки, мотивлардан бири ҳал
қилувчи роль ўйнаган бўлади. Масалан, кечқурун қаёққа бориш керак –
театргами ёки ўртоғининг ёнигами-деган мотивлар кураши натижасида киши
бормоқчи бўлган жойи ҳақида қарорга келади.
Киши баъзан тез қарорга келади, бу қарорнинг бажарилиши
мумкинлигига ишонади. Буни қатъият деб атаймиз. Баъзи мотивлар кураши
узоқ вақтга чўзилиб кетади ва қарор бажарилишига ишончсизлик ҳамда
иккиланишлар билан қабул қилинади. Бу қатъият сезгирликдир. Масалан,
ўрта мактабни битираётган ва битирган баъзи йигит-қизлар қайси ўқув
юртига ёки корхонага кириш масаласини тез ҳал қиладилар, бошқалари эса
жуда узоқ вақт иккиланиб, хаёлга толиб юрадилар. Қатъият одамда
жиддийлик вазиятининг енгиллаштириши мамнунлик туйғусини туғдирса,
қатъиятсизлик иккиланиш ҳисси, жиддийлик туйғуси ва алоҳида ноаниқ
ҳолат билан бирга содир бўлади.
Бирор қарорга келиш суръати бир қанча сабабларга, жумладан,
эҳтиёжга, ҳал қилувчи мотив кучига, вазиятга, ҳиссиётга тафаккур ва
хаёлнинг тараққиёт даражасига, кишининг турмуш тажрибаси ва
билимларига, темпераменти ва характерига, бошқа кишиларнинг насиҳат,
буйруқ, илтимос таклифларига қулоқ солишига боғлиқ бўлади. Бирор
қарорга келиш суръати асосан қўйилган мақсаднинг аҳамиятига, бирор
қарорга келтирувчи фаолиятнинг характерига боғлиқ бўлади.
Мураккаб тарздаги мотивлар кураши ва қарорга келиш фақат шундай
ҳолларда бўладики, бунда одамнинг ҳаёти ва фаолияти учун айниқса муҳим
аҳамиятга эга бўлган янги мақсадлар қўйилади ва бу мақсадларни амалга
ошириш учун янгича усуллар ва восита талаб қилади.
Қатъият фақат тезлик билан қарорга келишдагина эмас, шунингдек бу
қарорни тез ва дадил бажаришда ҳам зоҳир бўлади. Тезлик билан қарорга
келиш ва уни аниқ белгиланган муддатда бажариш – қатъиятни намоён
қилиш демакдир.
Қарор қабул қилинса-ю, кейин ўзгартирилса, ёки бошқа қарор билан
алмаштирилса, ёхуд бутунлай бекор қилинса, бундай қарорни юзаки ёки бўш
қарор деб аталади. Қатъият ва мустаҳкам қарорга келиш-ироданинг юксак
сифатидир.
Қабул қилинган қарорнинг ўзгариши кўпинча яна бу қарор тўғрисида
етарли даржада ўйламасликдан, эмоционал ҳолатнинг ўзгаришидан ёки киши
ҳаракат қилаётган шароит ўзгаришидан келиб чиқади. Қарорнинг ўзгариши
кўпинча мотивлар курашининг қайтадан бошланиб кетишига ва охирги марта
қатъий қарор қабул қилишга олиб келади.
Do'stlaringiz bilan baham: |