www.ziyouz.com кутубхонаси
2
келар.
2
Пакана ўзининг пакана эканини, бу ҳол унчалик ҳам фазилат саналмаслигини илк бор
талабаликда пахта теримига чиққанларида Азизадан эшитган. Азиза театршунослик бўлимида
ўқир, жуда сулув, отасини бениҳоя бадавлат одам дейишар, ҳашарчи қизга кунора шаҳардан
тансиқ таомлар ортган оқ «Волга» келиб турар эди.
Балли шунга. Бадавлат одамнинг қизи эканига қарамай, кўнгилдан кўнгилни фарқлай билди.
Кўркам-кўркам не-не бўлажак актёру режиссёрларни доғда қолдириб, қай бир фазилати билан
Пакана ана шу дилбарни ўзига ром қилиб олган эди. Ахир, ҳазил гапми, гулхан атрофидаги
тунги давраларда соатлаб ишқий шеърларни ёддан ўқиганида анов қадди расоларнинг ялтироқ
туси ўчиб кетарди-да!
Шундай қизғин, музаффар ўтган бир базмдан сўнг, овлоққинада энтика-энтика ўптираркан,
шаддод қиз нима деди денг:
— Сал узунроқ бўлганингиздами, сизни ҳеч кимга бермасдим-а, Пакана ака.
Қишлоқданмисиз, районданми, боймисиз, камбағалми — қараб ўтирмасдан, ҳар қанақасига
тегиб олардим!
Дарҳақиқат, қиз дуркунроқ, қучоғида мушуквачча мисол типирчилаб ўйин кўрсатаётган
йигит эса ушоққина эди. Кўрган одам, талай вақт кўришмаган иноқ-босилқа опа-ука экан, деб
ўйлаши тайин. (Азиза унча узун эмас, лекин қиз боланинг ўртабўйи ҳам новча кўринади.)
Пакана шу гап билан ўрталарида бегоналик девори тикланганини пайқади.
Маъшуқасидан ажралгач, одатдагидек, ёнди, куйди, тутади, бироқ гапнинг моҳиятига парво
қилмади — паканалигига ўкингани йўқ. Зеро, шу чоққача бўйининг узун-калталиги хаёлига
келмаган, қайтага, баъзи найновларнинг довдирлигию калтафаҳмлигидан кулиб, ўзининг
пишиқ-пухта, уддабуронлиги билан фахрланиб юрар — қисқасини айтганда, гап ташқи
қиёфада эмас, ички дунёдадир деган сохтанамо, ночорроқ руҳда тарбия топган эди. Энди
билса — бари сафсата. Дунё — новчаларники экан. Дунё — кўркамларники экан. Қолгани бир
пул. Ақл-фаросат деган матоҳлар ҳув кейинги ўринларда туради. Кўркамлик, хушқадлик —
қарийб бахтдек гап, омад деганларига тайёр пиллапоя, оёқ қўйсангиз — кифоя. Жисмоний
жиҳатдан бирон бир нуқсонли одам, билингки, кўпинча бахил бўлади. Бахилнинг эса боғи
кўкармас. Ана шундай сарсон бир ҳалқа бу.
Мағлубият кетма-кет такрорланаверди. Энди Пакана ҳолига қараб, бўйчанроқ қиз-жувондан
ўзини четга ола бошлади. Шундай қилгани сари уларнинг жозибаси кўпроқ тортар, кўнгли суст
кетганларининг аксарияти бўйчан бўлиб чиқар эди. Улар билан рўбарў бўлиш насиб этганда
эса, узоқроқдан туриб ёки зина-пинага чиқибми, иложи борича тикроқ кўринишга тиришиб,
асабий бир ҳолатда сўзлашарди. Ўзида пайдо бўлган тағин бир одатни сезиб қолди. Ким билан
ёнма-ён турмасин, беихтиёр зимдан бўй ўлчашар экан: елкасидан келаманми, тирсагидан?
Жамоат орасида, кўча-кўйда ҳам гоҳо теварагига разм солиб қолади. Тавба, ҳаммасининг бўйи
баланд-а! Худо шундай ҳам урадими одамни?!
Кейин-кейин Пакана бир санъатни ўзлаштирди. Новчароқ одам билан учрашганда орқага
тисланиброқ, қия қараб (одатдагидек пастдан эмас) гаплашади — шунда фарқ унча
билинмайди.
Таажжубли ҳол: (жуссаси кичикроқ бўлгани учунми) у азалдан новча, норғул одамларни
ёқтирар, кўпроқ ўшанақалар билан дўст тутинмоққа интилар эди. Ўзи сингари паканаларга эса
тоб-тоқати йўқ, уларни қитмир, муғамбир билиб, жинидан баттар ёмон кўради. Рассомлик
билим юртида бирга ўқиган собиқ сабоқдоши, отнинг қашқасидек элга таниқли ҳажвчи Обид
Асом бундан мустасно, албатта. Аввало, Обиджон Паканадан ҳам паканароқ, қолаверса,
ўлгудек истеъдодли, касофат. Уни яхши кўрмай ҳам, тан бермай ҳам илож йўқ.
Пакананинг ошиқ кўнгли (қисса). Эркин Аъзам
Do'stlaringiz bilan baham: |