Ўткан
кунлар (роман). Абдулла Қодирий
www.ziyouz.com kutubxonasi
82
Қутидор тарафидан эртага Тошканд жўнаш эълони берилди. Иккисининг ҳамма вақтлари
шамъ ёнида сўзлашиб кечди...
3. ҚОВОҚ ДEВОНАНИНГ БEЛБОҒИ
Оч қоринға салимсоқ еб, кўкчой ичишдан зериккан кишилар чойхонага Қовоқ девонанинг
кириши билан унга сўз қота қолдилар:
— Келинг-келинг, девона!
— Бир коса чойларинг борми, хўвари?
— Бор-бор, авлия, битта бачча бўлсангиз идиши билан сизники.
Қовоқ девона деганимиз ўрта ёш, сийрак соқол, қотма, кун иссиғлиғиға қарши
ўчакишкандек бошиға эски телпак, эгнига пахтасидан бошқаси тўзиб кеткан гуппи чопон
кийиб, янги бўз белбоқни беш-олти айландириб боғлаған ва унга беш-олтита чилим қовоқдан
тортиб то сувқовоқ, носқовоқ ва томоша қовоқ-ларғача осқан; қовоқларнинг оғирлиғидан
аранг ҳаракат қиладирған ўз замонасининг машҳур бир девонаси эди. Бу девона Тошканднинг
барчасига маълум; беклардан, бойлардан; қисқаси, шаҳарнинг катта-кичигидан ўзига
ихлосмандлар ортдирған ва кўбларнинг тарафидан қилған кароматлари ривоят этилган бир
мажнун эди. Шаҳардаги ҳар ким унинг ошнаси, каромати билан бепарво бўлғанлар ҳам унинг
қизиқ ҳаракатларига ва тутал сўзларига қизиқар эди. Бу чойхонадагилар ҳам шу кейинги
синфдан эдилар.
Бирарта ихлосманд қўлидан боплаб томоқ еган бўлса керак, ҳозир ўшанинг чанқовини
босмоқ фикрида эди.
— Баччанг ким, баччанг? Онам мени баччалик учун туғмаған... Чойингдан бер, чо-йингдан!
— Онангиз сизни нима учун туққан?
— Хоннинг қўйини боқиш учун, қовоқларни белга тақиш учун; чойингдан берчи, хўвари!
Девонага бир пиёла чойни ичишка ҳам тинчлик бермадилар. Улардан биттаси кўзни
шамғалат қилдида, белидаги қовоқдан биттасини юлиб ҳам қочди. Иш ёмонга айланди. Қувлаб
тутолмади. Сўнгра келиб яна бир коса чойни ичди ва унга-бунга қовоғи тўғрисида илтимос
қилиб қаради. Бўлмағач, қовоғини қўмсаб ҳўнгир-ҳўнгир йиғламоққа олди. Эрмакчиларнинг
куткани ҳам фақат унинг ёши мишиғиға, мишиғи тупугига қўшилиб йиғлаши эди.
Қовоқни юлиб қочқан томдан келиб суфанинг устидаги сўрига қовоқни осди ва ўзи тушиб
девонанинг ёниға келди:
— Қовоқ ўғрисини ушладингизми, девона?
— Йўқ, ука! Қовоғимдек шишиб ўлсин, қочқанча кетди!
Бирав Эски Жўвада кўрганлигини ва қовоққа миниб кетаётқанини сўзлади. Иккинчиси «зап
қовоқ эди-да» деган эди, учинчиси «аттанга» деб қўйди. Девонанинг ўпкаси шишиб кетди.
Эрмакчилар унинг юрагига галма-гал ўт ёқар эдилар.
— Қовоғингизнинг ўзи бу иқлимда йўқ нарса эдида,— деди бирав. Девона қовоғининг
таржумаи ҳолини сўзлаб берди:
— Дадам мусаллас қовоқ, ойим мош қовоқ, мен бел қовоқ... — деди. Кулишдилар.
Эрмакчилардан биттаси юқорида осилған қовоқни кўрсатиб ажабланди:
— Ийи-ийи, анув кимнинг қовоғи-я?
Девона суюкли қовоғини сўрида кўриб қувона кетди:
— Вой хўварингни... жиннилар, вой эси йўқ хўварилар! Қовоғимни бер жиннилар!
— Тузик-тузик, авлия. Қовоғингизни тушириб берсам нима берасиз?
— Сўрағанингни ол, жинни... Ойим қишлоғиға бек бўл, тентак: тилла жабдуқлиқ от мин,
жинни...
— Мен Ойим қишлоғининг беклиги уҳдасидан чиқолмайман. Қовоқларингизнинг касбини
айтиб берсангиз бўлади манга. Девона бу шартка кўнди, қовоқ туши-рилиб, девонанинг қўлиға