www.ziyouz.com kutubxonasi
60
— Сиз яхшиларим, бу қисқа ўйлашингиз билан ўз оёғингизға ўзингиз болта уриб, яна
қипчоқлар қўлига қарам бўласиз! Маним тавбамни лоақал ўзларингиз учун қабул қилингиз!
Азизбекнинг бу сўзларидан кейин оломон тағи қизишиб, қуйидаги сўзлари билан кўкни
кўтарди:
— Икки қайта алданиш йўқ! Сендек итдан бизга қипчоқ яхши!
Халқнинг бу жавоби ишнинг не даражага етканини онглатарлиқ эди. Шу гапдан кейин
Азизбек тамом умидсизланиб, дунёларча маъюсият ичида томдан тушиб кетди.
Юсуфбек ҳожининг Нормуҳаммад қушбегига юборған чопари Кировчи яқинида унга еткан ва
қушбегини тамоми сипоҳлари билан Тошкандга қайтарған эди. Аламзада қушбеги бу сўйинч
хабардан учиб-қўниб Азизбекнинг ўрдага қамалишининг учунчи куни карнай-сурнай билан етиб
келди. Оломон ёниға қипчоқ сипоҳлари келиб қўшилғандан кейин ўрдага босиб кирдиларда,
Азизбекни ушлаб ҳам олдилар.
Етмиш кун бир муддат овора қилиб, минглаб киши қонини тўкишка сабаб бўлған Азизбекни
Қўқонға олиб бориб топшириш Нормуҳаммад қушбеги учун қийматли эди. Ул ўрдада ўлтурар
экан, бундай улуғ душманни қўлға туширишнинг бош омили бўлған Юсуфбек ҳожига ўз
миннатдорчилиғини айтиб тугата олмас, унинг бу хизматини хон билан Мусулмонқулға сўзлаб,
унга катта бир мартаба олиб беришка ваъдалар берар эди. Албатта Юсуфбек ҳожига бу
ваъдаларнинг ҳеч аҳамияти йўқ, фақат ул ўғлининг соғлиғини билса ва Марғилон зиндонидан
унинг қутқарилишиға ваъда олса, унинг учун дунёларча мартаба ва ҳурмат эди. Қушбегининг
ваъдасига илтифотсиз қулоқ бериб турди-да:
— Илтифотингиз учун раҳмат, қушбеги, — деди. — Мен энди дунёдан ўтаётган бир киши;
эндиги ман-саб-ларға унча қизиқа олмайман. Агар маним қилған хизматим шундай
илтифотларга лойиқ кўриладиган бўлса, жон жанобидан сўрайдирған бир неча тилакларим
бор.
— Сўрангиз ҳожи, хон бермаганда ҳам олиб беришка мен кафил.
— Маним биринчи холис тилагим, албатта мазлум халқ тилидан бўладир: мундан сўнг
Тошканд ҳокимлиғига ҳар қандай бўлмағир одам қўйилмасин.
— Жон жанобининг ҳамма мақсади ҳам шунда. Чунки, биз Азизбек кабилардан халқниғина
эмас, балки, ўзимизни ҳам қийнатдирмоқдамиз.
Тошканд беклиги тўғрисида кўб музокара ва му-солаҳадан кейин Юсуфбек ҳожи ўз яраси
устида тўхталди. Ул биринчи мартаба ўлароқ ўзининг ички касалини ҳозиқ деб Нормуҳаммад
қушбегига очди. Сўзлар экан, юраги машъум бир эҳтимолнинг даҳшатидан титрар, тили ҳам
осонлиқ билан ҳаракатланмас эди. Зеро ўзининг бу ўтинчини қуш учкан сўнг отилмоқчи бўлған
сопқон қабилидан ҳисоблар ва фойдасиз бир илтимос деб чўчир эди.
— Агар маним бу хизматим жон жанобининг марҳаматига лойиқ кўрилур экан, — деди ҳожи,
— менга энг манзур бўлған мукофот — ўғлимнинг озод қили-нишидир. Дунё можаросидан қўл
ювмоқчи бўлған бир отаға кексайган кунларида фарзанд доғини кўрмас-ликнинг ўзи ҳам улуғ
мукофотдир, — деди ва кўзига ёш олди. Бундан қушбеги ҳам насибасиз қолмай му-таассир
Юсуфбек ҳожига тасалло берди:
— Қўрқмангиз ҳожи, — деди, — Марғилон ҳокими ўринсиз қон тўкувчи киши эмасдир.
Қўқонга борғач, биринчи ишим ўғлингизни қутқариш бўлсин, жойсиз қайғуланмангиз, ҳожи.
— Қуллуқ, қушбеги, агар бу хизматни ўз зимман-гизга олур экансиз, устимга катта миннат
қўйған бўласиз... Бироқ мен қўрқаманким, сиз Қўқонға бориб еткунча иш вақтидан ўтсин...
Қушбеги ҳам бу тўғрида ўйлаб қолди ва ҳожининг эҳтимолидан чўчиб, шу соатда бир мактуб
билан Қўқонға чопар юбормоқчи бўлдилар, бу ишнинг мувофиқ кишиси албатта Ҳасанали
бўлғанлиқдан чопар бўлиб белгуланди. Ўн беш кунлардан берига шундай хизматни кутиб ётқан
Ҳасанали отнинг бошини Қўқон томонға қараб қўйди-да, дақиқа ичида кўзларга кўринмас
бўлиб кетди.
Ўткан кунлар (роман). Абдулла Қодирий
Do'stlaringiz bilan baham: |