www.ziyouz.com кутубхонаси
8
Сўнгги сўз қизнинг ўйинига қаратилганмиди, ё ўзигами, билолмадим.
— Тузук, — дедим, яхши дейишдан ўзимни тийиб.
— Чақирайми? — сўради доктор ёш болалардек кўзларини ўйнатиб ва жавобимни
кутмасдан қўшиб қўйди: — Ҳозир тамом бўлсин.
Бир маҳал майдонда қарсак кўтарилди. Мавлон ўрнидан туриб, қизлар давраси томонга бир-
икки қадам қўйди.
— Ойпопук!
— Лаббай?
Ойпопук «ялт» этиб қаради. Унинг ёқимли, қўнғироқ овози бор эди.
Мени кўриб, уялди шекилли бошини сал эгиб салом берди. Унга тикилиб қолдим. Ойпопук
ўрта бўйли, қотмадан келган қиз эди. Қора ипак толасидек ингичка, узун киприклари худди
сурма сургандек кўзларини ажратиб турарди. Гулхан нуридан ялтираб, юзига озгина соя ташлаб
турган қирра бурни остидаги чизиқлар озғинлигини бўрттирар, лекин бу озғинлик унинг ўзига
ярашиб тушган эди.
— Дадангиз уйдамилар? — сўради Мавлон.
— Йўқ, районга кетганлар. Мажлис бор экан, — деди қиз.
— Мана, танишинг, янги агроном, — гапида давом этди Мавлон менга ишора қилиб.
Отимни айтиб, қўлимни узатдим. У ялт этиб менга бир қаради-да, секингина қўлини узатди.
Кичкина қўл муздек эди. Буни ўзи сезди шекилли, дарҳол тортиб олди.
— Тошкентданмисиз?
— Ҳа.
— Мен ҳам. Тошкент иссиқ.
— Сизга ёқмайдими?
Ойпопук нима дейишини билмай, кўзларини жавдиратди.
— Йўқ, ёқади. Лекин бу ер яхши. Сизга ёқдими?
— Ёқди, — дедим ҳозиржавоблик билан.
Нимагадир у қизариб кетди-да, жилмайди. Кейин, кетаверайми, дегандай қилиб Мавлонга
қаради.
— Майли, боринг, — деди Мавлон уни тушуниб. — Биз ҳам кетамиз. Кеч бўлиб қолди.
Ойпопук кетди. Лекин биз ўрнимиздан қимирламадик. Билмайман, нима мени ўзига тортди?
Нима мени бунчалик ҳаяжонга солди? Майдондаги ўйин-кулгига тикилиб ўтирган бўлсам ҳам
ҳеч нимани кўрмасдим. Хаёлим нималар пиландир банд эди. Лекин нима билан? Билмасдим.
Аммо бир нарса аниқ эди. Мен хурсанд эдим, ниҳоятда хурсанд эдим. Мендаги бу ҳаяжонни
ўзича тушуниб, Мавлон уйга қайтаётганимизда:
— Булар нима бўпти! Ҳали шундай томошаларни кўрасанки!.. — деди.
Кулдим, ундан эмас, ўзимча кулдим. Назаримда, мен бу ерга бугун эмас, бир йил олдин
келганману, лекин шу бир Йил ичида кўролмаган нарсаларни бугун кўргандай эдим.
3
Эртасига эрталаб Усмон ака билан учрашдим. У идорада мени кутиб ўтирган экан.
Секретарь қиз олдига бошлаб кирди. Кўришдик. Усмон ака кеча районда узоқ қолиб кетиб,
мени учратолмаганига афсусланиб, кечирим сўради. Мен айб ўзимдалигини, хабардор қилиб
қўймаганлигимни айтдим. Дипломимни олиб таниша бошлади. Рўпарасига ўтприб, унга разм
солдим. Унда қизига ўхшайдиган биронта аломат йўқ эди. Кулча юз, сарғиш қошлари сийрак,
япалоқ гўштдор бурни ғадир юзига ёпишиб кетган. Лекин икки Чаккасидан оқара бошлаган
қалин сочлари уни анча савлатли қилиб турарди.
— Жуда яхши! — деди бир маҳал у ўрнидан туриб. — Худди бизга керак касбни танлаган
Ўлмас Умарбеков. Севгим-севгилим… (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |