63
газета қоғози бозоридаги нарх-наво, танланган сотувчи, қоғознинг нави ва қалинлик
даражаси, газетанинг тиражи билан бевосита боғлиқ бўлади.
Кичик нашрларга қоғоз учун пулни бевосита босмахонага тўлаш қулайроқ. Тўғри,
босмахоналар қоғоз нархига маълум бир устамалар қўйишади. Аммо бу ўринда таҳририят
ўзи учун зарур бўладиган нисбатан оз миқдордаги харид учун сотувчи излашдан, уни
босмахона омборига келтириш ва сақлаш билан боғлиқ ортиқча сарф-харажатлардан
қутилади. Ўртача ёки йирик газеталар таҳририятлари учун эса газета қоғозини мустақил
равишда ва имкон қадар олдиндан харид қилиб қўйиш мақсадга мувофиқ ва
фойдалироқдир.
Босмахона харажатлари ҳам анчагина маблағ талаб этади. Унинг миқдори танланган
босмахонага, босма шакли ва турига, босмахонада газета чоп этиш билан боғлиқ ишлаб
чиқариш жараёни қандай ташкил этилганига боғлиқ бўлади.
Мабодо, матнларни териш, газетани макетлаштириш ва саҳифалаштириш, ниҳоят уни чоп
этиш жараёнларининг барчаси босмахонанинг техник базасида амалга оширилса,
таҳририятнинг харажатлари анча ошиб кетади. Аммо матнларни териш, саҳифалаш ва тайёр
макет ҳолига келтириш ишлари таҳририятнинг ўзида бажарилса, мазкур харажатлар
сезиларли даражада камаяди.
Газетани тарқатиш харажатлари ҳам каттагина маблағни ташкил этиб, у босмахона
харажатларига тенг, баъзи ҳолларда эса ундан ҳам кўпроқ бўлади. Унга газетани бошқа
ОАВларда реклама қилиш, маркетинг олиб бориш харажатлари ҳам қўшилади.
Таҳририят ҳуқуқий мақомдаги ташкилот бўлгани боис унинг давлат олдида маълум бир
солиқ мажбуриятлари ҳам бўлиши табиий. Бу ўринда ҳар ойда тўланадиган солиқлар ва
бошқа мажбурий тўловлар назарда тутилмоқда. Шу ўринда давлат босма нашрлар
таҳририятларига маълум бир имтиёзлар ҳам бераётганини таъкидлаб ўтиш лозим. Хусусан,
нашрни чоп этишдан ҳамда ноширлик ва босмахона фаолиятидан келадиган даромад
қўшимча қиймат солиғидан озод этилган.
Газетани тайёрлаш ва чоп этиш, уни вақтли нашрлар бозорига олиб кириш ва сотиш билан
боғлиқ харажатлар йиғиндиси таҳририят фаолиятини йўлга қўйиш учун зарур бўлган энг
кам миқдордаги маблағ ҳақида тасаввур ҳосил қилади. Бу миқдор таҳририятга турли
манбалардан келаётган даромадлар оқими билан бирдек бўлиши лозим. Аммо таҳририят
молиявий менежментининг вазифаси ана шу даромадларнинг харажатлардан кўп бўлишини
таъминлашдан, фойда олишдан, шунинг натижасида жамоа ишини яхшилаш, нашрнинг
обрўсини ошириш, газета бозоридаги мавқеини мустаҳкамлашдан иборатдир. Бунга
эришиш учун таҳририят даромад ва фойда олиши мумкин бўлган барча манбаларни билиш,
улардан самарали фойдаланиш талаб қилинади.
Даромад ва фойда олиш мумкин бўлган манбалар таҳририят бюджетининг даромадлар
қисмида ўз аксини топади. Бу манбаларнинг айримлари таҳририят ва газетанинг
фаолиятида муҳим аҳамият касб этади. Масалан, унга газетани сотишдан, унинг
саҳифаларида реклама ва хусусий эълонлар чоп этишдан келадиган даромадлар ташкил
қилади ҳамда улар бухгалтерия томонидан бош муҳаррирга ва молиявий менежерга тақдим
этиб бориладиган ҳисоботларда ўз аксини топади. Агар газета бепул тарқатилса ёки реклама
ва эълонлар чоп этмаса, бюджетда мазкур даромад манбалари кўрсатилмайди. Аммо бу
ўринда энди бюджетда бошқа манбалардан, масалан, кредитлар, дотациялар, инвестициялар
кўринишида келадиган даромадлар акс эттирилади.
Аммо айрим газеталар таҳририятлари даромад олишнинг қўшимча манбаларидан ҳам
фойдаланадилар. Бу ноширлик ва тижорат фаолиятидан келадиган даромадлардир. Бу
даромадлар газета бюджетида муҳим ўрин тутмаса-да, унинг молиявий аҳволини
яхшилашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Do'stlaringiz bilan baham: